Жаҳон | 13:53 / 24.08.2024
6385
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги даҳшатли нархлар, Волгоград колониясидаги исён ва Киевга ташриф буюрган Моди — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода Исроилнинг тиним билмаётган зарбалари туфайли кўплаб диний, мамурий ва фуқаролик бино ва иншоотлари зарар кўрган.

Берилган маълумотларга кўра, 380 та масжид, 3 та черков вайрон қилинган.

Ғазонинг Исроил томонидан қамал қилиниши, инсонпарварлик юкларининг ўтказилмаётгани туфайли секторда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳам кескин кўтарилган. Бу эса қаҳатчилик ва очарчиликка сабаб бўлмоқда.

France Press агентлиги мухбири Умар ал-Каттаънинг хабар беришича, иккита пиёда, иккита бақлажон, иккита картошка ва учта булғор қалампиридан иборат бозорлик тўпламининг нархи 170 шеқел, қарийб 46 долларга сотилмоқда.

Бешта товуқ тухумининг нархи 13,5 доллар, болалар учун мўлжалланган сутли қўшимчанинг бир қутиси 27 доллар, шакар ва қуруқ сут эса 100 долларга чиққан. Бир литр зайтун ёғи ёки икки шиша кунгабоқар ёғи 60 доллардан сотилмоқда.

Қизил денгиздаги вазият

Грецияга тегишли танкер Қизил денгизда ҳусийчиларнинг ҳужуми туфайли ёниб кетди.

Греция байроғи остида ҳаракат қилаётган ва 150 минг тонна хом нефт ортган Sounion нефт танкери Исроил портларига киришга қўйилган тақиқли белгиларни бузгани учун ҳужумга учраган.

Яманнинг ҳусийчилар ҳаракати билан боғлиқ медиалар нефт танкерига қилинган ҳужум туфайли уни чулғаб олган ёнғин тасвирини тарқатган.

Ҳусийчилар қуролли кучлари ўз навбатида кемачилик компанияларини яна ўзлари томонидан ўрнатилган тақиқларга амал қилишга чақирган, акс ҳолда уларнинг кемалари муқаррар ҳужумга дучор бўлиши билан огоҳлантирган.

«Яман қуролли кучлари оккупация остидаги Фаластин портларига кириш тақиқланганлиги борасидаги қароримизга риоя қилаётган компанияларга миннатдорлик билдиради. Бундай кемалар Яман қуролли кучлари назорати остидаги оператив зонада бундай кемалар хавфсиз ҳаракат қилишини кафолатлайди», – дейилади баёнотда.

Волгоградда маҳбуслар исёни

Россиянинг Волгоград области Суровикино посёлкасида жойлашган 19-ахлоқ тузатиш колониясида 4 нафар маҳбус қамоқхона ходимларини гаровга олган ва уларнинг тўрт нафарини ўлдирган, яна тўрт киши шифохонага ётқизилган.

Маҳаллий манбаларга кўра, ушбу колонияда ходимларнинг ўзи маҳбусларга пичоқ сотиш билан шуғулланган.

Росгвардия гаровга олинганларни озод қилиш амалиёти муваффақиятли якунлангани ҳақида маълум қилди. Росгвардиянинг махсус топшириқли бўлинмаси 23 август куни ўтказилган штурм чоғида одамларни гаровга олган тўрт маҳбусни ҳам йўқ қилган.

Маҳбуслар ходимлардан тўрт нафарини тиғ билан жароҳатлаган, шундан уч нафари воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна тўрт ходим штурм бошланишидан олдинроқ шифохонага ётқизилган, улардан бири шифохонада жон берган.

Шу тариқа, қамоқхонадаги ҳодиса оқибатида жами саккиз киши ҳалок бўлгани, штурм давомида фақат бир киши озод этилгани маълум бўлмоқда.

19-сонли колонияда ходимларни гаровга олган гуруҳдаги уч киши гиёҳвандлик моддалари савдоси учун, яна бири муштлашув чоғида одам ўлдиргани туфайли қамалгани ҳақида хабар тарқатди. Марказий Осиё давлатларидан дейилаётган бу тўрт маҳбус гарчи диний экстремистик ҳаракатлар учун қамалмаган бўлса-да, Россия медиаси уларни ИШИД террорчилик ҳаракати аъзолари сифатида тақдим этиб, исённи “Крокус Сити Ҳолл” учун қасос олиш мақсадида амалга оширган деган маълумотни тарқатмоқда.

Дастлаб телеграм-каналларда маҳбуслар гаровдагиларни озод этиш эвазига 2 миллион доллар ҳамда вертолёт талаб қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо бу маълумот тасдиқланмади.

АҚШнинг навбатдаги санкцияси

АҚШ Россия билан алоқадор бўлган 400 га яқин киши ва ташкилотларга қарши санкциялар киритди.

Мамлакат Молия вазирлигининг 23 август, жума куни эълон қилинган пресс-релизида маълум қилинишича, санкция қўйилган компаниялар ва жисмоний шахслар Москвага санкцияларни четлаб ўтишда ва уни Украинага қарши урушда фойдаланилган товарлар ва хизматлар билан таъминлашда ёрдам бермоқда.

«Россия ўз иқтисодиётини Кремлнинг ҳарбий-саноат комплекси хизмати воситасига айлантирди. Молия вазирлиги бугунги ҳаракатлари билан президент Байден ва унинг G7 бўйича ҳамкасблари томонидан Россия ҳарбий-саноат базасининг таъминот занжирлари ва тўлов каналларини бузиш бўйича олган мажбуриятларини бажаришда давом этмоқда», деди АҚШ Молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо.

Бошқалар қаторида, Россия мудофаа вазири Андрей Белоусовнинг ўғли ва келини, Москва заргарлик заводи, Волга-Днепр авиакомпанияси, AirBridgeCargo, «Норилск Авиа», Магнитогорск темир-пўлат заводи, шунингдек суюлтирилган табиий газни ташиш учун кемалар санкция остида қолди.

Санкциялар БАА, Ҳонгконг, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Хитойнинг санкцияларни четлаб ўтиб, Россияга микроэлектроника етказиб берган кўплаб воситачиларини, Россия ҳарбий-саноат комплексини, шу жумладан Су қирувчи самолётларини ишлаб чиқарувчига Ғарб компонентларини етказиб бериш билан таъминлайдиган шахсларни ҳам қамраб олади.

Модининг Киевга ташрифи

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди расмий ташриф билан Киевга келиб, президент Володимир Зеленский билан учрашди. Суҳбат давомида ҳинд ҳукумати раҳбари ўзини Украинанинг дўсти деб атаб, мамлакатда тинчликка эришиш учун ўзининг шахсий ҳиссасини қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

«Сизни ишонтириб айтмоқчиманки, Ҳиндистон тинчликка эришиш йўлидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатларда фаол рол ўйнашга тайёр. Агар бу борада шахсан менинг ролим талаб этилса, ишонтириб айтаманки, буни амалга ошираман», — дея Модининг сўзларини келтиради Reuters.

Ҳиндистон бош вазири ўзининг Киевга ташрифини «дўстона» ва «тарихий» деб атади. У Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши ва ҳурмат қилишини таъкидлаб, урушаётган томонларни тезроқ музокаралар столига ўтиришга чақирди.

«Муаммони ҳал қилиш йўлини фақат мулоқот ва дипломатия орқали топиш мумкин. Ва биз вақт йўқотмасдан бу йўналишда ҳаракатланишимиз керак. Ушбу инқироздан чиқиш йўлини топиш учун иккала томон ҳам музокаралар столига ўтириши лозим», — деди Моди.

Бош вазирнинг қайд этишича, Ҳиндистон ҳеч қачон Украина урушида бефарқ кузатувчи бўлмаган ва ҳар доим «яхшилик тарафида» турган. Шунингдек, у Украинадаги жанговар ҳаракатлар, айниқса, ёш болалар учун ҳалокатли эканини таъкидлади.

Модининг Киевга ташрифи ростдан ҳам тарихий воқеа ҳисобланади, чунки Украина 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери Ҳиндистон бош вазирининг биринчи расмий ташрифи ҳисобланади. Бундан ташқари, ташриф Украина давлат байроғи куни ва мустақиллик куни арафаси амалга оширилди.

«Толибон»нинг янги тақиқи

«Толибон» Афғонистондаги аёлларга эркакларга қараш ва жамоат жойларида баланд овозда гаплашишни тақиқламоқда. Янги тартиб-қоидалар қайд этилган 114 варақли ҳужжатда афғон фуқароларининг кундалик ҳаётини тартибга солиш бўйича қатъий чоралар белгиланган.

«Балоғат ёшидаги аёлларнинг бегона эркакларга қараши тақиқланади», — дейилади қоидаларнинг бирида. Шунингдек, аёлларга «ўзгалар нафсини қўзғатмаслик ва уларни ўзига жалб этмаслик» учун юзларини ёпиб юриш ва бегона эркаклар бор жойда суҳбатдан тийилиш буюрилган.

Бундан ташқари, афғон аёлларига овозлари кўчага эшитилмаслиги учун ўз уйларида ҳам баланд овозда гаплашиш тақиқланган.

«Халқаро ҳамжамиятнинг «Толибон» билан ўзаро муносабатлари уларни аёлларга босимни давом эттиришга ундади. Ҳокимият тепасидагилар бизнинг мавжудлигимизни тан олишдан бош тортаётган радикал шахслардир», — деган Кобулда давлат идорасида ишлаган Зайнаб исмли собиқ ходим.

Такси ҳайдовчиларига «ҳижобсиз ёки эркак маҳрами бўлмаган аёлларни» олиб юриш, транспорт воситасида мусиқа тинглаш ҳам тақиқланди. «Толибон»га кўра, янги қоидаларга бўйсунмаганлар ҳибсга олиниб, қамоққа юборилади.

Шунингдек, эркакларнинг ҳам жамоат жойларидаги аёллар юзига қараши ҳамда тор кийим кийиши тақиқланди. Шу билан бирга, энди улар соқолини калталатиши ҳам мумкин эмас.

Мавзуга оид

Эълонлар

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан