Жамият | 17:18 / 08.02.2025
28979
5 дақиқада ўқилади

“Сен қулсан” – Косонда келинини мунтазам хўрлаб келган қайнота ва қайнона ҳамда уларнинг ўғли озодликдан маҳрум қилинди

Уч нафар вояга етмаган фарзанди бўлган келин ҳудуддаги фермер хўжаликлари далаларида ишлаб, кунига 60 минг сўм атрофида пул топган. Топган пули қўлидан тортиб олинган ҳолда мунтазам калтаклаб келинган аёл бу тазйиқларга чидай олмасдан ўз жонига қасд қилиб, вафот этган. Суд қайнота ва қайнона, шунингдек, аёлнинг турмуш ўртоғи ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш жиноятини содир қилган деб топди.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида аёлини хўрлаб келган эркак ва унинг ота-онаси жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Косон туманининг Халқобод маҳалласида яшаб келган Баҳодир Тожиев 2017 йилда Мафтуна Омонова билан турмуш қурган. Улар 3 нафар фарзандли бўлган.

Баҳодир Тожиев хотинидан қутулиш мақсадида отаси Ботир Саноев ҳамда онаси Шойира Боймуродова билан тил бириктирган. Улар Мафтуна Омоновага нисбатан мунтазам равишда раҳмсиз муомалада бўлишиб, муттасил равишда унга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиб келишган. Ҳатто ўзи ишлаб топган пулини тортиб олишган.

Жумладан, 2024 йил март ойида аёл ўзи ишлаб топган пулларини сўраганида Баҳодир Тожиев “Сен қулсан, сени йўқота олмадим”, дея уни калтаклаган. Сўнгра кетишини талаб қилиб, ота-онасининг уйига ҳайдаб юборган.

2024 йил май ойида келин турмуш ўртоғи ҳамда қайнота ва қайнонасидан фарзандини даволатиш учун пул сўраган. Аммо “учлик” Мафтунага “Сенинг уканг ногирон бўлса, фарзандинг ҳам уруғингга тортган, шундай юраверсин. Фарзандларинг ҳам алкаш отанг ва ногирон укангга ўхшаган”, дея уни уришиб беришган. Кейин аёлни яна хўрлаб, уриб-дўппослаган ҳолда ота-онасининг уйига ҳайдаган.

Қайнота-қайнона ва ўғил Мафтуна Омонова ота-онасиникидан қайтиб келгач, унинг пуллари ва фарзандлари учун давлат томонидан бериладиган пул маблағлари тушадиган пластик картасини тортиб олган. 2024 йил 26 июнда келин пулларини ва пластик картасини қайтариб беришларини сўраган. Шунда Ботир Саноев келинига “Сен ҳали гап қайтарадиган ва пулларингни сўрайдиган бўлдингми, ҳароми” дея бақирган. Сўнгра учовлашиб яна аёлни калтаклаб, ота уйига ҳайдаб юборишган.

Келин турмуш ўртоғи, шунингдек, қайнота ва қайнонаси шахсига оид ҳужжатларни ва пул маблағларини тортиб олгани ҳолати юзасидан 2024 йил 27 июн куни Косон туман ИИБга мурожаат қилган. Баҳодир Тожиев, Ботир Саноев ва Шойира Боймуродова жавобгарликдан қутулиш мақсадида Мафтуна Омоновани даъвосидан воз кечишга ва ярашишга кўндирган. Тўпланган ҳужжатлар 2024 йил 9 июл куни жиноят ишлари бўйича Косон тумани судида кўриб чиқилган. Суд қарори билан Баҳодир Тожиев МЖтКнинг 592-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. У МЖтКнинг 21-моддасига асосан жавобгарликдан озод қилиниб, огоҳлантирилган.

Бироқ эркак бундан тегишли хулоса чиқармасдан, ота-онаси билан биргаликда турмуш ўртоғига руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказишда давом этган. Бунинг оқибатида Мафтуна Омонова 2024 йил 19 июл куни ўз жонига қасд қилиб, вафот этган.

Баҳодир Тожиев, Ботир Саноев ва Шойира Боймуродова судда айбига иқрорлик билдирмаган.

Қайнота ўз кўрсатмасида шундай деган:

Келиним ва ўғлим ўртасида ўзаро тортишув ва жанжаллар бўлиб келган. Аммо мен ва турмуш ўртоғим келинимни ҳақорат қилмаганмиз. Келинимга тегишли бўлган пластик картани машинамда сақлашимдан мақсад – пул тушганидан сўнг нақдлаштириш, баъзида эса дори-дармон сотиб олиш ва рўзғорга ишлатиш бўлган.

Келиним фермер хўжаликлари ер майдонларида ишлаб, кунига 60 минг-70 минг сўм атрофида пул топган. Келинимга бирон-бир нарса керак бўлганида ўғлим унга ўзи ишлаб топган пулларга олишини айтган”.

Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг 2025 йил 3 февралдаги ҳукми билан Баҳодир Тожиев, Ботир Саноев ва Шойира Боймуродова Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 2-қисми “а, в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Баҳодир Тожиевга 7,5 йил, Ботир Саноевга 4 йил ҳамда Шойира Боймуродовага 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шойира Боймуродовага тайинланган жазо шартли ҳисобланган ва унга 2 йил синов муддати берилган.

1993 йилда туғилган Баҳодир Тожиев олдин ҳам жиноят содир қилган. У жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг 2012 йил 2 мартдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли топилиб, Жиноят кодексининг 85-моддаси қўлланган ҳолда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг 2013 йил 22 августдаги ажрими билан ўталмай қолган 2 йил 9 ой 11 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Мавзуга оид