Фронтдаги вазият: Москва Курск областидаги жиддий ютуқлари ҳақида эълон қилмоқда
Якшанба куни Россиянинг расмий манбалари РФ армияси Курск областида аввалроқ Украина ҳарбийлари ишғол этиб турган аҳоли яшаш манзилларидан яна учтаси назорат остига қайтарилганини маълум қилди. Бир кун аввал Украина қуролли кучлари бош штаби ҳарбий блогерлар ва Украина нашрлари ортидан Россия штурмчи гуруҳларининг газ қувури тармоғи орқали Суджа шаҳрига киришга уриниши ҳақида хабар берганди.

Станислав Красилников / РИА Новости / Спутник / Profimedia
Россия ҳарбий идорасининг телеграм-каналида жойлаштирилган хабарда Малая Локня, Черкасское Поречное ва Косица аҳоли пунктлари озод қилингани ҳақида сўз боради. Сўнгги икки кун мобайнида Россия мудофаа вазирлиги ўз ҳарбийлари Курск областидаги Лебедевка, Викторовка, Николаевка ва Стараая Сорочина қишлоқлари ҳамда Украинанинг Суми областидаги Новенкое хуторини назорат остига олгани ҳақида ҳам маълум қилганди.
Украина манбалари бу маълумотларни расман тасдиқламади, аммо Украинанинг нуфузли DeepState лойиҳаси харитасида бу аҳоли пунктларининг барчаси Россия назорати остига ўтгани кўрсатилган.
Россия қўшинлари Курск областида фаол амалиёт ўтказаётгани ҳақида Россияда ҳам, Украинада ҳам кўплаб журналистлар ва «ҳарбий мухбирлар» хабар беришди. Ҳафта охирида Украина оммавий ахборот воситалари, ҳарбийлар ва DeepState россияликлар Курск областидаги украин бўлинмаларига таъминот етказиб беришда муҳим ҳисобланган Суми-Суджа трассасига шарқдан яқинлашиб келишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берди. Бу эса Россия ҳудудидаги қўшинлар қуршовга тушиш хавфини туғдирди.
Журналист ва Цензор.НЕТ бош муҳаррири Юрий Бутусов 8 март куни фейсбукда Курск йўналишида вазият ёмонлашишда давом этаётгани ҳақида ёзганди. У Россия қўшинлари бутун фронт бўйлаб тинимсиз зарбалар бераётганини қайд этган.

Бутусовнинг сўзларига кўра, Россия ва Шимолий Корея қўшинлари «фавқулодда қаҳрамонлик ва матонат кўрсатаётган» украин жангчиларидан сон жиҳатдан сезиларли устунликка эга.
Бутусов Россия Украина ҳарбийлари ҳаракатланувчи йўлларни шиддатли зарбалар билан назоратга олгани, шунинг учун энди Курск областидаги позицияларни ушлаб туриш «фронтнинг бошқа барча участкаларидан энг қийини» эканини таъкидлаган.
Якшанба куни Россия мудофаа вазирлиги ҳам Россия дронлари 2024 йил августида эгаллаб олинган Суджадан чекинаётган украин ҳарбийлари автоколоннасига ҳужум қилаётгани кўрсатилган видеони намойиш этди.
Шунга ўхшаш хабарлар аввалроқ россиялик ҳарбийлашган блогерлар томонидан эълон қилинган бўлиб, улар бир кун олдин рус ҳарбийлари Украина қуролли кучлари томонидан қисман эгалланган Курск областида муваффақиятли операция ўтказганини айтишганди.
Россиялик блогерларнинг таъкидлашича, Суджадаги ҳужумда «Ахмат» махсус топшириқли кучлари, «Ветеранлар» штурмчи бригадаси, «ДХР»дан бўлган «Восток» бригадаси ҳамда бошқа бўлинмалар иштирок этмоқда. «Ахмат» қўмондони Апти Алаудинов шанба куни «фронтнинг Курск участкасининг барча йўналишларида барча бўлинмалар кенг кўламли ҳужумга ўтгани»ни айтганди.
Газ қувури орқали киришга уриниш: нималар маълум?
Шанба куни кечқурун Украина қуролли кучлари бош штаби шундай хабар берди: «Десант-штурм кучлари бўлинмалари газ қувури бўйлаб Суджага қараб ҳаракатланаётган Россия махсус кучларини йўқ қилмоқда».
Гап «Уренгой-Помари-Ужгород» магистрал газ қувури ҳақида кетмоқда, у Суджа орқали ўтади ва 2025 йил 1 январдан буён ишламаяпти.

Украина Бош штаби маълумотларига кўра, диверсант-штурм гуруҳлари Суджа атрофида мустаҳкамланишга ҳаракат қилган, аммо «улар ўз вақтида аниқланган», «блокланган» ва «йўқ қилинган». Украина ҳарбийларига кўра, русларнинг Суджа ҳудудидаги йўқотишлари «жуда катта». Украина қуролли кучлари Бош штаби ҳам фейсбукдаги саҳифасида жанг видеосини эълон қилди. Унда газ қувури устига артиллерия зарбалари ёғдирилганини кўриш мумкин.
Якшанба куни Курск области губернатори вазифасини бажарувчи Александр Хинштейн ўз телеграм-каналида шаҳарга қувур орқали кириб боришга уриниш ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.
«Душман дронлари, миналари ва техникасини четлаб ўтиш учун Россия қуролли кучлари илгари Россиядан Украина орқали Европага газ етказиб берилган магистрал газ қувуридан фойдаланган», – деб ёзди Хинштейн.
«Бу жиддий қадам эди, – дея қўшимча қилди Хинштейн. – У ерда тик ҳаракатланиб бўлмаслигидан ташқари (эгилган ҳолатда, ҳарбий либосда ўнлаб километр юриш!), заҳарланиш хавфи ҳам бор эди, ҳимоя воситалари керак бўлди».
Хинштейн россиялик ҳарбийлар «барча хавф-хатарларни билгани, аммо барибир олдинга юргани ва барча мақсадларига эришгани»ни таъкидлаган. У бу даъволарга ҳеч қандай далил келтирмаган.
Россия мудофаа вазирлигига яқин бўлган Rybar телеграм-канали қувур орқали амалиёт ҳақидаги хабарларга муносабатида «Курск областида ҳарбий ҳаракатлар фаоллашгани» ва «ютуқлар борлиги», аммо улар «қимматга тушаётгани»ни таъкидлайди.
Уруш тарафдори бўлган бошқа бир «Северний» телеграм-канали эса Суджага киришга уриниш катта йўқотишлар туфайли муваффақиятсизликка учраганини ёзган. «Бу сафар Украина қуролли кучлари тайёр эди ва йигитларимиз кучли зарбалар остига тушиб қолишди», – дейилади хабарда.
Украиналик ҳарбий блогер Мирослав Гай Украина қуролли кучларининг десант-штурм бригадаларидан бирининг қўмондонлиги душманнинг «Прогресс» магистрал газ қувурининг ерости коммуникацияларидан фойдаланиш режалари ҳақида олдиндан разведка маълумотларини олганини айтди.
«Душман Украина қуролли кучлари назорати остидаги ҳудудга муҳандислик иншоотларидан фойдаланган ҳолда Авдийивка амалиёти сценарийси бўйича ҳаракат қилишга уринган», – дейилади ҳарбий эсатмада. Унинг сўзларига кўра, украин ҳарбийлари туннелдан чиқиш жойида пистирма уюштирган ва россиялик ҳарбийларнинг катта қисмини яксон этишга муваффақ бўлган.
Шанба куни эрталаб «Украинская правда» газетаси Курск областида бўлиб турган украиналик ҳарбийга таяниб, 8 март куни 100 га яқин россиялик ҳарбийлар Украина қуролли кучлари позицияларига газ қувури орқали яқинлашиб келгани, аммо бу украинлар учун «кутилмаган ҳолат» бўлмаганини ёзганди.
Нашр манбаси россияликлар газ қувури ёқалаб ҳам штурмчи ротани сездирмасдан олиб ўтишга урингани ҳақида гапирган. Аммо Украина кучлари бу гуруҳни ҳам ўз вақтида аниқлаб, унинг ҳаракатини тўхтатган.
«Можем объяснит» телеграм-канали Z-каналлар эълон қилган Суджа штурми амалда бошланмагани, «Қувур» операцияси эса отряднинг бир қисми ҳалокати билан якунлангани ҳақида ёзган. Манба маълумотига кўра, қувур орқали ҳаракатланган ҳарбийларнинг бир қисми заҳарланиб ҳалок бўлган, қолгани Богдановка қишлоғидан шарқда қувурдан чиққанида кассетали снарядлар ёмғири остида қолган. Ушбу амалиётга тайёргарлик Z-муаллифлардан бирининг пости туфайли украинларга олдиндан маълум бўлган – у Курскда зудлик билан кислород баллонлар зарурлиги ҳақида ёзганди.
Ҳарбий таҳлилчи Ян Матвеев қайд этишича, қувур орқали олиб ўтилган ва енгил қуролланган отряд (тахминан 100 киши) рақибнинг фронторти ҳудудида тўлақонли амалиёт ўтказа олмасди. «Бу ваҳима уйғотиши ва асосий юришни қўллаб-қувватлаши керак эди», – дейди у.
Суджа атрофидаги вазият қандай?
Россия ҳарбийлари Курск областида катта масофага илгариаб, украин ҳарбийларини плацдармнинг шимолий қисмидан суриб ташлаб, Суджага чекинтирган ва ушбу шаҳарга уч томондан яқинлашмоқда. Буни Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) хариталари, шунингдек, BlackBird ва Liveuamap лойиҳалари ҳам тасдиқлайди.
Россия қўшинлари Новая Сорочина (Суджадан 18 км шимоли-ғарбда), Малая Локня (Суджадан 15 км шимоли-ғарбда), Лебедевка (Суджадан 9 км шимоли-ғарбда), шунингдек, аҳоли пунктлари орасидаги далаларни эгаллади, деб ёзади ISW геолокацияланган кадрларга таяниб. Хариталар шуни кўрсатадики, Россия ҳарбийлари Сужадан 5 км шимолда жойлашган Казачая Локняга яқинлашган.
Манбаларга кўра, Украина қуролли кучлари учун Курск областидаги вазият ёмонлашувига Украина АҚШ разведка маълумотларидан маҳрум бўлиши ҳам сабаб бўлмоқда.
Американинг Time журнали Украина ва Ғарбдаги бешта нуфузли манбага таяниб, айнан Курск ҳудудидаги операциялар разведка маълумотлари йўқолишидан энг кўп зарар кўрганини ёзди.
«Ушбу танаффус натижасида юзлаб украиналиклар ҳалок бўлди», – дейди украиналик зобитлардан бири мақола муаллифи, таниқли журналист Саймон Шустерга.
Ушбу манба «энг катта муаммо – бу руҳият» экани, бироқ Вашингтоннинг разведка маълумотлари алмашинувини тўхтатиш қарори «душманга фронтда устунлик бериши»ни қўшимча қилган.
Шустернинг Украина ҳукуматидаги манбасининг таъкидлашича, Украина қуролли кучлари «нафақат Курск областида, балки Россия назоратидаги барча ҳудудларда» муаммоларга дуч келмоқда, чунки украиналик ҳарбийлар Россия авиацияси яқинлашаётганини олдиндан пайқаш имкониятидан маҳрум бўлган.
Бу нафақат фронтдаги вазиятга, балки Украинанинг Россия самолётларининг мамлакат шаҳарларига ҳужумларини қайтариш қобилиятига ҳам таъсир қилади, дейилади мақолада.
Мавзуга оид

13:19
Маск: Starlink ҳеч қачон Украинадаги ўз терминалларини ўчириб қўймайди

23:40 / 09.03.2025
Украина Қрим кўпригини бутунлай яксон қилиш бўйича янги операция тайёрламоқда

20:11 / 09.03.2025
Россиялик ҳарбийлар Суджага газ қувури орқали ҳужум қилди

19:14 / 09.03.2025