«Ўзмиллийбанк» фаолияти бўйича пресс-тур: ишлаб чиқаришдан хизмат кўрсатиш марказларигача

Жамият 18:33 / 19.08.2019 3567

Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки нафақат республикада молия-банк тизимини юритиш, балки тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолига қулай турмуш шароитини яратиш борасида ҳам салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Банкнинг бу борадаги ишлари хусусида ОАВ ходимлари учун ташкиллаштирилган пресс-тур давомида батафсил маълумот берилди.

Банк томонидан ажратилаётган пул маблағлари тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилаётган Зангиота туманида жойлашган «GOLDEN STYLE CERAMICS» МЧЖ мисолида таништирилди.

2016 йилда ўз фаолиятини бошлаган «GOLDEN STYLE CERAMICS» корхонаси сантехника жиҳозларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Италиядан олиб келинган технологик ускуналар асосида юқори сифатли маҳсулотлар билан ички бозорни таъминламоқда.

«Ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичини йўлга қўйганмиз. Ҳозирда корхонамиз томонидан 10 турдаги раковина, 4 турдаги унитаз, чашогенлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистон Миллий банки Мирзо Улуғбек филиали томонидан ажратилган 695 минг АҚШ доллари маблағи асосида ишлаб чиқишнинг иккинчи босқичига ўтиш режалаштирилган. Яъни бунда Хитойнинг YIWU GUANXIAOIMP AND EXP Co. Ltd корхонаси билан шартнома қилиниб, 5 та янги жамланмада асбоб-ускуналар олиб келинади. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ортади, ҳозирда йилига 60 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилаётган бўлса, бу қувват 120 мингга етказилади. Мавжуд 25 нафар иш ўрни 60 тагача ошиши кутилмоқда», – дейди корхона раҳбари Нурилло Маҳмудов.

Корхона раҳбарининг қўшимча қилишича, банк маблағлари асосида йўлга қўйиладиган иккинчи босқичда керакли хомашёни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда ташқи бозорга ҳам чиқиш режалаштирилган.

Пресс-тур давомида ТИФ миллий банк томонидан аҳолига қулайлик яратиш, банк хизматларидан фойдаланишни осонлаштириш мақсадида йўлга қўйилган хизмат кўрсатиш марказлари билан таништирилди.

Тошкент шаҳрида жами 6 та хизмат кўрсатиш марказлари очилган бўлиб, шулардан бири Чилонзор туманида жойлашган «Саёҳат» маркази 35 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатиш қувватига эга.

Марказ томонидан валюта айирбошлаш, халқаро пул ўтказмалари, юридик мижозларга хизмат кўрсатиш, пластик карточкалар эмиссияси ва терминаллар ажратиш, коммунал тўловларни қабул қилиш, хорижий валюта учун пластик карта очиш, жисмоний шахсларга конверсион хизматларни тақдим этиш, аҳолини нақд пул билан таъминлаш каби хизматлар кўрсатилади.

Марказ бошқарувчиси ўринбосари Мирзоҳид Обидовнинг маълумот беришича, «Саёҳат» маркази Катта Чилонзор, Қатортол, Шуҳрат кўчаларида истиқомат қилувчи аҳолига сифатли банк хизматларини тақдим этишни мақсад қилган. Ҳозирда бир кунда 70 нафаргача мижозга турли кўринишда хизмат кўрсатилади.

ТИФ миллий банк ўз йўналишида ҳам етакчиликни сақлаб келмоқда. Банк матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаеванинг маълумот беришича, 2019 йилнинг дастлабки 7 ойида банк томонидан 59,5 трлн сўм миқдоридаги пул маблағлари ажратилган. Бу бутун республика бўйича тақдим этилаётган пул маблағларининг 1/3 қисмини ташкил этади. Миллий банк республика банк тизимидаги барча мажбуриятларнинг 29 фоизини  (67 трлн 700 млрд сўм) бажариб келмоқда.

ТИФ миллий банк 90 та филал, 41 та мини банк, 121 та валюта айирбошлаш шохобчалари, жойлардаги 130 та банкомат, 332 та маълумот киосклари орқали аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Қулайлик яратиш мақсадида колл-центр ва мобил алоқа орқали масофавий хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган.

Саодат Абдураҳмонова

Кўпроқ янгиликлар