“Мактабда рақобат борлиги учун кучлироқ ўқидим” – Чикаго университетига тўлиқ грант ютган илк ўзбек йигити
17 ёшли Асилбек Ашуров Гулистон шаҳридаги президент мактабининг 11-синф ўқувчиси. У 2025 йил бошида Чикаго университетига тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинди. Асилбекка ўқиш харажатлари учун ажратиладиган грант миқдори 420 минг долларга тенг. Kun.uz мухбири билан суҳбатда Асилбек топ олийгоҳга кириш учун қандай тайёргарлик кўргани ва грант ютиш бўйича шахсий лайфҳаклари ҳақида сўзлаб берди.
Асилбек Ашуров Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида оддий оилада туғилиб ўсган. 8-синфгача тумандаги 8-умумтаълим мактабида ўқиган. Кейинчалик Гулистон шаҳридаги президент мактабига қабул қилинган. Унинг айтишича, мазкур таълим даргоҳидаги юқори талаб ва ўқувчиларнинг кучли интилиши уни ўз устида қаттиқроқ ишлашга ундаган.
“Президент мактабида ўқиётган тенгдошларим билимга чанқоқ эди. Улардан орқада қолиб кетмаслик учун тинимсиз ўқишим кераклигини тушундим ва ўз олдимга аниқ мақсадлар қўйиб, ҳаракат қила бошладим. Дам олиш кунлари уйга келганда ҳам китоб ва ноутбукдан бош кўтармай дарс қилардим. Оила аъзоларим билан вақт ўтказишга деярли фурсат бўлмасди. Чунки топ университетларга кириш учун нафақат атрофимдагилардан кучли бўлиш, балки халқаро миқёсда рақобатбардош номзод сифатида шаклланиш ҳам талаб этилар эди”, – дейди Асилбек.
Асилбек 9-синфдаёқ IELTS’дан 7,5 балл, 10-синфда SAT’дан 1540 баллни қўлга киритган. У мазкур натижаларга алоҳида ўқув курсларига қатнамай, мустақил тарзда тайёргарлик кўриш орқали эришганини таъкидлайди:
“Президент мактабида ҳар бир синфда 12 та бола ўқийди ва уларга 4 тадан ўқитувчи бириктирилади, 2 таси малакали, биттаси маҳаллий ва биттаси халқаро ўқитувчи тоифасига эга бўлади. Дарслар Cambridge халқаро дастури асосида ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади. Бу эса ўқувчиларга халқаро миқёсда тан олинган сертификатларни олиш имкониятини яратади. Инглиз тили ва мантиқий фикрлаш бўйича мактабда яхши база тўплаганим боис, IELTS ва SAT учун алоҳида репетиторга бориб, тайёрланмаганман. Билимларимни Cambridge IELTS китоблари ва YouTube’даги дарсликлар, қўлланмалар орқали мустаҳкамлаб, имтиҳонлардан ўтганман”, – дейди у.
Асилбек ўзининг таълим соҳасидаги ютуқларида онасининг қўллаб-қувватлаши ва мотивацияси катта аҳамиятга эгалигини айтади:
“Оилада уч фарзандмиз. Онам ҳар биримизнинг билим олишимизга жиддий ёндашган, илмга муҳаббатимни ҳам онам уйғотган. Яхши баҳолар олган пайтимиз ёки кичик-кичик ютуқларга эришганимизда улар ҳар доим турли ширин сўзлар билан бизни рағбатлантириб, совғалар берарди, бундан куч олиб янада яхшироқ ўқишга ҳаракат қилардик ”, – дейди у.
Асилбек Халқаро иқтисод олимпиадасида ТОП 10 талик қаторидан жой олган, “SteamCo” халқаро математика танловида олтин медал соҳиби, Harvard халқаро муносабатлар дастури (HUIRSP) иштирокчиси ва Future leaders exchange (FLEX) дастури ғолиби бўлган. Ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов бошчилигида чекка ҳудудлардаги ёш тадбиркорларга ажратилаётган субсидияларнинг самарадорлиги ўрганилган тадқиқотда ёрдамчи сифатида ишлаган.
Бундан ташқари, “SAT Makon” лойиҳасига асос солиб, хорижий талабаларни SAT имтиҳонига онлайн тарзда тайёрлайдиган платформа ишлаб чиққан. Мазкур дастурдан шу вақтгача 20 дан ортиқ мамлакатдан 1000 дан зиёд ўқувчи фойдаланган.
Асилбек университет танлаш ва ўқишга ҳужжат топширишдан аввал топ олийгоҳларда ўқиётган талабалар интервюларини кўриб чиқиб, изланиш ўтказган. У бизнес ва иқтисод соҳасига қизиққани учун Чикаго университетини асосий олийгоҳ сифатида танлаган. Мазкур университет айнан ушбу йўналиш бўйича дунёда 4-ўринда туради.
“Нуфузли олийгоҳлар номзоднинг фақат академик билимига эмас, балки унинг университет қадриятларига мос келишига ҳам эътибор қаратади. Ўта кучли номзод бўлсангиз-у, университет талабларига жавоб бера олмасангиз, олийгоҳга қабул қилинмаслигингиз мумкин. Шунинг учун ҳужжат топширишдан аввал университетлар ҳақида чуқурроқ изланиб, академик йўналишингиз ва қизиқишингиз, қиладиган лойиҳаларингизга мос келадиганини танлаш керак”, – дейди у.
Асилбек Чикаго университетидан 420 минг долларлик тўлиқ грантни қўлга киритди. Бу грант унинг ўқиш контракти, китоблар, турар жой, суғурта, озиқ-овқат, йўлкира ва Ўзбекистонга келиб-кетиш каби барча харажатларини қоплайди.
“Университет мени қабул қилмайди деб ўйлагандим, тўғриси. Сабаби ҳужжат топшириш жараёнида ўзим ҳақимда видео-тақдимот тайёрлаб юборишим сўралганди, бироз уялчанг бўлганим боис уни қилмагандим. Одатда, Чикаго университети тўлиқ грантни жуда кам талабага беради, уни қўлга киритганим ўқишни давом эттиришим учун мени ўйлантираётган молиявий тўсиқ масаласини бартараф этди. Негаки, АҚШга ўқишга кетган талабалар у ерда яшаш харажатларининг қимматлиги туфайли ўқишини ташлаб, ишлашга мажбур бўлишганини бир неча марта эшитгандим”, – дейди у.
Асилбек Чикаго университетининг бакалавриат босқичига Ўзбекистон фуқароси сифатида ўқишга қабул қилинган ва тўлиқ грантни қўлга киритган биринчи талаба бўлди. Магистратура босқичида эса бу олийгоҳда асли ўзбек ҳисобланган, аммо Америка фуқароси сифатида рўйхатдан ўтган 3 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.