Кўк-қорага бўялаётган А Серия. Орзусидаги мураббийни топган янги «Интер» ҳақида

Спорт 10:11 / 04.09.2019 15662

Миланнинг «Интер» клуби жорий мавсумни жуда яхши бошлади. Антонио Конте мураббийлигидаги кўк-қоралар ёзда амалга оширилган трансферлар самарасини майдонда кўрсатишмоқда. Сўнгги вақтларда «Интер» деганда кўпчиликнинг кўз олдига Икарди ёки Ванда Нара  келаётганди, ҳозир эса мухлислар Конте тузаётган жамоанинг чиройли ўйин кўрсатаётгани ҳақида баралла гапиришмоқда.

«Интер» мавсумни шунчалик яхши бошладики, Икарди «ПСЖ»га ўтганини кўпчилик сезмай ҳам қолди. Конте узоқ йиллардан буён юқори даражада ўйнашга қийналаётган «Интер»ни қандай қилиб кучайтира олди? Ёки бу вақтинчалик ҳолатми?

«Интер» чинакам кучли мураббийни қўлга киритди

«Интер»ни сўнгги йилларда кимлар бошқарганига эътибор беринг: Вальтер Мадзарри, Роберто Манчини, Франк де Бур, Стефано Векки, Стефано Пиоли ва Лучано Спаллетти. Уларнинг барчаси кучли мураббийлар, аммо улар фаолиятининг чўққисида «Интер»га келишмади. Ҳар қанча ғалати бўлса-да, мураббийларда ҳам футболчиларда бўлгани каби қандай формада экани муҳим. Ана шу жиҳатдан Конте айни дамда яхши «спорт формасида» дейиш мумкин.

Италияда қадр топиб, «Ювентус»ни енгилмас жамоага айлантириб кетган мураббий Англияга бориб биринчи уринишдаёқ Премьер-Лигани ютиб, кучли мураббий эканини исботлади. «Челси»дан кетишидан аввал ҳам Конте Англия Кубогида ғолиб бўлди. Англияда очиқчасига унинг қадрига етишмади ва Конте Италияга қайсидир маънода футболни соғиниб қайтди. Футболга чанқоқ мураббийнинг ғалабаларга, совринларга чанқоқ жамоани қабул қилиб олиши эса «Интер»нинг шижоатини янада оширди.

Бугун «Интер»да одамларга ниманидир исботлашни хоҳлаётганлар йиғилган десак, хато бўлмайди. Конте ҳамон Италия футболида тенгсиз мураббий эканини, Лукаку фақат ўртамиёналарга гол урадиган ҳужумчи эмаслигини, Санчес инстаграмга итлари билан тушган суратларини жойлашдан бошқа ишларни ҳам қила олишини, Лаутаро Мартинес Аргентинада Мессидан бошқа ҳужумчилар ҳам борлигини, Годин ҳали «нафақага чиқмагани»ни исботлашни хоҳлайди. «Интер» эса ҳамон катта клуб эканини кўрсатишни мақсад қилган. Бундай катта мотивацияси бор жамоа йўлида учраган барча жамоаларни енгишга қодир.

Ақлли трансферлар

Контени кўпчилик қўпол мураббий деб билади, аммо аслида бундай эмас. Агар Конте футболчилар билан муомала қилишни билмаганида, бугунги таркиб билан солиштирганда анча камтар бўлган «Ювентус»ни А Серияда енгилмас жамоага айлантира олмаган бўларди. Лукаку ва Санчеслар «МЮ»дек клубни ташлаб айнан Конте учун «Интер»га келишди. Эсингизда бўлса, Антонио «МЮ»ни бошқаришни хоҳлашини яширмаганди. Балки шу учундир бу икки футболчини ўзининг янги жамоасига олиб келгандир. Лукаку 65 миллион евро эвазига трансфер қилинди, Санчес эса ҳозирча ижарага олинган.

Лукаку жамоанинг асосий ҳужумчиси экани дастлабки икки ўйинда кўринди. Бельгиялик футболчи А Сериянинг дастлабки икки турида иккита гол урди. «Интер»нинг янги пенальтичиси ҳам айнан Лукаку. У сўнгги вақтларда фақат можаролари билан ёдда қолган Мауро Икардининг ўрнини эгаллади. Дарвоқе, 9-рақам ҳам эндиликда Лукакуга тегишли.

Санчес эса «Интер»нинг «ўнлик» позицияси учун жуда муносиб номзод. Конте «Интер»да ўзи севган 3-5-2 схемасида ўйнамоқда ва ҳужумнинг олдинги қисмида Лукаку ҳамда Лаутаро Мартинес жой олади. Санчес эса айнан ҳужумчи ортида ҳаракат қилиши кўриниб турибди. Алексис бу ишни «Барселона»да яхши уддалагани эсингизда бўлса керак. «Интер»да Снейдердан кейин ўнлик позициясида ёрқин ўйин кўрсатган футболчини эслаш қийин. Айнан Снейдер даврида (у вақтларни «Моуриньо даври» деб аташ тўғрироқ) «Интер» олтин требль қайд этганди.

Ҳимояда ҳам Конте яхши футболчиларни жалб қилди. Годин ҳозирча жароҳатини даволамоқда, аммо уругвайлик тажрибали футболчи сафга қайтса, бундай етакчилик хусусиятига эга футболчининг жамоага кўп фойдаси тегади. «Интер» ҳимоя чизиғига, масалан Кристиан Бираги каби яхши футболчини ҳам олиб келди. «Фиорентина»даги ўйинлари сабаб Италия миллий жамоасига чақирилган Бираги «Интер» ҳимоясида яхшигина рақобатни ҳосил қилади.

«Интер» яримҳимоя чизиғига ҳам яхши футболчиларни тўплади. Николо Барелла, Стефано Сенси, Валентино Лазаро каби футболчиларнинг трансфер қилиниши «Интер» захирасини ҳам кучайтираётганидан далолат беради. Демак, Конте Чемпионлар лигасида ҳам жамоа олдига жиддий мақсад қўйган.

Биласизми, «Интер» Контега Чемпионлар Лигасида максимал яхши қатнашиши учун энг яхши имконият. Чунки, Конте «Ювентус»ни бошқарган вақтида биринчи навбатда А Серияда ғолиб чиқишга мажбур эди, чунки Туринда асосий вазифа шу бўлган. «Челси»да эса АПЛ ғолиблиги бирламчи эди. «Интер»да Конте Италия чемпиони бўлмаса, уни ҳеч ким сўкмайди ва мураббий ички чемпионатда ўзини максимал даражада эркин ҳис қилиши мумкин. Бу Чемпионлар Лигасида ҳам яхшироқ қатнашиш имконини беради.

Чемпионатда ғолибликнинг сув ва ҳаводек зарур эмаслиги «Интер»га чемпионлик пойгасида устунлик бериши ҳам мумкин. Чунки ҳозирда «Ювентус»ни ҳали ҳеч қачон скудеттони ютмаган ва ҳимояни ёқтирмайдиган Сарри бошқармоқда. Уни итальянча стратег сифатида эмас, чиройли футбол ўйнаш тарафдори сифатида билишади. Конте эса Италиянинг классик совуққон мураббийларидан. Юқорида айтганимиздек, Контеда ҳозир деярли ҳеч қандай босим йўқ, Саррида эса аксинча. 7 йилдан буён скудеттони ҳеч кимга бермаётган «Юве» Роналду ва де Лигтлар билан чемпионликни топшириб қўйса, Саррининг юмшоқ қилиб айтганда, Туринда бош кўтариб юриши қийин бўлиб қолади. Асосий рақибнинг бундай ҳолатдалигидан хато қилишни хушламайдиган Конте фойдаланиб кетишини кутиш мумкин. Контенинг қайтиши ортидан охирги йилларда оқ-қорага бўялган А Серия эндиликда кўк-қорага бўялиши ҳеч гап эмас...

Ўткир Жалолхонов

Кўпроқ янгиликлар