Ҳомила операция туфайли она қорнидан олиниб, яна жойига қайтариб қўйилди

Жаҳон 20:54 / 11.02.2019 25934

Буюк Британияда ҳали туғилмаган бола операция ўтказиш учун она қорнидан олиниб, яна жойига қайтариб қўйилди. Бу ҳақда The Mirror нашри хабар берди. 

Апрелда кўзи ёриши керак бўлган Бетан Симпсон исмли аёл шифокор кўригидан ўтганда, ултратовуш ташхиси ҳомилада баъзи оғишлар борлигини кўрсатган. Ҳомиладорликнинг 5-ойида бўлган аёл батафсил кўрикдан ўтиш учун Эссекс графлигидаги шифохонага жўнатилган. Бу ерда шифокорлар ҳомилада умуртқа титилиши – ҳомиланинг она бачадонида орқа мияси тўлақонли ривожланмайдиган нуқсонни аниқлашган. 

“Бизга ҳомиладорликнинг боришига аралашмаслик, уни тўхтатиш ёки янги опция – қизчанинг туғилишигача операция ўтказишни таклиф қилишди. Биз операцияга рози бўлдик”, деб айтмоқда аёл. Бунинг учун бир қатор таҳлил ва синовлар ўтказилиб, ҳомила ва она ҳолати батафсил текширилган.

Аёл ҳомиладорликнинг 6-ойида операция қилинган. Симпсон Британияда бундай даволаниш олган 4-аёл бўлди. Жарроҳлар ҳомилани она қорнидан олиб, орқа миясини тиклаб, уни яна она қорнига қайтариб қўйишган.

Операция муваффақиятли ўтган. “Афсуски, Англияда 80 фоиз болалар ота-оналари касалликдан хабар топишгандан кейин нобуд бўладилар”, деб айтган аёл. У бўлғуси оналарни бундай ташхисдан қўрқмасликка чақирган, чунки унинг фикрича, даволаш услублари ҳозирда анча такомиллашган. 

Кўпроқ янгиликлар