Мянма ва Таиландда кучли зилзила. Сўнгги маълумотлар
Мянма ҳукумати 28 март куни рўй берган 7,7 ва 6,4 магнитудали иккита вайронкор зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1644 нафарни ташкил этаётгани ҳақида хабар берди, яна 3408 киши жароҳатланган. Ер силкиниши Таиланд ва Хитойда ҳам сезилган.

Жума кунги зилзила оқибатида Мянманинг ўзида 1644 киши ҳалок бўлиб, 3408 киши жароҳатлангани тасдиқланди. Бу ҳақда мамлакатни 2021 йилдан буён бошқариб келаётган ҳарбий хунта маълум қилган. Яна 139 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Таиланддан келаётган хабарлар ҳам янгилаб борилмоқда: Бангкок муниципалитети 30 март куни эрталаб ҳолатига 17 киши ўлими рўйхатга олинган, 42 киши жароҳатланган, 80 га яқин киши бедарак йўқолган деб ҳисобланаётгани ҳақида маълумот берган.
Харобалар тозаланиши давомида қурбонлар ва жабрланганлар сони ортиб бориши кутилмоқда.
Мянманинг иккинчи йирик шаҳри Мандалайдаги қутқарувчилар гуруҳи BBC Бирма хизмати мухбирига «етказилган талафот улкан» эканини маълум қилган. Қутқарувчилар кўплаб афтершокларга қарамай тунда ҳам ишлашда давом этишган.
АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотига кўра, биринчи, кучлироқ зилзила жума куни тушдан кейин Мянманинг марказий қисмида, маҳаллий вақт билан 28 март куни соат 12:50 атрофида содир бўлган. Зилзила ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашган.
Тахминан 12 дақиқадан сўнг иккинчи зилзила содир бўлган.
Зилзила эпимаркази Сагайн шаҳридан 16 км шимоли-ғарбда, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Мандалай шаҳри яқинида жойлашган. Унинг аҳолиси 1,2 млн киши чиқади.
Бу ҳудуд Мянма пойтахти Нейпидодан тахминан 100 км шимолда жойлашган. AFP агентлигининг Нейпидодаги журналистлари маълум қилишича, кучли ерости силкинишлари оқибатида йўллар ёрилиб кетган, бинолар шифтидан сувоқлар тўкилиб тушган.
Ерости силкинишлари Таиланд ва Хитойда ҳам сезилган.
«Жабрланувчилар кўпайиб бормоқда, аммо бизда шифокор ва ҳамширалар етарли эмас», — деган доктор Чжо Зин журналистларга.
Қутқарувчилардан бири Мандалайдаги «биноларнинг кўпчилиги қулаб тушгани»ни айтган.
«Биз қутқарув амалиётини бошлаганимизда Мандалайнинг кўриниши қўрқинчли эди. Одамлар кўчалар бўйлаб чопар, бақирар ва йиғлашарди», — дейди қутқарувчи вазиятни тасвирлаб.
«Биз одамларни харобалар остидан чиқариб олмоқдамиз. Мандалайдаги асосий ҳоспитал тўлиб-тошган», — дея ҳикоя қилади у. Унинг сўзларига кўра, зилзиладан жабрланганларнинг кўпчилигида юрак хуружи ҳам рўй берган.
Бош ҳоспитал биноси ҳам зилзила оқибатида шикастланган.
Мандалайда яшовчилардан бирининг айтишича, у ер тахминан 10 сония давомида кучли силкиниб турганини ҳис қилган. «Кўз олдимда бутун уйимиз қулаб тушди. Нафас ололмасдим, лекин кейинроқ бақириб, ёрдамга чақиришга муваффақ бўлдим, – деб эслайди у. – Қариндошларим мени вайроналар остидан олиб чиққанидан бир неча сония ўтиб, яна зилзила содир бўлди ва биз югуриб бораётган бино қулаб тушди. Қўрқув ва оғриқдан юролмай қолдим, отам мени кўтариб олди».
Унинг сўзларига кўра, у билан бир уйда бўлган етти кишидан икки аёл омон қолган, улардан бири кейинчалик вафот этган. «Менинг бувим, холам ва амаким ҳали топилмади – улар ҳали ҳам вайроналар остида. Уларнинг омон қолиш эҳтимоли нол фоизга тенг», – деди у.
Янгонда яшовчи фуқаронинг CNN телеканалига айтишича, ер ости силкинишлари бир неча дақиқа давомида сезилган.
«Туртки жуда кучли бўлди ва уч-тўрт дақиқа давом этди. Мен яшайдиган уй чайқала бошлади», – деди у.
Унинг сўзларига кўра, интернет узилишларсиз ишлаган, аммо зилзиладан кейин 30 дақиқа давомида ҳеч қаерга қўнғироқ қилиб бўлмаган.
Мандалайда яшовчилардан бири Reuters агентлигига вайронагарчиликлар ҳақида гапириб берди: «Атрофдаги ҳамма нарса силкина бошлаганида уйдан югуриб чиқдик. Кўз олдимда беш қаватли уй қулаб тушди. Шаҳримда яшовчиларнинг барчаси кўчага чиқди, ҳеч ким биноларга қайтишга журъат эта олмади».
Гувоҳлардан бири Ҳтет Наинг У журналистларга Мандалайда чой дўкони қулаб тушгани, унинг ичида бир неча киши қамалиб қолганини айтди. «Биз кира олмадик, – деди у. – Вазият жуда ёмон».
Мандалайдаги қироллик саройи шикастлангани ва Иравади дарёси устидаги кўприк қулаб тушгани ҳақида маълум қилинган.
Мянмадаги ҳарбий хунта Сагайн, Мандалай, Бого ва Магуай ҳудудларида, Шан штатининг шарқий қисмида, шунингдек, пойтахт Нейпидода фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди.
Хунта раҳбари Мин Аунг Ҳлаинг жаҳон ҳамжамиятидан ёрдам сўради.
«Мен ҳар қандай мамлакатни, ҳар қандай ташкилотни, ҳар қандай одамни ёрдамга чақирмоқчиман. Раҳмат», - деди у телевидение орқали қилган мурожаатида ва «хорижий ёрдам учун барча йўлларни очгани»ни қўшимча қилди.
Мянмага ёрдамни АҚШ, Европа Иттифоқи ва АСЕАН, шунингдек, аллақачон мамлакатга қутқарувчилар ва шифокорлар гуруҳини юборган Ҳиндистон, Хитой ва Россия ваъда қилган.
Таиландда қурилаётган осмонўпар бино қулаб тушди
Ер силкинишлари Таиландда ҳам сезилди, айниқса, дастлабки маълумотларга кўра, пойтахт Бангкок, шунингдек, мамлакат шимолидаги Чиангмай шаҳри кучли зарар кўрди.
Таиланд бош вазири Петонгтарн Чинават Ички ишлар вазирлигига Бангкокни фавқулодда вазият зонаси деб эълон қилишни буюрди, деб ёзади CNN бош вазир идорасига таяниб.
Зилзила оқибатида Бангкокдаги Чатучак боғида қурилаётган осмонўпар бино қулаб тушган. Қулаш вақтида майдонда 400 га яқин одам бўлган. Вайроналар остида 100 дан ортиқ ишчи бўлиши мумкин, деб хабар берган AFP маҳаллий расмийларга таяниб.
Бангкок губернатори Чадчарт Ситтипуннинг маълум қилишича, шаҳарда кўплаб кўп қаватли бинолар шикастланган, бироқ шикастланган бинолар сони ҳам, жабрланганларнинг аниқ сони ҳам ҳозирча номаълум.
Сўнгги маълумотларга кўра, қулаш оқибатида 17 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган. Миллий фавқулодда тиббиёт институти (NIEM) маълумотларига кўра, яна 50 га яқин киши жабрланган. Вайроналар остида қанча одам қолгани номаълум.
Таиланд бош вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, Бангкокда кўп қаватли бино қурилиш объекти қулаши оқибатида бедарак йўқолган ишчилар сони 80 га яқинни ташкил этмоқда.
Бангкокдаги гувоҳлар ОАВга маълум қилишича, одамлар ваҳимага тушиб, халат ва чўмилиш кийимларида кўчаларга югуриб чиққан.
Видеоларда зилзила туфайли осмонўпар бинолардан бирининг юқори қаватидаги ҳовуздан кўчага сув оқиб чиққани акс этган.
Катта Бангкок ҳудудида (агломерация Бангкок ва унинг атрофидаги бешта вилоятни ўз ичига олади) 17 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Кўпчилик осмонўпар биноларда яшайди.
Таиланд ҳукумати яқин 24 соат ичида янги силкинишлар юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Хитойдаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Мянма билан чегарадаги Юннан провинциясида, шунингдек, Гуанси провинциясида ҳам кучли силкинишлар сезилгани ҳақида хабар берган.
Юннандаги зилзила ҳақидаги маълумотни Хитойнинг Xinhua ахборот агентлиги ҳам тасдиқлаган, бироқ тафсилотлар ҳозирча маълум қилинмаяпти.
Мавзуга оид

20:53 / 01.04.2025
Мянмада ҳалок бўлганлар сони 2700 дан ошди. Ҳарбий хунта вазиятни оғирлаштирмоқда

18:20 / 31.03.2025
Мянмадаги зилзила: тирик қолганлар харобалар остидан чиқариб олинмоқда, аммо юзлаб кишилар бедарак кетган

15:51 / 30.03.2025
Мянма ва Таиланддаги кучли зилзила оқибатлари — фотосуратлар

15:12 / 30.03.2025