Жаҳон | 20:34 / 21.01.2025
11270
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Гренландияни сотиб олиши аср битимига айланиши мумкин — The Economist

The Economist нашри Доналд Трампнинг Гренландияни сотиб олиш ғоясини “аср келишуви” деб атаган ҳолда ўрганиб чиқди. Бу ғоя бир қарашда реал эмасдек туюлса-да, унинг стратегик ва иқтисодий афзалликларига қараб, нима учун бу таклиф муҳокама марказига қайтганини тушуниш мумкин.

Illustration: Alvaro Bernis

Аҳолиси 56 минг кишини ташкил этувчи Гренландиянинг ялпи ички маҳсулоти 3 миллиард долларни ташкил қилади, яъни АҚШ билан солиштирганда – жуда кичик иқтисодиёт. Лекин Гренландия ҳали очилмаган катта салоҳиятга эга.

Орол замонавий технологиялар ва яшил энергетика учун зарур нодир қазилма металлар ва бошқа қимматли минераллар захираларига эга. Шунингдек, Гренландия қирғоқлари яқинида 52 миллиард баррел нефт бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда, бу унинг стратегик аҳамиятини янада оширади.

Оролнинг жойлашуви ҳам муҳим омил. АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳудудда жойлашган Гренландия Американинг мудофаа қобилиятини кучайтириб, Арктикада кузатув ва Гренландия–Исландия–Буюк Британия ўртасидаги муҳим денгиз йўналишини назорат қилиш имконини ошириши мумкин.

Мақолада айтилишича, агар АҚШ ҳар бир гренландияликни миллионерга айлантириш ёки шунга ўхшаш бошқа бирор катта таклифни берса, бу битим ўзаро манфаатли бўлиши мумкин. Лекин бундай таклиф Гренландиянинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ва ресурсларни қазиб олиш билан боғлиқ хатарлар каби сиёсий ва амалий саволларни келтириб чиқаради.

Бу келишув амалга ошиши эҳтимоли паст бўлса-да, мақола муаллифлари бундай стратегик қарорлар тарихни қандай ўзгартириб юборишини таъкидлашмоқда. Масалан, ўтмишда Луизиана ва Аляскани сотиб олиш масалалари ҳам аввалига баҳсли бўлган, лекин бугунги кунда улар АҚШ иқтисодиёти ва геосиёсий мавқеини кучайтирган, узоқни кўзлаб қабул қилинган қарорлар сифатида эътироф этилади.

Мавзуга оид