Жаҳон | 21:22 / 07.03.2025
2368
2 дақиқада ўқилади

Фирибгарлар Сингапур бош вазири дипфейк видеосидан фойдаланиб криптовалюта сотди

Энди мамлакат ҳукумати бундай жиноятларга оид қонунларни кескинлаштириб, фуқароларни фирибгарлардан ҳимоя қилиш учун ахборот билан таъминлашни кенгайтирмоқда.

Фото: Getty images

Сингапур бош вазири Лоуренс Вонг ватандошларини сунъий интеллект томонидан яратилган (дипфейк) видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирди. Бош вазир сўзларига кўра, фирибгарлар улардан криптовалюта сотиш ёки яшаш учун рухсат олиш хизматларини реклама қилиш учун фойдаланган.

2024 йилда Сингапурда 51 мингдан ортиқ фирибгарлик ҳолатлари, шу жумладан дипфейк аниқланган. Бу ўтган йилга нисбатан 11 фоизга кўп. Умуман олганда, ўтган йили сингапурликлар фирибгарлар туфайли 827 миллион доллар йўқотган. Энди мамлакат ҳукумати бундай жиноятларга оид қонунларни кескинлаштириб, фуқароларни фирибгарлардан ҳимоя қилиш учун ахборот билан таъминлашни кенгайтирмоқда. Бош вазир Вонг ватандошларини эҳтиёт бўлишга ва фирибгарларга ишонмасликка ва улар билан шахсий маълумотларни баҳам кўрмасликка чақирди.

Ўтган ой фирибгарлар Италия мудофаа вазири Гидо Кросеттонинг сунъий интеллект томонидан яратилган овозидан фойдаланган эди. Улар вазир номидан италиялик тадбиркорларга қўнғироқ қилиб, унинг овози билан уларни Сурия ва Эронда гаровда бўлган Италия фуқароларини озод қилиш учун хорижий банклардаги ҳисоб рақамларига пул ўтказишга кўндирган.

Мавзуга оид