Стив Уиткофф Эроннинг юқори мартабали вакиллари билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказади
Ядровий битим бўйича Эрон—АҚШ музокаралари 12 апрел куни Ўмонда бўлиб ўтади. Ўз навбатида Эрон томони музокаралар тўғридан-тўғри бўлмаслигини, делегациялар алоҳида хоналарда ўтиришини маълум қилган.

Фото: Mei.edu
АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф 12 апрел куни Эроннинг «юқори мартабали вакиллари» билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказади. Бу ҳақда давлат котиби Марко Рубио маълум қилди.
Қайд этилишича, шу куни Ўмонда ядровий битим бўйича Эрон—Америка маслаҳатлашувлари бўлиб ўтиши керак. Теҳрон музокаралар бевосита бўлмаслигини маълум қилганди.
«Узоқ вақтдан бери биринчи марта махсус вакил Уиткофф ва Эрон раҳбариятининг юқори мартабали вакиллари тўғридан-тўғри музокаралар ўтказади. Улар тинчликка эришишига умид қиламиз. Биз Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигини очиқ-ойдин айтдик ва ўйлашимча, айнан шу ушбу учрашувга сабаб бўлди», — дейди Рубио АҚШ президенти кабинетининг йиғилишида.
12 апрел куни Ўмонда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ва АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф бошчилигидаги делегациялар музокара ўтказади. Учрашув ҳақида гапирган Доналд Трамп музокаралар тўғридан-тўғри ўтказилишини эълон қилди. Эрон томони эса кейинроқ делегациялар алоҳида хоналарда ўтиришини, Ўмон дипломатлари эса улар орасида воситачилик қилишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Трамп Эрон олий раҳбари оятулло Али Хоминаийга мактуб юбориб, икки ой ичида ядровий дастур бўйича янги келишувга эришишни талаб қилган. Хоминаий музокараларга воситачи орқали розилик берган. Ароқчий якшанба куни «АҚШ билан тўғридан-тўғри музокаралар Вашингтоннинг Теҳронга қаратилган таҳдидларини ҳисобга олганда бефойда», деган эди.
Мавзуга оид

09:50
Трамп Лондондаги Украина музокараларини ижобий баҳолади

09:50
Агар АҚШ ядро синовларини тикласа, Россия ҳам шундай қилиши мумкин – Шойгу

18:19 / 23.04.2025
АҚШда терроризмда гумонланиб ҳибсга олинганлар сони 655 фоизга ошди

14:20 / 23.04.2025