Жамият | 23:03 / 14.03.2025
22319
10 дақиқада ўқилади

Озода Нурсаидова клипи жараёнида авария бўлган актриса Туркияда операция қилинади — воқеа тафсилотлари

Автоҳалокат сабаб ногирон бўлиб қолган Сабрина Жабборова Туркияда операция қилинади. Унинг номига очилган картага хайрия маблағлари йиғиляпти. Бу ҳақда актриса ўз Instagram саҳифасида маълумот бериб, хонанда Озода Нурсаидова ва Муниса Ризаева билан бўлган суҳбат видеосини жойлади.

Фото: Видеодан кадр

Озода Нурсаидованинг клипида суратга тушиш жараёнида машина тагида қолган Сабрина Жабборова операция учун Туркияга олиб кетилиши маълум қилинди. Бу ҳақда актрисанинг ўзи Instagram саҳифасида видео жойлади. Унда хонандалар Озода Нурсаидова, Муниса Ризаева Сабринани кўришга боргани ва у билан суҳбати акс этган.

Актриса операция учун хайрия маблағи йиғилгани ва бу учун одамлардан миннатдор эканини айтган.

Бутун дунё, Ўзбекистондагилар менинг оёққа туришим, касалхона учун картамга пул ташлашяпти. Биринчи навбатда буни кўтарган Жасмина опага раҳмат. Даволаниш, операция, оила қуришим, бемалол юришим ва фарзанд кўришим учун мени қўллаб-қувватлаб, пул ташлаяпсизлар. Аллоҳ рози бўлсин”, — деган у.

Видеода хонанда Озода Нурсаидова ўзини оқламоқчи эмаслиги, бўлган ишдан хафа эканини айтиб, воқеага бефарқ бўлмаган барчага раҳмат айтган.

Кўп нарса бўлган экан, мен оқламоқчи эмасман, вазият айнан оёғи 7 сантиметр узунлиги, операцияда муаммо борлигини хабарлар чиққандан кейин билдим. Негадир реабилитация бўляпти деб хотиржам бўлганман. Бу мени оқлайдиган вазият эмас. Бу шунақа нотўғри вазият. Мен хато информация олганман. Бундан бу ёғига Сабринага 2-3 босқичли операция қилиш керак экан, Мунисага, Жасминга раҳмат. Бефарқ бўлмагани учун халқимизга раҳмат, мушкул операция экан, қўлимиздан келганча ёрдам берамиз”, — деган хонанда.

Муниса Ризаева операция учун кўп шифокорлар билан гаплашгани ва рад жавобини олгани, фақат Туркиядаги бир профессор операцияга рози бўлганини айтган.

«Шу билан ҳамманинг Instagram саҳифасида карта рақамини қўйдик. Халқимизга раҳмат демоқчиман, қанчалик бошқачасизлар барибир, бутун дунёдан яхши пул йиғилди. Биз билетлар сотиб олдик. Ҳеч қанақа ҳомийлар йўқ, ким ҳомийлик қилмоқчи бўлса, Сабринанинг картасига ташлашингиз мумкин», — деган Ризаева.

Воқеа қандай бўлган?

2024 йилнинг 7 ноябр куни хонанда Озода Нурсаидованинг «Дилбарим» қўшиғи учун клип суратга олиш жараёнида бахтсиз ҳодиса юз бериб, актриса Сабрина Жабборовани автомобил босиб кетган. Воқеа Жабборова ўз саҳифасида бахтсиз ҳодиса ҳақида маълум қилганидан кейин шов-шув бўлди.

Актрисанинг ёзишича, «Мерcедес-Бенц» Г-класс («Гелендваген») бошқарувида вояга етмаган бошқа актриса С.М. бўлган. У ҳам клипда суратга тушаётган бўлган.

«Вояга етмаган актриса оператор ва режиссёр Ш.М.нинг кўрсатмаси билан газ педалини босган, бироқ ўша пайтда машина бошқарувини йўқотган. Машинанинг ғилдираклари Сабрина устидан икки марта ўтиб кетди: олдинги ғилдираги бутунлай унинг устидан ўтган, орқа ғилдираги эса қизнинг устида айланиб кетган. Воқеа натижасида Сабринанинг тос суяги синган, бошқа аъзолари оғир жароҳат олган», – дейилади Жабборованинг Instagram’даги саҳифасида қолдирилган маълумотда.

Унда айтилишича, жабрланувчига биринчи ёрдам вақтида кўрсатилмагани туфайли кўп қон йўқотган. Кейин уни 4-сонли касалхонага олиб боришган, 9 соатлик операциядан сўнг беморнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Бироқ жарроҳлик амалиёти нотўғри бажарилгани натижасида унинг чап оёғи ўнг оёғидан 7 см узунроқ бўлиб, қиз ногирон бўлиб қолган.

«Улар бу ҳақда менга дарҳол айтмади, фақат уч ойдан кейин аҳволимни маълум қилишди. Шу вақт ичида суякларим нотўғри битди ва энди чап оёғим 7 см узунроқ. Буни тўғрилаш учун яна тос суягимни синдириб, қайтадан маҳкамлаб қўйишади. Шифокорларнинг айтишича, бундай операция 0,5−1 фоиз ҳолларда учрайди. Кўпинча бундай бахтсиз ҳодисаларда одамлар ҳалок бўлади, лекин мен тирик қолдим», - деган қиз кейинроқ берган изоҳида.

Қарши тараф фикри қандай?

Сабрина ҳақидаги хабарлар тарқалгач, Озода Нурсаидованинг менежери Дилмурод Сатторов ва клип оператори Шуҳрат Мавлонов воқеа ҳақида ўз фикрларини айтиб, Instagram саҳифасида видео жойлаган (видео ҳозир тармоқдан олиб ташланган). Жумладан, Сатторов Озода Нурсаидова ва унинг жамоасига қўйилган айбловлардан норозилигини билдириб, қизга ўз вақтида ёрдам кўрсатилганини қўшимча қилган.

«Озода опанинг клипида бўлган вазият ҳақида ҳамма турли хил гапиряпти. Бу ерда мақсад бошқа нарса бўлган, бизга уй олдирмоқчи бўлишган, керак бўлса бошқа нарса қилдирмоқчи бўлишган. Озода опа у клипда қатнашмаган, буюртмачи сифатида клип олиб беринглар деб, биз ҳозир кимгадир туҳмат қилишга ҳаққимиз йўқ», - деган Сатторов.

Шуҳрат Мавлонов эса клипда оператор сифатида таклиф қилингани, бахтсиз ҳодиса атайин қилинмагани, қизга ёрдам кўрсатилаётганини билдирган. «Рулда ўтирган қиз билмасдан қилган, яқинда оёққа турибди у қиз, унга яқингача квартираси, еб-ичаригача, ойма-ой 500 доллар берилган. Энди охирида келиб, уй, машина талаб қилиняпти», - деган Мавлонов.

Дилмурод Сатторов Gazeta.uz’га берган интервюсида унинг жамоаси «Дилбарим» клипини суратга олиш жараёнида иштирок этмаганини айтган.

«Биз режиссёр ва унинг жамоасидан клип суратга олишни буюртма қилдик. Воқеадан хабар топгач, Озода билан бирга дарҳол майдонга етиб бордик. Воқеа жойида тез ёрдам шифокорлари ёрдам кўрсатаётган экан. Кейинроқ тез ёрдам машинаси келди, мен у билан бирга шифохонага бордим. У 3−4 соат давомида текширилди ва операция қилинди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, шу куни Тошкент шаҳри ИИББ томонидан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сатторовнинг айтишича, жабрланувчи қизнинг атрофидагилар унга янги уй сотиб олишни муҳокама қилишган, бироқ Озода Нурсаидова бунга рози бўлмаган.

«Унинг атрофидагилар янги квартира сотиб олишни муҳокама қилишди ва ҳатто менга Telegram’да эълонлар юборишди. Аммо биз рад этдик, чунки якуний қарорни суд қабул қилиши керак. Ким айбдорлигини қонун белгилайди», — дея таъкидлаган у.

Озода Нурсаидова изоҳи

Воқеа ҳақида Озода Нурсаидованинг ўзи ҳам видеомурожаат чиқарди. У воқеадан афсусда эканини, қизга биринчи ёрдам кўрсатилгани ва ҳозиргача кўрсатиб келинаётганини айтган.

«Операция нотўғри қилинган ва бир оёғи калта бўлиб қолган дейишди. Буни ҳам мен ОАВдан эшитдим. Яқинда Сабрина съёмкаларга бораётганини айтишди, мен эшитиб хурсанд бўлдим. Март ойида ҳам ёрдамни ташлаб келдик. Мен муҳтож одамга қўлдан келганча ёрдам қилганман. Қандай қилиб бундан четда тураман, ҳеч ким чапак чалиб ўтиргани йўқ, тергов кетяпти. Кунлик квартира пулини тўрт ой, мана, бешинчи ой тўлаяпмиз. Унинг соғайиши учун қўлдан келганча ёрдам берамиз», —деган у.

Аҳад Қаюм ҳам суд жавобини кутяпти

Ҳодиса тафсилотларига кўра, Сабринани босиб кетган вояга етмаган актрисани суратга олиш майдончасига Аҳад Қаюм олиб келган. Аҳад Қаюм ҳам воқеага ўз муносабатини билдирди. У агар суд уни айбдор деб топса, буни қабул қилишини билдирган.

«4-5 ой давомида Сабринанинг ёнида турганман. Иккинчи операция муаммоси кўтарилганда, буни суммасини аниқланглар, буни бир ўзим кўтаролмайман, жамоа билан гаплашамиз, дедим. Бир кунда 5-6 марта бориб, ёрдам берганман, нега бу масала айтилмаяпти. Рулда бўлган қизнинг шаънига ҳам яхши гаплар айтилмаяпти. Тергов жараёнлари бошланган. Қонун идораларимиз 100 фоиз мени айбдор деб топадиган бўлса, мен жавоб беришга тайёрман», — деган у.

Онаси шифокорлардан рози

Сабринанинг онаси қизни операция қилган шифокорлардан миннатдор эканини айтиб, мурожаат йўллаган: «Тез ёрдам уни Кадышевадаги 4-сонли шифохонага олиб борган. Шифокорлар ҳушёрлик билан қизимнинг ҳаётини сақлашга анча ҳаракат қилишган. 9 соат операция бўлган, суяк ўта майдаланиб кетган. Шу майдаланиб кетган суякларни теришган, қонни тўхтатиб, қизимнинг ҳаётини сақлаб қолгани учун ҳам улардан миннатдорман. Жонлари соғ бўлсин, Салоҳиддин, Дилшод, ҳамширалари Лолага миннатдорлигимни билдираман. Уйга келиб ҳам ёрдам қилди, улардан хафа эмасман. Аллоҳга шукур, қизимни ўлим ёқасидан қайтаришди, Ўзбекистонда қизимнинг ҳаётини сақлаб қолишди», — деган аёл.

Бахтсиз ҳодисада 2 киши уриб юборилган

Воқеа ҳақида Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси қўшимча маълумот берди. Унга кўра, 2024 йилнинг 7 ноябр куни соат тахминан 13:00 ларда Мирзо Улуғбек тумани Янги Ўзбекистон кўчасида жойлашган автотураргоҳларнинг бирида ҳайдовчи вояга етмаган, 2008 йилда туғилган С.П. «Мерcедес Бенц» русумли, давлат рақам белгиси 01 Q 555 BB бўлган автомашинада ҳаракатланиб, 2 нафар пиёдани (2003 йилда туғилган Ж.С. ва 2006 йилда туғилган Ш.Э.) уриб юборган. Натижада жабрланувчилар шифохонага олиб борилган. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаро Ш.Э.нинг ҳолати оғирлик даражаси бўйича енгил тан жароҳати, фуқаро Ж.С. эса оғир тан жароҳати деб баҳоланган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, тегишли тартибда судга юбориш чораси кўрилмоқда», - дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди