Жаҳон | 16:09 / 20.03.2025
5614
3 дақиқада ўқилади

«Россиянинг зарбалари тинмаяпти». Зеленский РФ қўшинлари Украинага 200 га яқин дрон билан ҳужум қилганини айтди

Кировоград областидаги Кропивницкий шаҳри «душманнинг энг йирик ҳужумини бошдан кечирган».

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Россия ҳарбийлари 20 мартга ўтар кечаси Украина ҳудудига 171 та зарбдор дрон, шунингдек, турлича чалғитувчи сохта дронлар билан ҳужум қилди, деб хабар берди Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари.

Украина ҳарбийлари тонгга қадар Харкив, Полтава, Суми, Черниҳив, Черкасс, Киев, Житомир, Винница, Кировоград, Днипропетровск, Запорижжя ва Херсон областларида «Shaheed» типидаги 75 та дронни уриб туширди. Яна 63 та имитатор дрон «манзилидан адашган».

Ҳужум оқибатида Кировоград, Суми ва Донецк областлари жабр кўрди, дея маълум қилди Украина қуролли кучлари.

Кировоград области фуқаролик маъмурияти раҳбари Андрей Райковичнинг айтишича, Кропивницкий шаҳри «душманнинг энг йирик ҳужумини бошдан кечирган». Украина ФВДХ маълумотларига кўра, фуқаролик инфратузилмаси шикастланган, шаҳарнинг бир қанча ҳудудларида турар жой биноларига зарар етган. 10 киши жароҳатланган, улар орасида тўрт нафар бола ҳам бор.

«Пропаганда мақсадидаги баёнотларга қарамай, Россиянинг Украина бўйлаб зарбалари тўхтамаяпти. Ҳар куни ва ҳар кеча – юзлаб ва ундан ортиқ дронлар, ракета ҳужумлари ҳам тинмаяпти. Ҳар бир бундай зарба орқали россияликлар дунёга ўзининг тинчликка бўлган ҳақиқий муносабатини кўрсатади», – дея ҳужумларга муносабат билдирди Украина президенти Володимир Зеленский ва Россия қўшинлари тунда 200 га яқин дрон учирганини таъкидлади.

АҚШ президенти Доналд Трамп 18 ва 19 март кунлари аввал Владимир Путин, сўнгра Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Вашингтон Москва ва Киевга 30 кун давомида энергетика инфратузилмаси объектларига зарба беришдан тийилишни таклиф қилди. Россия ва Украина рози бўлди.

Келишув шартлари – унинг бошланиш санаси, томонлар айнан қайси инфратузилмага ўзаро ҳужум қилмаслиги очиқланмаган. Россия ва Украина бир-бирининг ҳудудларига дронлар билан ҳужум қилишда давом этди.

Хусусан, РФ Мудофаа вазирлиги Украинани 19 мартга ўтар кечаси Краснодар ўлкасининг Кавказ станицасидаги энергетика инфратузилмаси объектига учта дрон ёрдамида «қасддан ҳужум» уюштирганликда айблади. Ушбу ҳужумдан сўнг Кремл Киевда «келишув тузиш қобилияти етишмаслиги» ҳақида баёнот берди.

Мавзуга оид