Ўзбекистон | 08:41 / 08.03.2025
1442
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда 2 млн нафар аёллар бандлигини таъминлаш режалаштирилган

Шавкат Мирзиёев 7 март куни Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш масалаларига алоҳида тўхталди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу йил 2 миллион нафар аёллар бандлигини таъминлаш, шундан 1 миллион 300 минг нафар хотин-қизни тадбиркорликка жалб этиш режалаштирилган. Бунинг учун тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қулай молиявий пакетлар тақдим этилади.

“Миллий банк” хизматлар соҳасида камида 200 минг нафар хотин-қизнинг лойиҳаларига кўмаклашади. “Туронбанк” АТБ лимончиликда 150 минг нафар аёллар даромад топиши учун арзон кредитлар тақдим этади.

Худди шунингдек, “Микрокредитбанк” АТБ паррандачиликда – 160 минг нафар, “Саноат қурилиш банк” АТБ сабзавот ва кўчатлар етиштиришда – 160 минг, “Халқ банки” узум, брокколи ва маҳаллий карам етиштиришда – 150 минг, “Агробанк” боғдорчилик йўналишида – 144 минг, “Бизнесни ривожлантириш банки” кўкат, булғор қалампири, бақлажон ва помидор етиштиришда – 94 минг, “Асакабанк” фармацевтика ва узумчиликда – 82 минг, “Алоқабанк” IT, асаларичилик ва мевали экинлар етиштиришда 58 минг нафар аёлларни банд этишга кўмаклашади.

Шу мақсадда бу йил маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 миллион доллар берилади. Бунга қўшимча равишда тижорат банклари ҳам 100 миллион доллар жалб қилиб, маҳаллаларда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизларга 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратади.

Ўтган йили ташкил этилган “Ҳамроҳ” компанияси янги тизим асосида Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастурини бошлаган эди. Бу лойиҳага ҳам 100 миллион доллар ажратилган.

Мавзуга оид