Жаҳон | 20:50 / 21.01.2025
1504
2 дақиқада ўқилади

Эстония НАТОдан электр таъминоти инфратузилмаларини қўриқлашда ёрдам сўрайди

Феврал ойида Эстония Россия электр тармоғидан узилади. Шу боис мамлакат ўз ҳудудидаги электр таъминоти инфратузилмаларини қўриқлашга НАТО вакилларини жалб этиш ниятида.

Фото: Margus Ansu

Эстония Россия электр тармоғидан узилиш даврида электр таъминоти инфратузилмаларини қўриқлаш учун НАТОдаги иттифоқчиларини жалб этишни режалаштирмоқда.

«Ҳукумат электр тармоғи десинхронизацияси вақтида хавфсизликни таъминлаш вазифаларига нафақат Полиция ва чегарани қўриқлаш департаменти ходимларини, балки мудофаа бўйича иттифоқчиларни ҳам жалб этмоқчи», — дейди мамлакат ички ишлар вазири Лаури Ляэнеметс.

Шунингдек, энергетика объектларини қўриқлашга Kaitseliit кўнгилли ҳарбийлаштирилган ташкилоти ҳам жалб қилинади.

«Муҳим инфратузилма объектлари десинхронизация даври учун вақтинчалик миллий мудофаа объектларига айлантирилди, шунингдек, биз уларнинг айримларини алоҳида кузатувга олишни ҳам режалаштирдик», — дейди Ляэнеметс.

Ички ишлар вазири муҳим электр энергетика объектлари кейинчалик мунтазам давлат мудофаасига олинган объектларга айланиши мумкинлигини истисно этмади.

Болтиқбўйи давлатлари 2024 йил 16 июлда Россия ва Беларусдаги электр энергетика тизими операторларини BRELL шартномасидан (Беларус-Россия-Эстония-Латвия-Литва энергоҳалқаси) чиқиши ҳақида расмий огоҳлантирган эди. Эстония, Латвия ва Литва совет даврида Россия томонидан бошқариладиган ягона синхрон зонага бирлаштирилган. 8 феврал куни мамлакат Россия электр тармоғидан узилишни ва 9 февралдан Европа тармоғига уланишни режа қилган.

Мавзуга оид