Ғазода БМТ карвонига ҳужум, Украинада қулаган илк F-16 ва парвозлари тўхтатилган Space X — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Ғазода инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишини эълон қилди. Бунга кеча Исроил армияси Ғазода БМТ инсонпарварлик карвонига қарата ўт очгани сабаб бўлган.
БМТ дастури баёнотида айтилишича, БМТ белгилари аниқ-тиниқ қилиб туширилган икки зирҳли машинага қарата Исроил назоратидаги «Водий Ғазо» назорат-ўтказиш пунктига кириб келишда ўт очилган.
Хабарда айтилишича, «Гарчи бу уруш даврида рўй берган хавфсизлик борасидаги биринчи ҳолат бўлмаса-да, БМТ бутунжаҳон озиқ-овқат дастури автомобили барча зарур рухсатномаларга эга бўлганига қарамасдан назорат-ўтказиш пунктида ўққа тутилган».
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик Гарчи карвондаги ҳаракат Исроил армияси билан келишилган бўлса-да, Исроил армияси мақсадли равишда ҳайдовчи томон иккита, йўловчи томон иккита, машинанинг бошқа қисмларига олтита – жами 10 та ўқ узган.
«Инсонпарварлик юклари ортилган аниқ маркировка қилинган, колонна таркибида ҳаракатланган БМТ машинаси ҳаракати Исроил армияси билан тўлиқ келишилган. Машинага қарата 10 та ўқ узилган», - деган у.
Дюжаррикнинг қайд этишича, машинанинг зирҳлангани БМТ ходимларини муқаррар ўлимдан сақлаб қолган.
Исроил ва ҲАМАС Ғазодаги болаларни полиомиелитга қарши эмлаш учун учта алоҳида уч кунлик зоналашган пауза ҳақида келишиб олишди. Кампания якшанба куни Ғазонинг марказида бошланади. Бу ерда урушлар эрталаб олтидан кундузи соат 3 гача тўхтатилади. Шундан сўнг эмлашлар жанубда ва Ғазо шимолида ўтказилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти полиомиелит вирусининг тарқалишининг олдини олиш учун Ғазодаги болаларнинг камида 90 фоизини эмлашни мақсад қилган.
Қамал қилинган Ғазода Исроил зулми давом этмоқда. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҲАМАС назорати остидаги Ғазодаги бўлими хабарига кўра, урушнинг 328-кунига келиб қурбон бўлганлар сони 40 минг 602 кишига етган, 93 минг 855 киши ярадор бўлган. Сўнгги бир сутка ичида 68 киши ўлдирилган, 77 киши яраланган.
Украинадаги уруш
Россия Донбассда Покровск яқинида катта тактик муваффақиятларга эришган. Урушни ўрганиш институти маълумотларига кўра, рус қўшинлари Новогродивкадаги темирйўл линияси бўйлаб Покровск томон олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда.
Украина матбуоти маълумотларига кўра, 27 августдаги геолокация тасвирлари Россия кучлари икки километрдан кўпроқ олдинга силжиганини тасдиқлайди. Дастлабки маълумотларга кўра, улар Покровск жануби-шарқидаги Новогродивкани эгаллаган бўлиши мумкин.
«Афтидан, рус қўшинлари биринчи навбатда Новогродивкадаги темирйўл линияси бўйлаб Покровск томон олдинга силжишга интилмоқда ва посёлканинг бутун шаҳар ҳудуди бўйлаб жанг қилмоқчи эмас», дея маълум қилди ISW.
Украина қуролли кучларининг Курск областига ҳужумига қарамай, Москва Покровск йўналишидан қўшинларини олиб чиқишга шошилмаяпти, деб ёзади The New York Times.
«Россиянинг ёзги ҳужумидан мақсад - ҳеч бўлмаганда Покровскни қўлга киритиш», деди Венадаги Ҳарбий академия эксперти, полковник Маркус Райснер. Унинг сўзларига кўра, Покровск томон силжишлар фонида, «қандайдир қайта жойлаштириш муносабати билан Россия динамикаси заифлашуви қайд этилмаган».
Украина президенти Володимир Зеленский Покровск йўналишини Россия қўшинларининг «шиддатли» ҳаракатлари туфайли Украина кучлари учун энг қийин деб атади. Украина етакчиси Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский билан вазиятни муҳокама қилди.
Украинанинг Донецк вилоятидаги Торецк, Времивка ва Курахове йўналишларидаги вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. «Позицияларимизни мустаҳкамлаш бўйича қарорлар қабул қилинди», - деган Зеленский.
Украинада қулаган илк F-16
Украинада 26 август куни АҚШда ишлаб чиқарилган биринчи F-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учрагани маълум бўлди. Бу ҳақда The Wall Street Journal Пентагондаги манбасига таяниб хабар берди.
Манбанинг сўзларига кўра, авария Россия томонидан амалга оширилган ёпирилма ракета ҳужуми вақтида юз берган. Қирувчи самолёт душман томонидан уриб туширилмаган, афтидан, ҳалокатга учувчининг хатолиги сабаб бўлган.
Украина ҳаво кучлари содир бўлган ҳолат ҳақида хабар тарқатмади. Шунингдек, қулаган F-16 нинг учувчиси қай аҳволда экани тўғрисида ҳам маълумот йўқ.
Украинанинг «Страна» нашри 28 август куни Луцк шаҳри мэри Игор Полишчук Facebook’даги саҳифасига душанба куни 30 ёшли украин учувчиси ҳалок бўлгани ҳақида пост қолдирганига эътибор қаратган.
«Подполковник Олексий Мес 26 август куни жанговар вазифани бажариш вақтида ҳалок бўлди», — дейилади хабарда. Кейинроқ Полишчук ўз постини ўчириб ташлаган.
Россия томонидан 26 август куни уюштирилган ҳужум вақтида Украина илк бор F-16 қирувчи самолётларидан жангда фойдаланиб кўрган.
Базаларини кенгайтираётган НАТО
НАТОнинг Латвиядаги кўп миллатли бригадаси Адажи шаҳрида Канада ва Испания томонидан молиялаштирилган 7 миллион долларлик янги базасини очди, деб хабар беради Euronews.
Қайд этилишича, базага зирҳли техникалар, чодирлар ва техник хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилган бўлиб, у 2026 йилда тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда.
Литва ҳам, шунингдек, 2026 йилгача Рукладаги бригада инфратузилмасини кенгайтириш ишларини олиб бормоқда. Немис қўмондони Ҳаралд Ганте Литва билан муваффақиятли ҳамкорликни эътироф этиб, ушбу база иттифоқчилар ҳарбий техникасига хизмат кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Рукладаги қурилиш ишлари режа бўйича кетмоқда: йил охирига бориб Литвага 200 нафарга яқин немис аскари етиб келади, кейинги йилга бориб эса уларнинг сони 800 нафарга етади. 2027 йилда бригада тўлиқ ишга тушиши керак.
НАТОнинг Латвиядаги кўп миллатли бригадаси таркибига Албания, Чехия, Дания, Исландия, Италия, Латвия, Черногория, Шимолий Македония, Полша, Словакия, Словения ва Испания кучлари киради, бундан ташқари, Швеция ҳам уларга қўшилиши мумкин.
Россияга қарши санкциялар
Туркиянинг йирик давлат банки — Ziraat банки Россия рублда операциялар ўтказишни тўхтатди. Банк ҳеч қандай тушунтиришсиз рублда ҳисобварақ очишни тўхтатган ва мавжуд ҳисоблари бўлган мижозларга рус валютасини турк лирасига конвертация қилиш таклифини билдирган.
Бунга қадар банкда рубл орқали операцияларни Туркияда яшаш гувоҳномасига эга ёки мамлакатда ўқийдиган ва ишлайдиган мижозлар амалга ошира олар эди. Аммо энди Туркияда ўз бизнесини юритаётган руслар Россия валютасида ҳисобварақ очишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Туркиянинг бошқа давлат банклари ҳам Ziraat каби сиёсат юритмоқда, айрим хусусий кредит ташкилотларигина рублда ҳисобрақам очишни давом эттиряпти.
АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкциялар кучайтирилгач, Туркия банклари жорий йил бошида Россия билан операцияларни лирада амалга оширишни бошлаган эди.
Натижада, турк банклари Россиядан юбориладиган тўловларни оммавий блоклашга тушган, Россия-Туркия савдоси эса қулай бошлаган.
Россиядаги мигрантлар
Россия Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, Россияда айни пайтда 630 минг ноқонуний мигрант бор.
Бу ҳолда мамлакатда бўлиш қоидаларини бузган, икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёки ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланганлар ноқонуний мигрант ҳисобланади.
Россия ҳукумати меҳнат ва миграция қонунчилиги соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган мигрантларга нисбатан амнистия қўллаш режаларини муҳокама қилмоқда, деб ёзади «Коммерсант» нашри.
Россияда меҳнат ва миграция қонунчилиги соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган меҳнат муҳожирларига нисбатан амнистия қўлланиши мумкин. Бу чора ҳужжати муддати ўтган ёки мамлакатдан депортация қилиниши керак бўлган мигрантлар реестрини ишга туширишга тайёргарлик доирасида муҳокама қилинмоқда, деб хабар берган нашр.
2023 йил маълумотларига кўра, 3,5 млн меҳнат мигранти қонуний равишда Россияда бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидир.
SpaceX парвозлари тўхтатилди
АҚШ Федерал фуқаролик авиацияси (FAA) бошқармаси SpaceX парвозларини тўхтатиб қўйди. Бошқарма бунга 27 август куни учирилган ташувчи ракета қулаб тушиб, ёниб кетгани сабаб бўлганини маълум қилган.
FAA 27 август куни Флорида соҳиллари бўйида ташувчи ракетанинг ёниб кетиши билан боғлиқ ҳолатдан кейин тергов олиб боришни буюрди. Ҳозирча бу SpaceX’нинг бўлажак парвозлари экипажига — бири хусусий, иккинчиси NASA учун — қандай таъсир кўрсатиши номаълум.
Ракета Канавералдаги космик марказидан учирилган бўлиб, орбитага 21 та Starlink сунъий йўлдошини олиб чиққан. Аммо океандаги платформага қўниш вақтида ракетанинг биринчи поғонаси ёниб кетиб, авария ҳолатини юзага келтирган.
FAA компания Falcon-9 ни ишга туширишни давом эттиришидан олдин SpaceX’нинг авария ҳақидаги хулосаларини тасдиқлаши кераклигини айтди. Мазкур ҳолатдан кейин Калифорниядан учириладиган Starlink парвозлари зудлик билан тўхтатилди.
SpaceX вице-президенти Жон Эдварснинг маълум қилишича, компания ташувчи ракета билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритиш учун «имкон қадар тезроқ» ишламоқда.
Тавсия этамиз
Ўзбекистонликларни ҳақоратлаган тиктокер қамоққа олинди
Жамият | 09:52 / 10.04.2025
Хитой ўз фуқароларини АҚШга бормасликка чақирди
Жаҳон | 22:59 / 09.04.2025
Савдо урушлари: Трампнинг мақсади нима?
Жаҳон | 19:21 / 09.04.2025
10 кунда 5 ҳолат: Тошкентда лифтда қамалиб қолиш кўпаймоқда
Жамият | 18:07 / 09.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Путин президент экан ҳарбий жиноятлар учун сиртдан суд қилинмайди — Euronews
Жаҳон | 05:20
-
Стив Уиткофф Эроннинг юқори мартабали вакиллари билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказади
Жаҳон | 00:11
-
Хитой Трампнинг божларига жавобан Ҳолливуд филмлари импортини қисқартиради
Жаҳон | 23:36 / 10.04.2025
-
Билл Гейтс фарзандларига миллиардлаб доллар мерос қолдирмаслигини маълум қилди
Жаҳон | 23:29 / 10.04.2025
Мавзуга оид

13:43 / 10.04.2025
Ғазода истеҳкомлар қураётган Исроил, Украинада янги ҳудудларга ҳужум бошлаган Россия ва Хитойга 125 фоизли бож жорий этган Трамп — кун дайжести

13:37 / 09.04.2025
Тел Авивдаги намойишлар, Эрон ва АҚШнинг ядровий музокараси ва АҚШдан Хитойга 104 фоизли бож — кун дайжести

12:58 / 08.04.2025
«Ўлим зонаси» яратаётган Исроил, Кремлдан оташкесим учун шартлар ва божлар заруриятини тушунтирган Трамп — кун дайжести

13:37 / 07.04.2025