Ўзбекистон | 16:43 / 20.01.2025
8216
3 дақиқада ўқилади

Ҳисорак сув омбори ҳақида ёлғон хабар тарқатганлар жиноий жазога тортилди

Тарқатилган ёлғон хабар 150 дан ортиқ оила ўз уйини ташлаб, яшаш учун вақтинча бошқа ҳудудларга кўчиб ўтишига сабаб бўлган. Бунинг оқибатида уларга қарийб 400 млн сўмлик зарар етган.

Фото: Видеодан кадр

Ҳисорак сув омбори бўйича ёлғон ахборот тарқатган шахсларга суд ҳукми ўқилди.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, 2024 йилнинг 10 июн куни Шаҳрисабз туманидаги Ҳисорак сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннел очилиши жараёнида ёриқ пайдо бўлган ҳамда сув сизиб чиққан. Тузилган ишчи гуруҳ томонидан мазкур ҳолат тўлиқ бартараф этилган. Туман ҳокими ва вилоят ФВБ бошлиғи ваҳимага ўрин йўқлиги бўйича баёнот берган.

Шундай бўлса ҳам Д.К. ва У.Ш. ижтимоий тармоқларда одамларни ваҳимага соладиган ёлғон ахборот тарқатган. Жумладан, улар ҳодиса жойига бориб келишгани, сув омбор умуман ямалмагани, масъуллар аҳолини тинчлантириш учун ҳақиқатни яшираётганини билдирган ва ҳудудда яшовчи одамларни ўз чораларини кўришга чақирган.

Бунинг оқибатида туманнинг Шаматон, Темирчи, Биғми, Мевазор, Байналминал ҳам Чуқун маҳаллаларида яшовчи 150 дан ортиқ оила ўз уйларини ташлаб, вақтинча бошқа ҳудудга кўчиб кетишган. Бу эса (ижара пули, кўчиб кетиш ва озиқ-овқат харажатлари) уларга жами 380 млн 750 минг сўмга тушган.

Суд ҳукми билан Д.К. ва У.Ш. Жиноят кодексининг 244-6-моддаси 4-қисми “б” бандида (ёлғон ахборот тарқатиш жуда кўп миқдорда зарар етказиш ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар иккисига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, уларга оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, интернетдан фойдаланмаслик, Қашқадарё вилояти ҳудудидан четга чиқмаслик каби қўшимча чекловлар ўрнатилган.

Ҳисорак сув омборидан сув сизиб чиққани ҳақида хабар 2024 йилнинг 11 июн куни тарқалган эди. Кўп ўтмай Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Ҳасанов ҳамда Қашқадарё вилояти ФВБ бошлиғи Фарҳод Мирзаев Ҳисорак сув омбори олдида туриб, ҳолат бўйича видеомурожаат йўллади. Кейинчалик бу ҳақда ёлғон ахборот тарқатганларга жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид