Адашганлар. Террорчилар қўлидан қочган аёллар ҳикояси

Жаҳон 13:25 / 17.02.2019 77903

Буюк ислом дини номини булғаб ўзига «Ислом давлати» деб ном қўйиб олган ИШИД террорчилик ташкилоти борган сари ҳалокатга яқинлашмоқда. Бу «давлат» ҳеч кимга бўйсунмаслигини эълон қилганида, исломнинг мазмунини тушунмайдиган минглаб одамлар унинг чиркин ғояларини қўллаб-қувватлаш учун Ироқ ва Шом (Сурия) томон йўл олишди. Бироқ бу бадкирдорлар ҳалокатга яқинлашгани сайин кўплаб алданганлар у ердан қочиш пайига тушдилар.

«The Insider» нашри террорчилар макон тутган ҳудудлардан қочган икки россиялик аёл билан суҳбат қурди. Загидат ва Залина исмли бу аёллар бошларидан ўтказган оғир дамлар ҳақида ҳикоя қилишади. 3,5 йил давомида жангарилар ичида яшаган бу аёллар 2017 йилда уларнинг чангалидан қочиб қутулишган. Ўша вақтлар Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кўплаб аёллар ва болаларни террорчилардан қутқарганди. Хусусан, 21 нафар аёл ва 73 нафар бола махсус операциялар давомида ватанига қайтарилган. Лекин кейинчалик бу амалиёт негадир тўхтаб қолди. Загидат ва Залина «The Insider» нашрига террорчилар қўлига қандай тушиб қолганликлари, у ерга қандай борганликлари ва у ердан қандай қочганликлари ҳақида ҳикоя қилишган. Агар сабр билан ўқисангиз, у ерларда инсон қанчалик ноинсоний ҳаёт кечиришини, инсонийлиги тирик ҳар қандай одам бу ерлардан фақат қочиш ҳақида ўйлашини тушунасиз.

1-қисм. «Жаҳаннамга йўл»
Загидатнинг ҳикояси. Доғистон

Фото: The Insider

2012 йил охирида турмушга чиқдим. Тўйдан кўп ўтмай Туркияга кетдик. Мен ёшлигимда «Доғистон рамзлари» ансамблида рақсга тушардим. Онам мени мусиқа мактабига берганди, у ерда пианино чалишни ўргандим. Мактабни битириб университетга ҳужжат топширдим. Болалар руҳшунослиги бўйича ўқидим.

Туркия

Эрим умуман уруш қиладиган одам эмасди. У Истанбулда такси ҳайдарди. Бу шаҳарда 6 ой яшадик. Кейин... Кейин у мени Сурияга олиб кетди. Бизни Абу Бакр деган араб Газиантепдаги чегарагача олиб борди. У ер чегарага ҳам ўхшамасди. Ҳаммаёқ очиқ, одамлар бемалол ўтиб кетаверишади. Юзлаб одамлар чегарани эрта-ю кеч босиб ўтишади. Сурияга кетаётганлар орасида ҳар қандай миллатдагилар топилади: москвалик руслар, америкалик қора танлилар, французлар, индонезияликлар.

Мен бемалол ўтиб кетганимиздан бу давлатни келишиб ташкил қилишган деб ўйладим. Йўқса, нега ўртада ҳеч қандай чегара йўқ? Биров сенга қаерга кетяпсан, демайди. Чегарадаги баланд минорадаги турк аскарлари худди одамларни пайқамаётгандек туришади. У ердан одамлар чиқиб келаётганда эса, уларга қарата ўқ узишади. Ҳатто болаларни ҳам отишади. Худди ўша ИШИДдан ҳеч ким чиқмаслиги керакдек. Биз ўзимизни тузоққа тушиб қолгандек ҳис қилдик.

Аввалига эрим ва болаларим билан Раққадаги ҳашаматли квартирага жойлашдик. Бу аввал бирор бой одамнинг уйи бўлган. Бошида фақат болаларимни қучоқлаб йиғлардим. Кечаси билан тепамиздан самолёт ўтади, бомбалар тушади. Ҳаётим фақат қўрқувдан иборат бўлиб қолди. Бир куни сабрим тугади ва эримга «Бу ерда ёлғиз юрган аёллар кўп экан. Хоҳлайсанми, сенга иккинчи хотин топаман, мени эса болалар билан уйга юборасан», дедим. Бу гапни айтаётиб шунчалик қўрқдимки...

Бир куни эрим менинг таклифимга розилигини айтди. Бу гапни айтганида хурсандлигимдан юрагим ёрилай деди. Эрим такси чақирди ва унга 60 доллар берди. Эрим ва болалар билан таксида Ироқ томонга 7 соат йўл юрдик. У мени танишининг уйига олиб бориб қўйди ва ўзи ортга қайтиб кетди. Қайтишида эса у бўлган машина устига бомба тушган. Эрим билан яна бир доғистонлик бор эди. У тирик қолган. Ўша доғистонликнинг хотини менга бўлган воқеа ҳақида ёзди.

Ироқда мен уфалик қизлар билан танишдим. Улар эрим ўлганини эшитгач, «бу қочиш учун яхши имконият»лигини айтишди. Улар олти марта қочишга уринган, лекин ҳар сафар эрлари бунга йўл қўймаган экан. Бир куни маҳаллий араб аёл билан танишиб қолдик. Бошида у билан гаплашишга қўрқдик. У ИШИДни ёмонлаганидан кейин қочишга ёрдам беришини ўтиниб сўрадик.

Унинг эри бизни пул эвазига чегарага олиб боришини айтди. Бироқ бизда улар сўраган 2 минг доллар пул қаёқда дейсиз? Менда бир чақа ҳам йўқ эди. Тирикчилик учун тақинчоқларимни ҳам сотиб бўлгандим. У ерда уфалик Виктория деган қиз бор эди. У уйини сотганини эшитдик. Кейин Викториядан уч киши 2 минг доллардан қарз олдик.

Маданит исмли маҳаллий эркак мени мотоциклида олиб кетди. Ўзим билан икки ўғлимни олдим. Қизлар эса орқадан бошқа оила билан машинада келишарди. Маданит йўлда сўраб қолишса, исмим Умма-Иброҳим эканини, унинг хотини эканимни айтишимни уқтирди. Оёғимга қочиш осон бўлиши учун «секонд ҳэнд»дан (кийилган либослар сотиладиган дўкон) спортча оёқ кийим олгандим. У менга араблар бунақа нарса киймаслигини, арабларга ўхшаб қора тапочка кийиб олишим кераклигини айтди.

Ўғлим Муҳаммадни ҳам арабча кийинтириб олдик. У менинг ўз болам эмасди. Муҳаммаднинг ота-онаси 9 ёшида ҳалок бўлишган ва у мен билан қолган. Уни мендан олиб кетмоқчи ва боламдан ана унақа (яъни террорчи) тайёрламоқчи бўлишганди. Йўлга чиққанимиздан кейин ҳам хурсанд бўлдим, ҳам қўрқдим. Бир томондан, уйга кетаётганимни ўйласам, бошқа томондан йўлда тутиб олишса нима қиламан деб қўрқардим. Бизни олиб кетаётган йигитга «Менга тегмайсан-а?», деб сўрадим. У эса «Худо ҳаққи, қўлимни ҳам теккизмайман», деди.

У мени онасининг уйига олиб борди. У ерда кулдонни кўриб эркаклар бор деб қўрқиб кетдим. Қизларим орқадаги машинадан келишлари керак эди. Улар ҳадеганда келаверишмагач, юрагимга ғулғула тушди. Кейин билсам, ҳали эмизикли бўлган кичкинам оч қолиб безовта бўлибди. Тинчланавермагач унга йўлдан эмизиб берадиган аёл топишибди. Такси кечаси соат 12да келди. Болаларимни кўрганимда қайтадан туғилгандек бўлдим. Ўшанда сездимки, одам учун ҳаётда боласидан азизроқ ҳеч нима йўқ экан.

Эртасига бизни курдлар яшайдиган Ироқ чегарасига олиб боришди. У ерда иккита лагер бор эди, лекин биз курд қамоқхонасига тушиб қолдик...

Залинанинг ҳикояси. Доғистон

Фото: The Insider

Эрим 2012 йил террорчи сифатида антитеррор операцияси давомида йўқ қилинган. 2012 йил Доғистонда уруш борарди. Террорчиларни ушлаш бўйича рейдлар ўтказилди. Мени ҳам ушлаб кетишди ва икки йил Осетиядаги қамоқхонада ўтирдим. Озодликка чиққач, яқинларим Туркияга боришни тавсия қилишди. 5 кун ичида ўзим ва болаларимга хорижий паспорт тайёрлатдик ва 2014 йил 11 май куни Туркияга кетдим.

Туркияда барча «Ислом халифати эълон қилингани» ҳақида бонг урарди. Одамларнинг Сурияга оқиб кетаётганини кўрсангиз эди. Ёшлар, болалар, қариялар, оилалар. У ерга кетаётганлар «Мусулмонлар шариат асосида яшаши керак, сиз эса бу ерларда шариатсиз яшаб юрибсизлар», деб айтишарди. Бу гаплардан виждоним қийналар ва ўзимни Худонинг олдида гуноҳкор деб ҳисоблай бошладим. Шундай кунларнинг бирида тўрт болам билан кетишга қарор қилдим. Бизга икки кун кутасизлар, тайёрланинглар дейишди ва Газиантепгача борадиган автобус учун чипта беришди.

ИШИДнинг Туркиядаги одамлари барчасини ташкил қилишлари, улар бизга овқат беришлари, кийим-кечак билан таъминлашлари керак эди. Лекин бизга фақат автобус чипталаринигина беришди. Кетаётганда ҳаммаси шунчалик чиройли кўринадики, у ерга бормасликнинг иложи йўқ деб ўйлайди одам. Машиналар бизни саҳрога олиб борди. У ерда эса люкс микроавтобуслар, қуролланган одамлар бизни кутиб олишди. Шунда манзилга етганимизни англадим.

Болалар билан Табку деган жойдаги квартирага жойлашдик. Уй эгаси ҳам доғистонлик аёл эди. Биринчи кунлар самолётлар, бомбалар овозидан ухлай олмадим. Кўп ўтмай албаниялик одамга эрга тегдим. У ерда эркаклар аёллар ичидан бирданига 3-4 аёлни олиб кетар, аёлларнинг устидан кулишарди. Бир куни туғаётган аёлга ёрдам бердим ва буни кўрган бошқа аёллар ҳам мени туғиш олдидан чақира бошлашди.

Бизга арабчани ўргатишмасди, лекин ҳамма ерда арабча гапиришарди. Уйларда телевизор йўқ, антенналарни ташлаб юборишган. Кўчалардаги катта экранларда ўзлари ишлаган киноларни айлантириб қўйишади. Бутун дунё ИШИД улар учун даҳшат эканини айтади, лекин уларнинг қанчалик даҳшат эканини биз ўз танамизда ҳис қилганмиз. У ерда фақат араблар ва америкаликлар яхши яшайди. Қолганларнинг ҳар қадами назорат қилинарди. Маҳаллий аҳоли хоҳлаган ерига, ҳатто Туркияга бемалол бориб келиши мумкин, лекин бизни автомат билан бошқаришарди.

Баъзан янги борган йигитларни тўплашади-да уларни жангга олиб кетаётганликларини айтишади. Кейин уларни очиқ майдонда самолётдан ўққа тутиб қириб ташлашади. У ерда бир қиз билан танишиб қолдим. Унинг эри «Сабр» батальонида амир эди. Қизнинг эри доим урушда бўлар ва уйига кам келарди. Самолётлар тепадан бомба ташлаганда қўрқиб кетган қиз менинг олдимга келарди. Бомба тушган вақтда қочадиган ер тополмай қолардик. Пастга тушсак, снарядларни кўриб баттар қўрқувга тушардик.

Бир куни у қизга блиндаж (бомбадан яширинадиган пана жой) ясашни таклиф қилдим. Бунинг учун 700 доллар атрофида пул кетарди. У таклифимни эрига айтганида эса шундай жавоб олибди: «Агар ўша блиндажга қадам қўйсанг, талоқ қиламан. Чунки биз бу ерга ўлгани келганмиз». Тасаввур қиляпсизми, одамлар у ерга ўлимга тайёр бўлиб боришади.

Мен қочишни режа қила бошладим. Лекин эркак одамсиз бунинг имкони йўқ эди. Чунки аёлларнинг ўзи кета олишмасди. Эрим менга ёрдам беришини айтди. У ҳам қочиб юрмоқчи бўлиб юрган экан, лекин буни очиқ айта олмаган. Аёллар-ку гуруҳ-гуруҳ бўлиб қочиб кетишарди, лекин эркакларнинг ИШИДдан қочиши деярли имконсиз эди. Қочмоқчи бўлган эркаклар ва аёлларнинг қочишига ёрдам берган эркаклар қатл қилинарди. Қўлга тушган аёллар эса болалари олиб қолиниб, ўзлари қамоққа ташланарди.

Интернет фақат интернет кафеларда бор эди. Эркаклар кўчада телефонга қараб турган бўлсалар, уларнинг қўлидан телефонларини тортиб олиб текширишарди. Биз қочиш ҳақида ўйлаб юрган вақтимизда, Табкуни ҳам ўққа тутишди. Кейин Маядинга қочдик. У ердан Ҳомс ёки Ҳалабга, Ҳалабдан Идлибга, у ердан эса Туркияга қочишни режалаштиргандик. У вақт мен ҳомиладор эдим ва тинмай дуо қилардим. Болаларимга ҳам дуо қилишларини айтардим.

Эримнинг албан дўсти бор эди. Унинг хотини курд эди ва ўша аёл биз Дейр-эз-зор шаҳрига етиб олишимизга ёрдам берди. У ерга жойлашгач, бир ҳафта кутдик. Бир ҳафтадан кейин битта микравтобус келиб бизни олиб кетди. Ҳар бир постда бизга «Хуш келибсизлар» деб айтишар ва постларда совуқ сув беришарди. У ерда кўп ҳарбийлар юришар, ҳар хил қора машиналар кўп эди. Улар бизни текширишларини, агар ҳеч қандай жангларда қатнашмаган бўлсак, хоҳлаган еримизга кетишимиз мумкинлигини айтишарди. Лекин мен улар бизга ёрдам беришига ишона олмасдим. Бу қора машиналарни кўриб эримга «Булар бизни осонликча қўйиб юбормайди», дедим. Хуллас, бир куни бизни қамоқхонага ташлашди...

2-қисм. Қайтиш

Ироқ Курдистони. Загидат курдлар қўлида

Қамоқхонада бизни текширишди, сўроқ қилишди. Эрларимиз ҳақида сўрашди. Агар эрларимиз жанг қилган бўлишса, қамоқхонадан чиқмаслигимизни айтишди. Виктория деган рус қиз ҳақида айтдим. У ўқимишли қиз эди. Арабчани ҳам яхши биларди. Ўша қиз эри уйда ўтиришини айтганида, ҳарбийлар унинг устидан кулишди. Бошқа бир аёл эса Викториянинг эри жанг қилганини ва лавозими ҳам бўлганини айтди. Шу сабаб Викторияни дўппослашди. Шундай чиройли қизни хўрлашди. Биз курдларга Россияда биз ҳақимизда билишларини, ФСБда маълумотларимиз борлигини айтардик. Лекин улар Россияни ёмон кўришарди. Биз ҳозир Сурияни, кейин Туркияни босиб оламиз, дейишарди. Мен эса қаерни олсанг олавер, мени қўйиб юборсанг бўлди дердим. Кейин билсак, Зият (сенатор, Россия президентининг Чеченистондаги ишончли вакили Зият Сабсаби) улар билан боғланиб музокара ўтказган экан.

Бир куни барчамиз қўрқадиган қамоқхона назоратчиси олдимга келиб, мени кўргани одам келганини айтди. Қарасам, келган одам россиялик дипломат. У «Загидат, уйга кетишни хоҳлайсанми?», деб сўради. Мен бу устимдан кулишларнинг давоми бўлса керак деб ўйладим, лекин русча сўз мени ўзимга келтирди. Хурсандлигимдан йиғлаб юборай дедим. Дипломат болаларимни олиб чиқишимни сўради. Боламни курдлар машинага ўтқазишганида агар ҳозир яна кўзимизни боғлашса, ҳаммаси тамом деб ўйладим. Лекин бундай бўлмади ва биз озодликка чиққандик. Кўк кўзли рус ҳарбийларини кўриб йиғлаб юборай дедим. Арабларнинг тили, пальма ва тунд башаралар шунчалик жонимга теккандики, уларни кўргани кўзим йўқ эди.

Сурия. Латақия

Бизни болалар билан ҳарбий самолётда Суриянинг Латақия деган шаҳрига олиб келишди. У ерда бизни россиялик ҳарбийлар кутиб олишди. Ҳаммамизнинг кийимларимиз кир эди. Бизни меҳмонхонанинг озода номерларига жойлаштиришди. Тўшаклардаги оппоқ жилдлар кўзимга шундай чиройли кўриндики. Деразадан одамлар соҳилда айланиб юргани кўринарди. Бу оддий нарсалар кўзимга худди фантастикадек кўринарди. Чунки биз узоқ вақт фақат ваҳшийликни, азобни кўриб яшадик. Латақиядан Грознийгача 4 соат учдик. Аэропортда бизни ФСБ ходимлари сўроқ қилишди. Лекин улар қўполлик қилишмасди.

Суд 3,5 ой давом этди. Бу вақт давомида тергов изоляторида яшадик. Болалар билан менга битта хона беришди. Унда телевизор ҳам бор эди. Судда менга 8 йил беришди. Терговда мени қийнашмади, лекин руҳий босим қилишарди. Ҳаммасини бир неча марталаб қайтадан айтиб беришга мажбур бўлдим. Кейин менга айблов сифатида террорчининг хотини бўлганимни, унга ёрдам берганимни, бошқа террорчиларга ҳам ёрдам берганимни ёзишди, лекин мен Худо ҳаққи қасам ичаман бирор террорчига ёрдам бермадим. Уйда эрим, болаларим учун овқат тайёрлаганимни, уларнинг кийимларини ювганимни жиноят деб ҳисоблашди.

Залина Ироқ Курдистонида

Август ойи эди. Биз турган камерада нафас олиб бўлмасди. Чивинлар тинчлик бермайди. Менинг эса ой куним яқин эди. Эрим назоратчилардан «мени ташқарига олиб чиқиш»ни сўради. Кейин бизни бошқа камерага ўтказишди. У ерда кондиционер бор эди, хона ҳам чиройли, мевалар қўйилганди. Кейин бизни лагерга олиб кетишди. У ерга кетаётганда тиллаларим ва пулларимни олиб қўйишди. Бир кунимга ярар деб 6 минг доллар йиғиб қўйгандим. «Лагерда ироқликлар кўп, пулларингни ўғирлаб кетишади, пулингни кейин қайтиб берамиз», деб менга 50 доллар қолдиришди.

Лагерда 7 минг лирага телефон сотиб олдим. Мегафоннинг исталган рақамини териб қўнғироқ қила бошладим. Биринчи марта Россия шимолидаги қайсидир шаҳарга тушдим. Қиз бола кўтарди. Ундан Доғистоннинг бирор рақамини топиб беришни илтимос қилдим. У битта рақам юборди. Қўнғироқ қилсам, бир йигит кўтарди. Унга бирданига: «Мен Суриядаман, ёрдам беринг», деганимга шошиб қолди. Кейин билдим у доғистонлик эмаскан. Мен эса ундан Маҳачқалъа ҳукумат органлари билан боғлаб беришни сўраб ўтирибман. Кейин у қандайдир маникюрчи қизнинг рақамини берди.

У қизга ҳам аҳволим оғирлигини айтиб йиғладим. Шаҳар администрациясига бориб, у ерда ишлайдиган қайнонамни топишини сўраб ялиндим. У эса «имкони йўқлиги, иши кўплиги»ни айтди. Ярим соатдан сўнг яна кўнғироқ қилдим, у яна бир мижози келганини айтиб, мен ҳақимда ёнидагиларга гапирарди: «Кимдир Суриядан қўнғироқ қиляпти. Қайнонасини топиб берармишман». Кейин қиздан телефонни ҳамма эшитадиган режимга қўйишини сўраб аҳволимни тушунтирдим. «Илтимос, менга қайнонамнинг рақамини топиб беринглар, у шаҳар администрациясида фаррош бўлиб ишлайди, исми Луиза Булаева» дедим. Барака топсин, кўп ўтмай менга қайнонамнинг рақамини юборди. Унинг рақамини танидим ва телефон қилдим. Ҳаммасини тушунтирдим. Лекин икки кун ўтди ҳамки, ҳеч ким биз билан боғланмади. Ёнимдаги курд қизнинг отаси генерал эди. У ҳам қўнғироқ қилди, лекин ҳеч қандай самара бўлмади.

Ҳарбийларга туғишим кераклигини, бундай ифлос ерларда туғиб бўлмаслигини айтдим. Лекин улар касалхонага олиб бориш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмади. Икки оилага бир ҳафта учун икки тонна сув беришарди. Биз ҳар куни чўмилардик, болаларни чўмилтирардик ва сув тез тугаб қоларди. Сув сўрасак, «ироқликларга бу сув бир ҳафтага етади», дейишарди. Ўша ерда туғишга мажбур бўлдим. Қўпол бўлса ҳам айтаман, ҳамширалар боланинг киндигини кесган қайчиларида қон қотиб қолганди. Мен боламга гепатит юқишидан жуда қўрқдим.

Фото: The Insider

Лагерларда ҳам бухгалтерия бор эди. У ерга тез-тез бориб турардим. «Америка сизлардан фойдаланяпти-ку?» десам, буни ўзлари ҳам билишларини айтишарди. Кейин бизни бошқа лагерга кўчиришди. У ерда Худога шукр яхшироқ яшадик. Сув ҳам чекланмаганди. Овқат беришарди, кийим-кечаклар ҳам бор эди. У ерда тўрт болам билан 4 ой яшадик. Биздан ташқари ИШИДдан қочган тўрт оила ҳам бор эди. Қолганлар ироқлик қочоқлар эди. Лагернинг каттаси Арам деган одам эди. У одамларга яхши муомалада бўларди. Ўғил туққанимни эшитиб, касалхонага олиб борди, харажатларни тўлади. Боламни суннат қилишди, унга яхши қарашди.

Бир куни келиб мени суратга туширишни бошлашди. Нега бундай қилаётганларини сўрасам, «Россияга кетасан» деб айтишди. Уларга ишонмадим. Кейин кўзимни боғлашди. Шунда яна азоблар бошланди деб ўйладим. Бизни уч қаватли чиройли бинога олиб боришди. Билсам бу қамоқхона экан. 10 кундан кейин эса бизни автобусда олиб кетишди. Орқамиздан бошқа ерлик қизлар йиғлаб қолишди. Бу бечоралар ҳамон ўша ерда бўлишса керак...

Кейин бизни Латақияга олиб боришди. У ерда чиройли меҳмонхонага жойлашдик. Столларга жуда кўп егуликлар қўйишганди. Болалар хонада чироқ ёнганини кўриб хурсанд бўлишди. Улар ваннага кирганида бир-бирига «Сувни ёп, ҳозир тугаб қолади», деганини эшитиб йиғлаб юбордим. Ахир болаларим сув тугаб қолишига ўрганиб қолишганди-да...

Кейин бизни Чеченистонга олиб боришди. Мени қамоққа тиқмоқчи бўлишди. Лекин айбим йўқлигини айтиб тўполон қилдим. Ўрганиб чиқишди ва 9 ой уй қамоғига ҳукм қилишди. Бу муддат тугагач, иш қидира бошладим. Лекин... Ким ҳам бизни ишга оларди. Барча ўша жин ургур муҳрни кўради-да, «Кечирасиз, бизда иш йўқ», деб айтади. Майли, нима бўлса ҳам бошим омон қолди...

«The Insider» бу аёлларнинг ҳикоясини бундай адашганлар кўп экани ва ҳукумат уларни қайтариш ҳақида ўйлаб кўриши кераклиги ҳақидаги хитоб билан якунлайди:

«Россия у газандалар қўлидан юзлаб фуқароларини олиб чиқди, лекин 2017 йилда бу иш нимагадир тўхтаб қолди. Ҳудудлар бунга тайёр эмаслиги, уларни қандай жазолашни билмаслиги айтилди, лекин махсус хизматлар уларни ортга қайтариш ҳақида яна бир бор жиддийроқ ўйлаб кўриши керак. Биз уларга ёрдам бериб ватанларига қайтарсак, бу инсонлар ўзгаришлари мумкин, лекин уларнинг ўзлари Россияга қайтиб келишса, мана бу ҳақиқий фожиа бўлади...».

Кўпроқ янгиликлар