КХДР Украинадаги урушга 12 минг ҳарбийсини юбормоқчи — Жанубий Корея разведкаси
Бу вақтда ижтимоий тармоқларда Узоқ Шарқдаги полигонда шимолий кореялик аскарлар ҳарбий тайёргарликдан ўтаётгани айтилган видео тарқалмоқда.

Фото: Getty Images
Шимолий Корея ҳукумати 12 минг нафар ҳарбий хизматчини, жумладан, махсус топшириқли бўлинмаларни Украинадаги урушда Россияни қўллаб-қувватлаш учун юборишга қарор қилган. Бу ҳақда Yonhap ахборот агентлиги Жанубий Корея разведка хизмати (NIS)га асосланиб хабар тарқатди.
Манбалар «қўшинлар сафарбарлиги аллақачон бошлангани»ни хабар қилган.
Шу хабар муносабати билан Жанубий Корея президенти Юн Сок Лён разведка ва армия вакиллари билан хавфсизлик масалаларига бағишланган навбатдан ташқари йиғилиш ўтказган.
«[Учрашув] иштирокчилари Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги алоқалар ҳарбий юклар ташиш доирасидан чиқиб кетган ҳозирги вазият нафақат мамлакатимиз, балки халқаро ҳамжамият хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солаётгани ҳақида якдил фикр билдиришди», — дейилган Жанубий Корея президенти маъмурияти баёнотида.
Шунингдек, бу таҳдидга «Сеул барча мавжуд воситалар билан жавоб қайтариши» таъкидланган.
Кейинроқ жанубликлар разведкаси КХДР Россияга аскарларнинг илк партиясини юбориб бўлгани, ракета қўшинлари зобитлари эса аллақачон урушда қатнашаётгани ҳақида хабар тарқатди.
Разведкага кўра, шимолий кореялик 1500 нафар аскар аллақачон Россиянинг Узоқ Шарқдаги полигонларида жойлаштирилган, бу ердан катта эҳтимол билан Украинага йўл олади.

Қайд этилишича, шимолий кореяликларга Россия ҳарбий формалари ва сохта ҳужжатлар берилган.
Бундан ташқари, жанублик разведкачилар шимоллик ракетачи зобитлар аллақачон ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида экани ва Шимолий Корея ракеталарини қўллашда ёрдам кўрсатаётганини маълум қилган.
Жанубий Корея разведкаси шимолий кореялик жангчилар Россияга олиб ўтилганини кўрсатувчи сунъий йўлдош тасвирлари ва фотосуратларни эълон қилган ва Россияга юборилган айрим ҳарбийлар юзни таниш технологияси орқали идентификация қилинганини қўшимча қилган.
Бу вақтда ижтимоий тармоқларда Узоқ Шарқдаги полигонда шимолий кореялик аскарлар ҳарбий тайёргарликдан ўтаётгани айтилган видео тарқалмоқда.
Бу кутилган янгилик
Жанубий Корея расмийлари аввалроқ ҳам Шимолий Кореянинг айрим ҳарбий хизматчилари аллақачон Украинадаги урушда иштирок этаётганини айтишганди. Лекин юборилган қўшин кўлами ҳақида аниқ маълумот берилмаганди.
Ўз навбатида, Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов шимолий кореялик 11 минг ҳарбий Россия шарқида ҳарбий тайёргарликдан ўтаётгани, 1 ноябрга бориб улар Украинага қарши урушда иштирок этишга тайёр бўлиши ҳақида айтганди. У бу маълумот манбасини келтирмаганди. Унинг маълумотига кўра, 2600 нафар аскардан иборат биринчи бўлинма Курск областига юборилади. «Бизда ҳозир тўлиқ картина йўқ», — дея Будановнинг сўзларини келтирган «Украинская правда».
13 октябр куни эса Украина президенти Володимир Зеленский Шимолий Корея Россияга нафақат қурол бераётгани, балки амалда ўз фуқароларини Россия қўшини сафида Украинага юбораётганини ҳам айтганди. Аммо Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган.
The Guardian маълумотига кўра, КХДР ҳарбий муҳандислари Россия қўшинларига Украина бўйлаб Шимолий Кореянинг KN-23 ракеталари билан зарба беришда кўмаклашаётгани ҳақида ёзган. Нашрнинг Жанубий Корея ва Украинадаги суҳбатдошлари октябр ойи бошида Украина Донецк атрофига йўллаган зарба оқибатида ҳалок бўлганлар орасида КХДР ҳарбийлари ҳам бўлганини тасдиқлаган. Улар ҳарбий муҳандислар ёки ҳарбий хизматчилар бўлгани аниқ эмас
Россия ҳукумати Украинада шимолий кореялик ҳарбийлар РФ томонида туриб жанг қилаётганини тасдиқламаган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу маълумотларни «навбатдаги ҳазил» деб атаган.
Жанубий Кореянинг сўнгги маълумотларига кўра, Шимолий Корея армиясидаги ҳарбий хизматчилар сони 1,28 миллион кишини ташкил этади.
Сентябр ойида Ким Чен Ин, Шимолий Кореяга Россия хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу келганида, Россия халқига ғалаба, фаровонлик ва бахт тилаб, «КХДР ҳукумати Россия билан ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги келишувга мувофиқ, ҳамкорликни кенгайтиришда давом этиши»га ишонтирганди.
Мавзуга оид

12:58
Россия Telegram-каналлари: Украина қуролли кучлари "Суджа" станциясига ҳужум қилди

09:33
Украина ва Россия 24 март куни Саудия Арабистонида АҚШ билан учрашади

20:27 / 20.03.2025
Reuters: Разведка Трампга Курск областидаги украиналик ҳарбийлар қуршовда эмаслигини маълум қилган

16:09 / 20.03.2025