Ноҳақлик қурбони бўлган солиқ ходими судда оқланди. Унинг фаолиятини давом эттириш истагига ДСҚ нима дейди?

Жамият 16:40 / 25.08.2019 33070

Бухоролик Муродилла Қуллиев узоқ йиллар солиқ тизимида фаолият олиб борган. Хусусан, давлат солиқ қўмитасининг бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси Бухоро вилоят бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

Албатта, ҳаёт йўли бир текис эмас. Ўзига яраша паст-у баланди, синовлари бор. Бу Муродилла Қуллиевни ҳам четлаб ўтмади. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2013 йил 20 ноябрдаги ҳукми билан у Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси 3-қисми «в» банди ва 168-моддаси 2-қисми «б» банди билан айбли деб топилиб, уч йил мансабдорлик, моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарори 7-бандининг «а» кичик банди татбиқ этилиб, ўталмай қолган жазо муддати учдан бир қисмига қисқартирилган.

Хўш, Муродилла Қуллиев Жиноят кодексининг ушбу моддаларида кўрсатилган жиноятларни ҳақиқатан ҳам содир қилганми, аслида нима бўлган?

Бу саволларга орадан йиллар ўтиб жавоб топилди. Муродилла Қуллиев ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди.

2019 йилнинг 27 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида кўрилган ишда М.Қуллиев тўлиқ оқланди. Иш ҳужжатлари ва кассация шикоятида келтирилган важларни батафсил ўрганиб чиққан суд уни реабилитация қилишни лозим, деб топди.

Хусусан, жиноят ишида тўпланган далиллар таҳлил қилинганида ҳукмда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатига тўғри келмаслиги, йиғилган далиллар ишончсизлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2013 йил 20 ноябрдаги Қуллиев Муродилло Мухторовични ЖКнинг қатор моддалари билан айбли деб топиш ҳақидаги ҳукмини бекор қилиш бўйича ажрим чиқарган.

Суд ажримидаги тафсилотлар билан танишар эканмиз, солиқ тизимида узоқ йил меҳнат қилган бу инсонга кўплаб ноҳақликлар, туҳматлар қилинганига, айбни зўрлик билан юклаш ҳолатлари рўй берганига гувоҳи бўлдик.

Ушбу ҳолат бўйича жабрланувчи билан ҳам суҳбатлашдик.

«Аввало адолат қарор топиб, ҳақиқат юзага чиққанидан хурсандман. Тўғриси, кўп ноҳақликлар, туҳматлар бўлди. Исботсиз айбларни юклашди ўша вақтда. Ўзимдан ўтгани ўзимга аён, жиноят қилмай жиноятчига айландим. Бу кунларга эришиш ҳам осон бўлгани йўқ. Адолат қарор топиши учун икки-уч йил ҳаракат қилдик. Ниҳоят, аслида ҳаммаси туҳмат бўлгани исботланди. Албатта, ўтган вақтни ортга қайтариб бўлмайди, аммо менга ишонч билдирилса, ҳали ҳам солиқ тизимида ишлашга тайёрман», — дейди Муродилло Қуллиев.

Муҳими, бир инсонга қилинган ноҳақлик ўз исботини топиб, ҳақиқат юзага чиқди. Айбсиз бўлиб ишидан айрилган, бугунги кунда оқланиб, яна солиқ тизимида ишлашни ният қилган тажрибали собиқ ходимининг истагига Солиқ қўмитаси нима дер экан?..

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар