Жаҳон | 13:45 / 15.04.2025
3060
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги стратегияни ўзгартираётган Исроил, яна Зеленскийни айблаган Трамп ва АҚШдан божларни бекор қилишни сўраган Хитой — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил Ғазодаги стратегиясини ўзгартирмоқда

ЦАҲАЛ Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлар стратегиясини ўзгартирмоқда. Бундан буён асосий эътибор рейдларга эмас, балки ҳудудни узоқ муддатли назорат қилишга қаратилади.

Генерал-лейтенант Эял Замир бошчилигидаги янги тактика муҳандислик ишлари ва стратегик йўналишларни шакллантиришга таянмоқда. Мақсад — ҲАМАСни чеклаш ва логистика занжирларини узиш.

Айни пайтда Исроил қўшинлари Ғазо ҳудудининг тахминан 30 фоизини назорат қилмоқда, якуний мақсад эса ярмидан кўпроғини эгаллашдир. Бу ҲАМАС позицияларини заифлаштириш ва туннел инфратузилмасини йўқ қилишга хизмат қилади.

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац ҳам Ғазо секторида ҳарбий оккупацияни кенгайтириш ва янги ҳужумлар уюштириш ниятида эканини эълон қилди.

ЦАҲАЛ ҳар 24–48 соатда аниқ разведка маълумотларига таянган авиаҳужумларни амалга оширмоқда. Ҳарбийлар Рафаҳ ва Хон Юнус ўртасидаги ҳаракатни тўсувчи Мораг йўналишини шакллантириб, секторни иккига бўлмоқда.

Кац Ғазони «янада кичик ва ажратилган ҳудуд»га айлантиришни ваъда қилди. Унинг баёнотига кўра, Рафаҳ ва Хон Юнус ўртасидаги 12 км масофа ҳам расман Исроил хавфсизлик зонасига киритилди. Шунга ўхшаш чораларни Ғазо шимолида ҳам қўллаш кўзда тутилмоқда.

Исроил 18 мартдан бери Ғазога ҳужумларни қайта бошлади. Шундан буён 1574 фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг кўпчилиги аёллар ва болалар. Ғазодаги жами қурбонлар сони 50 минг 944 нафарга, яраланганлар сони эса 116 минг 156 нафарга етди.

Ҳусийчилар АҚШни ҳарбий жиноятларда айблади

Ямандаги ҳусийчилар АҚШни сўнгги ҳаво ҳужумлари орқали «халқаро ҳуқуқни бузганлик» ва «ҳарбий жиноятлар»да айблади. Уларга кўра, 16 мартдан буён Америка зарбаларидан камида 123 тинч фуқаро ҳалок бўлган, 247 киши, жумладан 5 бола яраланган.

Сўнгги ҳужумлардан бири Санодаги «Ас-Суворий» заводига қилинган бўлиб, 6 киши ҳалок бўлди, 30 киши жароҳат олди. Ҳусийчилар бу зарбаларни «АҚШ ва Исроил қўшинлари томонидан амалга оширилган навбатдаги жиноят», деб баҳолади.

Америка медиасининг ёзишича, Вашингтон ҳусийчиларга қарши янги қуруқлик операцияси режасини маъқуллаган. У Жануб ва Шарқ йўналишлардан бошланиб, Саудия ва БАА ҳарбий-денгиз кучи ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Бироқ Ар-Риёд ва Абу-Даби бу операцияда иштирок этишини ҳозирча тасдиқламаган.

Бунга жавобан ҳусийчилар АҚШ ҳаво кучларига ва ҳарбий кемаларига зарбалар бериш билан таҳдид қилмоқда.

Зеленский Трампни Украинага таклиф қилди

Украина президенти Володимир Зеленский CBS News’нинг «60 дақиқа» дастурига берган интервюсида Доналд Трампни шахсан Украинага ташриф буюришга чорлади.

Унга кўра, уруш ҳақида қарор қабул қилишдан аввал тинч аҳоли, болалар, касалхоналар ва жабрланган шаҳарларни ўз кўзи билан кўриш зарур.

«Келинг, кўринг, шунда ким билан иш тутаётганингизни тушунасиз», — деди Зеленский.

Интервью Россия 4 апрел куни Кривий Риҳни нишонга олган зарбасидан кейин ёзиб олинган, унда 20 киши ҳалок бўлган, жумладан 9 нафар бола. Кейинроқ Суми шаҳрига қилинган ҳужумда 34 тинч фуқаро ҳалок бўлди.

Зеленский Россияга ва шахсан Путинга ишонч йўқлигини, унинг мақсади НАТО ҳимоясидаги ҳудудларни босиб олиш эканини айтди. У АҚШни фаолроқ позиция эгаллашга чақириб, Америкада Россия тарғиботи таъсири кучайганини таъкидлади.

Трамп яна Зеленскийни уруш бошлашда айблади

Зеленскийнинг CBS’даги интервюсига жавобан АҚШ президенти Доналд Трамп яна Украина раҳбари Володимир Зеленскийни Россия билан уруш бошлашда айблади.

«Ўзингдан 20 баробар катта давлатга қарши уруш очиб, кимдир сенга ракеталар беришидан умид қилмаслигинг керак», деди у Оқ уйда. Трамп, шунингдек, миллионлаб инсонлар «уч кишининг хатоси» туфайли ҳалок бўлганини айтди — Путин, Байден ва Зеленский. Унинг фикрича, Байден қандай ҳаракат қилишни билмаган, Зеленский эса можарони тоқат қилиб кузатган.

Зеленский эса ўз интервюсида «ҳақиқат бузиб кўрсатилаётган дунёда иштирок этмоқчи эмаслигини» айтди. У Украина ҳеч қачон урушни бошламаганини, Россия агрессор эканини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, у вице-президент Жей Ди Вэнс Путиннинг ҳаракатларини оқлашга уринаётганини танқид остига олди.

Лавров: НАТО СССР билан бирга тугаши керак эди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров НАТО’ни «ақлий қадриятини йўқотган ташкилот», деб атади ва уни 1990-йиллардаёқ тарқатиш керак эди, дея баёнот берди.

Унга кўра, совет иттифоқи парчаланиши ортидан НАТО’ни ташкил қилган таҳдид ҳам йўқолган, шу сабабли алянс ҳам ўз-ўзидан маъносиз тузилмага айланган.

Лавров НАТО ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини кўҳна қитъада хавфсизликни таъминлашда муваффақиятсизликда айблаб, уларни «ташқи бошқарув остидаги ташкилотлар» деб баҳолади. Унга кўра, АҚШ ва Ғарб давлатлари НАТО орқали Европани қайта милитаризация қилмоқда.

Вазирнинг таъкидлашича, Германия, Франция ва Британия янги урушга тайёргарлик кўраётган давлатлар сирасида. У шунингдек, НАТОнинг Россияга берган ваъдаларини бузганини, алянснинг Шарққа кенгаймаслик ҳақидаги оғзаки келишувларга риоя қилмаганини эсга олди.

Хитой АҚШдан барча божларни бекор қилишни сўради

Пекин АҚШни савдо урушига барҳам бериш ва барча божларни тўлиқ бекор қилишга чақирди.

Хитой Савдо вазирлиги баёнотида таъкидланишича, ўзаро тарифлар дунёдаги энг йирик икки иқтисодиёт ўртасидаги тарангликни янада кучайтираётгани қайд этилди.

Бу чақириқ Доналд Трампнинг 90 кунлик божларни тўхтатиш қарори ортидан янгради. Аммо Хитойга нисбатан тарифлар рекорд даражага кўтарилган — 145 фоизгача етказилган. АҚШ электрон товарлар учун вақтинчалик имтиёз берганини эълон қилди, лекин Трамп ва вазир Лютник буни доимий озодлик эмас, балки «бошқа тариф тоифасига ўтказиш», деб таърифлади.

Пекин бундай қадамни «ижобий ишора» деб баҳолади, аммо барча божлар бекор қилиниши лозимлигини урғулади. АҚШ томони эса Хитойни «дўстона бўлмаган савдо ҳамкори» деб атаб, электрон таъминот занжирларини қайта кўриб чиқишга ваъда берди.

 

 

Фужайрада нефт сизмоқда: туристлар таҳликада

Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳридаги портда кемадан нефт сизиб чиқиши оқибатида бир неча пляжлар мазут билан қопланди. Novotel Fujairah, Ibis Fujairah ва Al Bahar каби машҳур ҳотеллар ёнидаги соҳилларда қуйқа қора доғлар ҳосил бўлган. Туристларнинг сўзларига кўра, улар соҳилдан 5 км узоқликдан туриб ҳам ўткир қўланса ҳидни ҳис қилишмоқда.

Кемаларни мотор мойлари ва ёнилғи билан таъминлайдиган ёнилғи ташувчи кемалар ҳодисага сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Тозалаш ишлари 11 апрелда бошланганига қарамай, янги мазут оқими қайд этилмоқда. Соҳилда дам олаётган ёш болалар ва катталарда бош оғриғи, кўнгил айниши ва оғизда аччиқ таъм кузатилмоқда.

Ҳотелларда меҳмонлар ўз ҳисобидан бошқа жойга кўчишга мажбур бўлмоқда.

Маъмурият эса нафақат масъулиятдан қочмоқда, балки ёрдам кўрсатишдан ҳам бош тортмоқда. Айни пайтда пляжлар камида икки ҳафтага ёпилди, экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этиш учун яна бир неча кун керак бўлади.

iPhone ишлаб чиқаришда Ҳиндистон улуши ортмоқда

Apple Ҳиндистондаги iPhone ишлаб чиқариш ҳажмини бир йилда 60 фоизга оширди. 2024 йил мартидан 2025 йил мартигача мамлакатда 22 млрд долларлик смартфон тайёрланган. Бу — Apple’нинг жаҳон бўйича ишлаб чиқарилаётган барча iPhone моделларининг тахминан 20 фоизини ташкил этади.

Ҳиндистонда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали Apple етказиб бериш занжирини диверсификация қилмоқда.

Бу фақат божлар билан боғлиқ эмас — пандемия пайтида Хитойдаги заводларда юз берган узилишлар ҳам қарорга таъсир этган.

Ҳозирга келиб «Assembled in India» деб ёзилган iPhone моделлари бозорда тобора кўпаймоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани