Жаҳон | 18:20 / 31.03.2025
3940
7 дақиқада ўқилади

Мянмадаги зилзила: тирик қолганлар харобалар остидан чиқариб олинмоқда, аммо юзлаб кишилар бедарак кетган

Мянмада қурбонлар сони 2 мингдан ошди, мамлакатда бир ҳафтага мотам эълон қилинди.

Фото: Reuters

Жануби-шарқий Осиёда 2000 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган 7,7 магнитудали вайронкор зилзиладан қарийб 60 соат ўтганида Мянмада вайроналар остидан яна тўрт киши тирик ҳолда олиб чиқилди. Мамлакат ўт ўчириш хизмати маълум қилишича, улар шимолдаги Сагаинг вилоятидаги мактаб биноси харобалари остидан қутқариб қолинган, у ердан бир киши жасади ҳам топилган.

Қутқарув ишлари зилзиладан энг кўп жабр кўрган Мянмада ҳам, қўшни Таиландда ҳам давом этмоқда. Юзлаб одамлар ҳали ҳам бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Мянмада 2056 кишининг ўлими тасдиқланган, 3,9 минг киши жабрланган, яна 270 дан ортиқ киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Мянма ҳукумати 31 мартдан 6 апрелга қадар миллий мотам эълон қилган.

Бангкокда қурбонлар сони ҳозирча 18 киши бўлиб турибди. Қурилаётган кўп қаватли бино қулаши оқибатида 76 нафар ишчи бедарак йўқолган.

Қутқарув ишлари жума кунидан бери олиб борилмоқда ва Мянмага аллақачон халқаро ёрдам етиб кела бошлади, аммо энг кўп зарар кўрган ҳудудларга етиб бориш кечикмоқда ва маҳаллий аҳоли вайроналар остида қолганларни қўлда қазиб олишга уринмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шифохоналар ярадорлар билан тўлиб-тошганини айтмоқда, Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили эса BBC’га кўчирилган минглаб одамлар озиқ-овқат, дори-дармон ва бошпанага эга эмаслигини хабар қилди.

Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Мандалайда маҳаллий мактаб ўқитувчиси якшанба куни BBC’га ҳозирча инсонпарварлик ёрдамини кўрмаганини айтган. «Ёрдам келяпти дейишяпти, лекин одамлар ҳали ҳам азоб чекмоқда», – дейди у.

Қўшни Сагаинг шаҳрида яшовчи аёлнинг айтишича, кўчаларда жасадларнинг қўланса ҳиди анқимоқда.

Мандалайдаги кўп бинолар таг-туби билан қулаб тушган

Бутун марказий Мянма бўйлаб қутқарув гуруҳлари ускуналар етишмовчилигига дуч келмоқда ва баъзи қутқарувчилар жабрланганларни қуруқ қўллари билан қазиб олишмоқда. Электр ва алоқа узилишлари, йўллар ва кўприклар шикастлангани ҳам қутқарув ишларини мураккаблаштирмоқда.

Шанба куни кечқурун Мянма пойтахтида Нейпидода 36 соат давомида касалхона вайроналари остида қолган кекса аёл қутқариб олинган.

Маҳаллий ўт ўчириш хизматларига кўра, Мандалайда қулаган турар жой биноси харобалари остидан 29 киши қутқарилган.

Якшанба куни ҳам Мандалайда харобалар остидан омон қолганлар чиқариб олинди.

АҚШ Геология хизмати (USGS) хабар беришича, 28 март куни 7,7 ва 6,4 магнитудали иккита зилзила рўй берган.

USGS маълумотига кўра, биринчи, нисбатан кучлироқ зилзила жума куни кундузи, маҳаллий вақт билан соат 12:50 атрофида Мянманинг марказий қисмида содир бўлган. Иккинчи силкиниш 12 дақиқа ўтиб келган, унинг магнитудаси 6,4 бўлган, эпимарказ – Мандалай яқинида, Сагаинг регионининг шу номли марказидан 18 км жанубда жойлашганди.

Зилзила ўчоғи атиги 10 километр чуқурликда бўлгани туфайли ер юзасида оқибатлар кучлироқ бўлган.

Шундан кейин кўплаб афтершоклар давом этмоқда. Якшанба куни Мандалайдан шимоли-ғарбда 5,1 магнитудали силкиниш қайд этилган.

Бангкокда қурилаётган кўп қаватли бино қулаб, унда ишлаётган кўплаб ишчилар ҳалок бўлган.

Таиланд бош вазири ўринбосари Анутин Чарнвиракул якшанба куни қутқарувчилар бино харобалари остида ҳаёт аломатларини пайқашганини айтди, аммо харобалар остида қолганларни тирик ҳолда чиқариб олишга умид катта эмаслигидан огоҳлантирди.

Шунингдек, Таиланд саноат вазири Аканат Промпханнинг журналистларга маълум қилишича, бино қурилишида ишлатилган пўлатда «аномалия ҳолатлари» аниқланган ва таҳлил учун намуналар олинган.

Бангкокда қурилаётган 30 қаватли бино қулаши оқибатида харобалар остида қолган ишчиларни қидириш давом этмоқда

Мянмага турли мамлакатлардан қутқарувчилар келишда давом этмоқда. Хитойдан 82 кишидан иборат қутқарувчилар гуруҳи аллақачон етиб келган, Ҳонгконг 50 дан ортиқ қутқарувчини юборган. Ҳиндистондан ҳам қутқарувчилар гуруҳи ва энг зарур буюмлар ортилган самолёт учиб келди.

Малайзия ташқи ишлар вазирлиги табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун 50 кишидан иборат гуруҳни юборишини маълум қилди.

Филиппин, Ветнам, Индонезия, Ирландия, Жанубий Корея, Россия, Янги Зеландия ва АҚШ ҳам қутқарув гуруҳларини юбормоқда.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми «аҳволи ўта оғир бўлган муҳтожлар»га ёрдам бериш учун 10 млн фунт ажратишга ваъда берди.

Мянмадаги ҳарбий хунта Сагайн, Мандалай, Бого ва Магуай ҳудудларида, Шан штатининг шарқий қисмида, шунингдек, пойтахт Нейпидода фавқулодда ҳолат режимини эълон қилган.

Хунта раҳбари Мин Аунг Ҳлаинг жаҳон ҳамжамиятидан ёрдам сўраган.

«Мен ҳар қандай мамлакатни, ҳар қандай ташкилотни, ҳар қандай одамни ёрдамга чақирмоқчиман. Раҳмат», – деган у телевидение орқали қилган мурожаатида ва «хорижий ёрдам учун барча йўлларни очгани»ни қўшимча қилган.

Шу билан бирга, Мянма ҳарбийлари мамлакатнинг фуқаролар уруши ичида қолган айрим ҳудудларини бомбардимон қилишда давом этмоқда. БМТ бу ҳужумларни «мутлақо ғазаблантирувчи ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» деб баҳолаган.

Ҳарбийларни ҳокимиятдан четлатиш учун курашаётган исёнчи гуруҳлар Сагаинг вилоятидаги Чаунг-У қишлоғида ҳаво ҳужумлари уюштирилгани ҳақида хабар берган.

Ҳарбий режим 2021 йилги давлат тўнтариши пайтида ҳокимиятни қўлга олганди, аммо ҳозирда мамлакатнинг исёнчи гуруҳлар ўртасида тақсимлаб олинган кўплаб ҳудудларини назорат қилмайди.

Ҳокимиятдан ағдарилган фуқаролик маъмуриятини ифода этувчи миллий бирдамлик ҳукумати ўз қуролли кучлари якшанба кунидан бошлаб зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда «мудофаа ҳаракатларидан ташқари ҳужумкор ҳарбий амалиётлар»да икки ҳафталик танаффусни бошлашини маълум қилди.

Жабрланганларга об-ҳаво ҳам таҳдид солмоқда: мамлакатда муссон ёмғирлари мавсуми яқинлашмоқда ва кучли жалалар жабрланганларни яна бир жойдан иккинчи жойга кўчиришга мажбур қилиши мумкин. Мисол учун, ўтган йили муссонлар туфайли юзага келган кучли сув тошқини уйлар ва санитария иншоотларига зарар етказганди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери