Баҳор. Аллергия мавсуми яқинлашмоқда, ундан қандай сақланиш мумкин?

Lifestyle 16:40 / 04.03.2019 38066

Kun.uz ўзининг «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси орқали бугунги кунда кўп учрайдиган касалликлар ҳақида фойдали ва керакли маълумотлар бериб ўтишда давом этади. Қишнинг совуқ кунлари ниҳоялаб ўлкамизга фасллар келинчаги — баҳор кириб келмоқда. Табиийки, илк баҳор кунлари инсон организмига таъсир қилади. Моддалар алмашинуви кучаяди. Айниқса, март ойи бошланиши билан аллергик касалликлар авж олади. Хўш, аллергиядан қандай сақланиш мумкин? Тажрибали шифокор билан биргаликда аллергиянинг олдини олиш ва ундан қутулиш бўйича фойдали маълумотлар бериб ўтамиз.

Шифокор Моҳира Холмирзаева билан айни шу мавзуда суҳбат қурдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Аллергия нима?

Ўлкамизга баҳор кириб келмоқда. Шу муносабат билан одам организмида ҳам ҳар хил ўзгаришлар рўй беради. Ташқи омиллар таъсири кучаяди. Бу омиллар натижасида юзага келадиган ҳар хил ўзгаришлар аллергик ҳолатларнинг юзага келиши ва сурункали касалликларнинг авж олиш даври бошланади. Аллергия — организмга таъсир қиладиган ёки тана билан алоқада бўлган, масалан, ҳайвонларнинг жуни, чанг ёки ари заҳри каби моддаларга иммун тизимининг жавобидир. Аллергик реакцияни келтириб чиқарадиган модда «аллерген» деб аталади. Аллерген озиқ-овқат, ичимликлар ва атроф-муҳитда мавжуд. Кўпгина аллергенлар зарарсиздир, яъни кўпчиликда бу моддалар аллергия чақирмайди.

Аллергия белгилари ва аломатлари

Агар аллергик инсон аллерген билан тўқнашганда, аллергик реакция дарҳол юзага келмайди. Иммун тизими аста-секин моддага нисбатан сезгирликни оширади. Вақт ўтиб, тана ўзига хос юқори сезгирликка эга бўлади — бу жараён сенсибилизация деб аталади. Сенсибилизация бир неча кундан бир неча йилгача давом этиши мумкин. Кўпгина ҳолатларда сезувчанлик жараёни охиригача якунланмайди ва беморда баъзи аломатлар юз беради, аммо тўлиқ аллергик реакция кузатилмайди.

Иммун тизими аллергенга таъсир қилганда, яллиғланиш ва қўзғалиш хусусияти пайдо бўлади. Белгилар ва аломатлар аллерген турига боғлиқ. Аллергик реакциялар ичакда (овқат ҳазм қилиш тизими), терида, синусларда, ҳаво йўлларида, кўзлар ва бурун йўлларида пайдо бўлиши мумкин.

Фото: Shutterstock

Чанг ва чангчига аллергия симптомлари қуйидаги белгиларга эга:

• Бурун битиши;

• Кўзларнинг қичиши;

• Бурундаги қичишиш;

• Ринит;

• Кўзларнинг шишиши;

• Кўзларнинг ёшланиши;

• Йўталиш.

Теридаги аллергия симптомлари:

• Тери пўст ташлаши;

• Қичишиш;

• Тери қуруқлашиши;

• Терида қизғиш тошмалар тошиши.

Аллергия ривожланиши сабаблари

Инсон иммунитети аллергенга патоген (ташқи зарарли моддалар) деб жавоб беради ва уни бегона бактерия, вирус, қўзиқорин ёки токсин каби йўқ қилишга ҳаракат қилади. Бироқ аллерген зарарли эмас. Шунчаки иммун тизими бу моддага жуда сезгир бўлиб қолган.

Аллергия билан оғриган одам аллергия аломатларида аллергенни айблайди — дўстининг уй ҳайвони, ўсимлик чанги ёки чангни. Бироқ улар нотўғри фикрлашади. Муаммо аллергенда эмас, балки аллергик одамнинг иммун тизимидадир. Бундан ташқари дарахтларнинг гуллаши, ҳавонинг ифлосланиши, транспорт воситасидан чиқадиган зарарли тутунлар, оқибатида ҳам одам организмида ҳам ҳар хил аллергик ҳолатлар кузатилади.

Аллергия ривожланиши учун хавф омиллари

Тиббиётда хавф омиллари деб касаллик ёки бемор ҳолатини ёмонлаштирадиган омиллар тушунилади. Бу хавф одамнинг қилган нарсасидан келиб чиқиши мумкин. Мисол учун, чекиш ўпка касаллиги учун хавф омилидир.

Қуйида аллергиялар билан боғлиқ хавф омилларининг айримлари келтирилган:

• Оилада аллергияга дучор бўладиган инсон бўлиши — агар яқин қариндошингиз аллергик бўлса, аллергия ривожланиши сизда ҳам кузатилиш эҳтимоли мавжуд.

• Болаларда аллергия катталарга қараганда кўпроқ. Ижобий тарафи шундаки, кўп болалар улғайиши сари аллергияни йўқотишади.

• Астма борлиги — астма бўлган одамларда аллергия ривожланиши эҳтимоли кўпроқ;

• Қуёш нурининг этарлича таъсир этмаслиги —қуёш нурлари кам бўлган ҳудудларда яшовчи болаларнинг аллергия ривожланиш кўрсаткичлари юқори эканлигини аниқланган.

Аллергияни ташхислаш

Аллергияни аниқлашнинг бир неча йўли бор. Шифокор беморга аллергиянинг келиб чиқиши, қачон пайдо бўлиши, аллергия симптомлари ҳақида саволлар беради. Бундан ташқари, оиланинг бошқа аъзоларида аллергия борми, деб сўралади.

Аллергиялар учун қатор тестлар мавжуд. Қуйида баъзи мисоллар келтирилган:

Қон таҳлили— иммунитет тизими томонидан чиқарилган ИгE антитаналари даражасини ўлчайди. Ушбу синов баъзида радиоаллергерсорбент тести (РАСТ) деб ҳам аталади.

Терини тилиш тести ҳам турли антибиотикларни қабул қилишдан олдин тест сифатида танилган. Терини шприцнинг учи билан тирналади ва бу жойга бироз камроқ аллерген қўлланилади. Агар тери реакцияси бўлса — қичишиш, қизариш ва шишиш аллергия мавжудлигини билдириши мумкин.

Патч тести — дерматит бўлган беморларда (экзема) қўлланилади. Белга шубҳа қилинаётган аллерген керакли миқдорда махсус металл дискларга қўйилиб бириктирилади. Шифокор 48 соатдан кейин терининг реакциясини текширади.

Аллергияни даволаш усуллари

Аллергиялар учун энг самарали даволаш аллерген таъсирига йўл қўймасликдир. Бироқ, баъзида аллергендан тўла қутулиш мумкин эмас. Беморларни уларнинг аллергенларини қандай тўғри аниқлашни билиш учун ҳам ўқитиш муҳимдир. Аллергияни даволашни турли усулларда даволаш мумкин. Халқ табобати орқали ёки турли дори воситалари орқали даволаш мумкин. Мен шифокор сифатида шуни маслаҳат берардимки, ҳар бир инсон ўз организмида кечадиган фаолиятни, ҳодисаларни ўзи кузатиб, уни назорат қилиб бориши керак. Ўзида шу аллергик ҳолатларни билган инсон бу омиллардан ўзини ҳимоя қилиш керак. Масалан, қуёш нури ўткир бўлганда қуёшдан ҳимояланувчи кремлардан фойдаланиш ёки қуёшни қайтарувчи кўзойнакларни тақиш ҳамда ҳавоси ифлосланган жойларда юрмасликни тавсия қилган бўлардим. Яна шуни таъкидлаган бўлардимки, инсон витаминга бой озиқ-овқатларни кўпроқ истемол қилиши керак. Бу эса организмнинг иммун тизимини яхшилаб, касалликка чалинишни олдини олади. Энг яхши даво тўғри овқатланиш ва спорт билан шуғулланишдир. Бундан ташқари инсон ўзида аллергия аломатларини ҳис қилса албатта шифокор кўригидан ўтиш керак.

Аллергик касалликлар ва бошқа касалликларнинг бир-биридан фарқи қандай?

Инсонда шамоллаш ҳолатида ёки аллергик касалликлар авж олганда белгилар бир-бирига ўхшайди. Бунда аҳоли кўпинча ажрата олмайди. Унда аллергик ҳолат кетяптими ёки грипп вирусими? Бунда албатта шифокор кўригига бориш керак. Шифокор ундан сўраб, бу касалликми ёки аллергия аниқлаб беради. Грипп белгилари ва аллергия белгиларини таққослаб, шунга кўра ташхис қўйилиб даволанади. Асосий фарқловчи белгиларидан бири аллергик ҳолатларда тана ҳарорати кўтарилмайди.

Кўпроқ янгиликлар