Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга давлат ташрифи давомида 48та келишув ва шартномалар имзоланади.
Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумот берди. Эслатиб ўтамиз, ташриф 17-20 декабрь кунларига белгиланган.
Бугун, 16 декабрь куни Токио шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Япония бизнес форумида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Хусусан, идоралараро даражада Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигининг Савдо сиёсати бюроси ўртасида иқтисодий ва саноат ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Шунингдек, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Япония иқтисодиёт ва энергетика институти ўртасида ўзаро муносабатлар йўлга қўйилади – Иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури ва Ўзбекистон тараққиётининг бош режаси биргаликда ишлаб чиқилади.
Навоий вилоятида Япония нефт, газ ва металлар миллий корпорацияси (JOGMEC) иштирокида геологик изланишлар олиб борилади, Япония тиббий ускуналар соҳасида ташқи техник ёрдам кўрсатиш ташкилоти (ОМЕТА) эса Тошкентда Япония-Ўзбекистон тиббиёт ахборот марказини ташкил этишни режа қилмоқда.
Япониянинг Isuzu Motors ва Itochu Corporation компанияларининг «Ўзавтосаноат» АЖ билан ҳамкорлиги орқали автомобилсозлик соҳасига йирик инвестициялар жалб қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон тижорат банклари MUFG Bank ва Sumitomo Mitsui Banking билан кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун инвестицияларни жалб қилиш бўйича қатор ҳужжатларни имзоладилар.
Маълумот учун, форумда Ўзбекистон томонидан вазирлик-идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари, Япония томонидан эса ишбилармон доиралар вакиллари – йирик холдинглар, молиявий ташкилотлар ва кўп тармоқли саноат корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда Япония Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Т.Асо, Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO), Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги, Япония бизнес федерацияси (KEYDANREN) раҳбарлари ҳам қатнашди.
Умуман олганда, тадбир Япониянинг 500дан ортиқ компания ва ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтди.