Жамият | 11:39 / 24.02.2025
58729
9 дақиқада ўқилади

"Виждон азобида қолиб кетдим" - Самандар Ҳамроқуловнинг иқрори

Kun.uz Тошкентдаги Gold terapi клиникаси ва унинг асосчиси Хайрулла Қосимовнинг фаолиятидан норози мурожаатларни эълон қилган эди. Унда мурожаатчилар хонанда Самандар Ҳамроқулов иштирокидаги роликларни ва Chotki tv каналидаги рекламани кўриб муолажага катта миқдорда пул тўлашганини ва жараёнда уларга психотроп ичимлик ичирилганини иддао қилишди. Шундан кейин таҳририятга мурожаатлар оқими янада кўпайди.

Ўзбекистон аҳлидан, “мен Самандарни кўриб бордим” деганларнинг ҳаммасидан узр сўрайман

Хусусан ўша кўрсатувда тилга олинган хонанда Самандар Ҳамроқулов изоҳ беришини маълум қилди.

Хонанданинг айтишича, у ҳам шу ичимлик таъсирида бўлган, аммо кўрсатувни кўргунга қадар бу ҳақида ўзи ҳам билмаган. Танишларнинг тавсияси билан хотиранинг пасайиши, узлуксиз чарчоқ, уйқусизлик сабабли “профессор” қабулига борган ва унинг таъсирига тушиб қолган:

“Kun.uz’даги суҳбатни кўрганимда бири 16 минг, бири 15 минг доллар деганларни кўрдим. Айниқса паркинсон ташхисли йигитнинг “менинг охирги умидимни пул қилди Хайрулла Қосимов” дегани менга ёмон таъсир қилди. Шунинг учун келдим мен бу ергаки, одамлар ҳақиқатни билсин. Мен энди тушуняпман, мен билан подкаст учун келган, “даволандим, тузалдим” деганларнинг ҳаммаси актёр экан. Кўрсатувни кўрганимдан кейин чидаб туролмадим, ёмон виждон азобида қолдим. Мен игна билан қудуқ қазиётган одамман.

Ҳар қандай ялтираган нарса тилла бўлавермас экан. Оз вақтда катта резултат ваъда қиляптими – ҳар доим шубҳа билан қаранг. Менга ўхшаб ёмон ҳолатга тушиб қолманг. Ўзбекистон аҳлидан, “мен Самандарни кўриб бордим” деганларнинг ҳаммасидан узр сўрайман”.

Хайрулла Қосимовнинг қабулида унга катта миқдорда – 60000 доллар пул тутқазади ва шунақа кўп пул топишини ваъда қилади. Муолажасига ҳозир тўласа 20 млн тўлашини, агар кейинроқ ёки бўлиб тўласа 90 млн бўлишини айтган.

“Суҳбат пайтида менга термосдан дамлама қуйиб берди. Ўтдан бўлган дамлама. “Шуни ичинг, бу ичингиздаги программаларни тозалайди”, деди. Суҳбат давомида амин бўлдимки, у мени тузата олади. Чунки ҳеч иккиланмасдан, ишонч билан гапиряпти.

15 ёки 16 млн чиқди бор пулимиз, шуни тўладим. “Бу кам, аслида бунақа пулга даволамайман. Лекин сизга битта хизмат бор, сизни даволайман шу пулга. Фақат ўзгариш бўлгандан кейин сиз битта интервю берасиз, унда яхши бўлганингизни айтасиз”, деди. Рози бўлдим”.

Суҳбатда унга турли психологик таъсир қилувчи саволлар берилади. Қўрқув блокингиз ечилди дейилади. Ваҳоланки унда ичимлик таъсирида галлюцинация ҳолати юз бераётган бўлган.

Хонанда уйга қайтгач аҳволи оғирлашади ва қон қайт қилади. Психохимик шундай бўлиши мумкинлигини айтгани учун буни табиий қабул қилса-да соғлигидан хавотирга тушади. Орадан бир ҳафта ўтиб у ўзини яхши ҳис қилади, ишлари юришганини сезади. Шуни ўзгариш деб қабул қилган Самандар “профессор”га соғайганини айтиб интервю беради.

Шундан кейин Хайрулла Қосимов унга ўзи тузатган беморларнинг таҳлил натижаларини кўрсатиб улар билан суҳбат қилиб беришини, эвазига гонорар тўлашини айтган. Бу таҳлиллар аниқ ёки номаълумлигидан бехабар актёр бунга рози бўлади. Уларнинг мақсади эса аслида унинг таниқли шахс эканлигидан фойдаланиш бўлган. Чунки Ҳамроқулов иштирокидаги роликлар Қосимов саҳифасида мунтазам айлантирилган ва ҳалигача айлантирилмоқда.

Қон қусдим, ўлиб қоламан деб ўйладим ўшанда

Яна бир мурожаатчи таниқли “Браво” гуруҳининг ҳам биргаликдаги чиқишлари орқали уларга янада ишончи ортган. У барча тилла буюмларини сотиб муолажа олади. У билан ҳам худди шу ҳолат такрорланади.

“Ўзим олий маълумотли бўлсам ҳам, рекламада 100% кафолатга ишониб борганман. Муолажани олганимдан кейин уйга кетаётганимда ичимлик таъсири бўлган шекилли – бефарқ бўлиб қолганман. Уйқу босади, кимдир гапиряптими, биров йиғлаяптими – аҳамият бермайдиган даражада бефарқ бўлиб қоласиз. Худди мия бошқа, руҳ бошқа бўлиб қолгандай. 3-4 соат давом этган. Ўша пайтда 6 ойли эмизикли болам бор эди, бу ҳақида айтгандим ҳам. Бир оғиз индашмаган, эмизмай туриш ёки бола билан муносабат қилмаслик ҳақида.

Муолажа тугагандан кейин менда ўзгариш қачон бўлишини сўрасам орадан камида 3 ой ўтиши кераклигини, 8 ойда ёки 1 йилдаям натижа бўлиши мумкинлигини айтди. “Бир йилдан кейин сиз умуман бошқа ҳаётда яшаётган бўласиз, ҳали кўрасиз. 100% кафолат бераман сиз умуман бошқача яшайсиз, муаммоларингиз ҳал бўлган, пулга очилган ҳаётда яшайсиз”, деди.

Охирги муолажадан кейин мазам қочди. Тинимсиз қусдим, бунда одатда одамда ичидаги овқат қолдиқлари чиқади. Лекин менда қонга ўхшаш, қўрқинчли, лахта-лахта нарса чиқди. Ўлиб қоламан деб ўйладим ўшанда, жуда қаттиқ қўрққанман.

Кейин қарасам бошқа давлатда қабул қиляпти ва ҳамма танийдиган “Дизайн” (“Браво”) гуруҳи реклама қилган. Одамлар изоҳларда кредит олиб бўлса ҳам боришини ёзишганини кўрдим”.

Аёлнинг оилавий, молиявий ҳолати бу муолажалардан кейин тобора ёмонлашган. Қосимовнинг саҳифасида авж олаётган “программалаштириш” кампаниясини кўрган аёл чидай олмай изоҳ ёзади ва блокланади.

Яна бир мурожаатчи кредит олиб муолажага борган. Бирор фойда олмаган бўлса-да, ҳалигача кредит тўлайди.

Шогирд тушиш – 40 000 доллар

Айни пайтда Қосимовнинг бир қанча шогирдлари ҳам ўзларига “психохимик” деган ном қўйиб, 1000% кафолат ваъда қилиб, худди шундай фаолият олиб боришяпти. Мурожаатчининг сўзларига қараганда, бу анча қимматга тушади:

“Нима иш қилсам, зўр бўлиб кетишини сўраганимда “ҳозир шогирдлик курсимни очяпман, менга ўхшаб ишлайсиз, олий маълумотли экансиз, демак одамларга яхши етказиб берасиз”, деди. Мен ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Нархини сўрасам 40 000 доллар деди.

10 та шогирди 10 кун давомида бир хил сценарий асосида бир хил пост қўяди, бир хил гап гапиришади, қўлларида бир хил пул кўрсатишади. “Шунча пул топиб, жамиятга фойдали бўляпман, сиз ҳам фойдали бўлинг”, деган гапларни айтишади. Кузатиб турган одам буни тезда англаб олади”.

Бундан тушуниш мумкинки, мўмай пул тўлаб эвазига пуч шартнома ва ёлғон ваъдалар олаётган ҳамюртларимиз сони ҳали анчагина бўлиши мумкин.

Кўрсатилмайдиган ғаройиб “аппарат”, яроқсиз шартномалар ва сукут сақлаётган ташкилотлар

Кўрсатувни тайёрлаш жараёнида таҳририятга ўзини Gold terapi вакили Рихситилла деб таништирган шахс ташриф буюрди. Унинг эътирозларини эшитар эканмиз, Америкадан келтирилган, одам миясини “программа” қиладиган аппаратини кўрсатишни сўрадик. Аммо ҳалигача бу саволимизга жавоб берилмади.

Эътибор берилса, даволанаётганларга 1 йилгача муддат ваъда қилинади. Аммо шартномада пулни қайтариш 2 ойгача амал қилиши ёзилган. Умидвор беморлар эса йил давомида шифо кутади. Натижа бўлмади демоқчи бўлишса, қарабсизки шартномада кўрсатилган муддат тугаган.

Шу ўринда қизиқки, бир қанча фуқароларнинг турлича ҳуқуқлари суиистемол қилиняпти, бузиляпти. Аммо тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари, жумладан Бош прокуратура, Ички ишлар бўлимлари, мурожаатларни қабул қилувчи портал, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш қўмитаси, уларга лицензия берган Инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу масалада лом-мим демади. Gold terapi’га лицензия берган вазирликка боғланганимизда, улар фақат лицензия беришларини, клиниканинг кейинги фаолияти учун ички ишлар идоралари жавобгар эканлигини айтишди.  

Программалаштирилган миялар – “Психохимик - 2”

Мавзуга оид