Жаҳон | 10:16 / 19.02.2025
12164
10 дақиқада ўқилади

Ар-Риёдда АҚШ ва Россия музокаралари ўтказилди. Асосий маълумотлар

Томонлар муносабатларни нормаллаштиришга келишиб олишган.

Evelyn Hockstein / AFP / Scanpix / LETA

Украинадаги уруш бошланганидан буён илк бор Россия ва АҚШ делегациялари ўртасида музокаралар ўтказилди. Томонлар 18 феврал куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда, қироллик оиласининг Албасатин мажмуасидаги саройларидан бири – Дирияда учрашишди. Унда Украина ва Европа давлатлари вакиллари иштирок этмади.

Музокараларда Россия номидан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, шунингдек, Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ) раҳбари Кирилл Дмитриев иштирок этди. Россия делегацияси таркибига Ташқи ишлар вазирлигининг Умумевропа ҳамкорлиги департаменти директори ўринбосари Дмитрий Балакин ва Россиянинг Канададаги элчихонаси маслаҳатчи-вакили Владимир Проскуряков ҳам кирди, деб ёзади «Система». Учрашувда АҚШ номидан давлат котиби Марко Рубио, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ҳамда президентнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этди.

Музокаралар тўрт ярим соатга яқин давом этган. ТАСС хабарига кўра, учрашув мобайнида икки бор танаффус қилинган, биринчи ҳолатда томонлар 15 дақиқалик пауза олишган, иккинчисида — ланч қилиб олишган.

Россия ва АҚШ делегациялари «барча масалалар бўйича жуда жиддий суҳбат ўтказди», деди Юрий Ушаков. У музокаралар «яхши» кечганини қайд этган.  «Биз бир-биримизнинг манфаатларимизни ҳисобга олиш, шу билан бирга икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга келишиб олдик. Бундан Москва ҳам, Вашингтон ҳам манфаатдор», — дея қўшимча қилди Россия президенти ёрдамчиси.

Ушаковнинг қайд этишича, томонлар Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Доналд Трамп учрашувига тайёргарликни муҳокама қилган, бироқ бу учрашув «кейинги ҳафтадаёқ ўтказилиши даргумон». Россия ва АҚШ музокарачиларининг алоҳида гуруҳлари Украина бўйича алоқага киришади. Ким Россиядан музокарачилар сафига кириши ва Украина бўйича алоқалар қачон бошланишини Путин ҳал қилади, деди Ушаков.

РФПИ раҳбари Кирилл Дмитриев музокаралар якунида «муроса ҳақида гапиришга ҳали эрталиги, томонлар эндигина бир-бирини тинглашни бошлагани»ни айтди, унинг сўзларига кўра, Россия ва АҚШ вакиллари «ҳурмат билан» ва «тенг ҳуқуқли» мулоқот қилган, деб ёзади Reuters.

Россия ва АҚШ музокаралар чоғида «муаммоли масалаларнинг бутун комплекси»ни муҳокама қилди, деди Россия ТИВ вакили Мария Захарова. Кирилл Дмитриев музокаралар бошланишидан олдин ҳам Россия АҚШга савдо-иқтисодий соҳада бир қатор таклифлар юборганини маълум қилганди.

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров учрашув давомида томонлар «нафақат тинглагани, балки бир-бирини эшитгани»ни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, улар икки давлат элчиларини имкон қадар тезроқ тасдиқлашга келишиб олишган. Вазир элчихоналар ишини қийинлаштирган тўсиқларни олиб ташлашга чақирди.

Томонлар, шунингдек, яқин келажакда «Украинани тартибга солиш жараёни»ни бошлашга келишиб олдилар. АҚШ Россия-Украина урушини тугатиш бўйича музокараларда уларни ким ифода қилишини маълум қилиши керак, деди Лавров. «Биз тегишли вакилнинг исми ва лавозимини билганимиздан сўнг, <...> дарҳол ушбу жараёндаги иштирокчимизни белгилаймиз», — деди вазир.

Музокаралар чоғида эришилган яна бир келишув — мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни «тўлиқ ҳажмда» қайта тиклаш учун шарт-шароит яратиш ва уни турли соҳаларда кенгайтириш.

Бундан ташқари, Россия вакиллари америкалик суҳбатдошларига Украинада НАТО давлатлари тинчликпарвар кучларининг мавжудлигига Россия Федерацияси рози бўла олмаслигини тушунтирган. Ўз навбатида, Қўшма Штатлар вакиллари Ар-Риёддаги учрашувда Россия ва Украина энергетика объектларига ҳужумларга мораторий жорий этишни таклиф қилишди, деди Лавров.

Россия ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Москва ва Вашингтон Ар-Риёддаги музокаралар чоғида Россия-Америка муносабатларини йўлга қўйиш билан шуғулланган ва бу «муваффақиятсиз бўлмаган».

АҚШ Давлат департаменти Вашингтон ва Москва муносабатларни нормаллаштириш устида ишлашга келишиб олганини маълум қилди. Музокаралар иштирокчилари «тегишли дипломатик ваколатхоналаримиз ишини нормаллаштириш учун зарур чораларни кўриш мақсадида икки томонлама муносабатларимиздаги асабийлаштирувчи омилларни бартараф этиш бўйича маслаҳатлашувлар механизми»ни яратишга қарор қилишди, деди АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Тэмми Брюс.

Давлат департаменти Украинада мустаҳкам тинчлик ўрнатиш учун «битта қўнғироқ, битта учрашув етарли эмаслиги»ни таъкидлади, деб ёзади Bloomberg. «Биз ҳаракат қилишимиз керак ва бугун олдинга муҳим қадам ташладик», — деди Тэмми Брюс. Унинг сўзларига кўра, Лавров ва Рубио Россия-Украина урушини ҳал қилиш бўйича музокара гуруҳларини тузишга келишиб олган.

Шунингдек, томонлар «Украинадаги можаронинг муваффақиятли якунланиши натижасида юзага келадиган ўзаро геосиёсий манфаатли масалалар, шунингдек, тарихий иқтисодий ва инвестициявий имкониятлар бўйича келажакдаги ҳамкорлик учун пойдевор яратиш»га келишиб олган.

Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио Россия ва АҚШ Москва ва Вашингтондаги элчихоналар ходимлари сонини олдинги ҳолатига қайтариш бўйича ҳам келишиб олган.

Fox News маълумотларига кўра, Россия ва АҚШ Россия-Украина урушини тугатиш бўйича уч босқичли тинчлик режасини таклиф қилган: аввал ўт очишни тўхтатиш, кейин Украинада сайловлар ўтказиш, шундан сўнг якуний келишув имзоланади. Бу ҳақда Американинг Fox News телеканалига Саудия Арабистонидаги музокараларга яқин бўлган бир нечта хорижий дипломатик манбалар маълум қилди. Уларнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Россия Украинада янги сайловлар ўтказилишини «ҳал қилиш жараёни муваффақиятининг асосий шарти» деб ҳисобламоқда. Fox News манбалари таъкидлашича, Украинада Путин шу йўл билан амалдаги президент Володимир Зеленскийдан кўра мослашувчанроқ номзод Украина президенти бўлишига интилмоқда. Трамп ва Путин Зеленскийнинг қайта сайланиш имкониятини паст деб ҳисобламоқда.

Лавров урушни тўхтатиш режаси ҳақида хабарларни кўрмаганини айтди. «Мен бу маълумотни кўрмадим. Аммо бугун мен Полша ташқи ишлар вазири Радек Сикорскийнинг Мюнхеннинг бир бурчагида АҚШ вакили [Украина бўйича] Кит Келлог билан учрашгани ҳақида гапирган баёнотига ҳавола топдим. Ва Келлог унга қандайдир келишув режаси ҳақида маълумот берган экан... Аммо Сикорский бу режани шарҳларкан, тафсилотларни очиб бера олмаслигини айтди, режа одатий эмас, лекин жуда қизиқарли бўлиши мумкин. Мен бугун [АҚШ давлат котиби Марко] Рубио ва [президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк] Уолцдан бу нимани англатишини сўрадим. Улар бу фейк эканини айтишди», — деди россиялик вазир.

Зеленский Саудия Арабистонидаги музокараларга изоҳ берар экан, Украина Россиянинг ултиматумларини қабул қилмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, уруш бошида Москва аллақачон Киевга ултиматум қўйиб, Украина қуролли кучлари сонини камайтириш ва Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудларини тан олишни талаб қилган. Шунингдек, Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Украинада россияпараст раҳбариятни кўришни хоҳлаган.

«Менда шундай таассурот уйғондики, ҳозир қандайдир музокаралар ўтмоқда ва улар худди шу кайфиятга эга, аммо бу Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида бўлиб ўтяпти. Украина ҳақида, яна Украина ҳақида ва Украинасиз. Қизиқ, агар биз энг оғир пайтда ҳам бу ултиматумларга рози бўлмаган бўлсак, Украина энди бунга рози бўлади, деган фикр қаердан пайдо бўлди экан», — дейди Зеленский.

Украина президенти 19 феврал куни Саудия Арабистонига бормаслигини маълум қилди. Ар-Риёдга ташриф гуманитар дастурни муҳокама қилиш ва асирларни алмашиш мақсадида режалаштирилган эди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, сафар 10 мартга кўчирилган. Reuters манбалари Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог Киевга бораётгани ҳақида хабар берган. Украина раҳбари, шунингдек, Киевда АҚШ вакилларини кутаётганини таъкидлади.

Россия ва АҚШ музокаралари олдидан Ар-Риёдда Европа давлатлари раҳбарларининг фавқулодда саммити бўлиб ўтди. Парижда 17 феврал куни Франция, Германия, Буюк Британия, Полша, Италия етакчилари, шунингдек, Еврокомиссия ва НАТО вакиллари учрашди. Саммитда ҳеч қандай «мажбурий қарорлар» қабул қилинмади, деди Полша бош вазири Доналд Туск. Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, ўз навбатида, Британия тинчликпарвар кучларини Украинага юборишга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади.

Музокаралардан бироз олдин АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Европа давлатларини танқид қилганди. У Европа расмийларини демократик қадриятларга хиёнатда айблади, уларни ўнг қанот популистик кучларига қарши кураш учун танқид қилди, шунингдек, Америка демократияси «Грета Тунбергнинг ўн йиллик сўкишларига чидагани» учун европаликлар ҳам «Илон Маскнинг бир неча ойига чидаши» кераклигини айтди.

Мавзуга оид