Япониядан Италиягача – пулли йўллар ҳақидаги таассуротлар
Бу йил Ўзбекистондаги биринчи пулли йўлларнинг қурилиши бошланиши мумкин. Бундай йўллар бошқа кўплаб давлатлар учун аллақачон одатий ҳолга айланиб улгурган. Kun.uz турли давлатларда яшаётган ўзбеклардан у ердаги пулли йўллар қанақалигини сўради. Ватандошлар Япония, Сингапур, Малайзия, Италия ва Австрия пулли йўлларидаги таассуротлари ҳақида сўзлаб беришди.

Фото: Getty images
Ривожланган давлатлар бепул йўлларга муқобил тарзда тирбандликни камайтириш, аҳоли ва юк ташувчи транспортлар учун муҳим йўналишларда вақт тежаш, иқтисодий фаолиятни тезлаштириш ва инфратузилмани молиялаштириш учун пулли йўлларни ташкил қилган. Ўзбекистонда ҳам бу борада бир нечта режалар бор.
Ҳукумат халқаро молия ташкилотлари кўмагида “Тошкент–Самарқанд” ва “Тошкент–Андижон” пулли йўллари қурилишини 2025 йилда бошламоқчи. Бунгача белгиланган муддатлар бир неча марта сурилган. Автомобил йўллари қўмитаси Kun.uz'нинг бу йўллар қандай тузилиши, қайси компания қуриши ва қанча маблағ сарфланиши борасидаги сўровига “ҳали ҳеч нарса аниқ эмас” дея жавоб берди. Бироқ дастлабки режаларга кўра, пойтахтдан Самарқандга элтадиган йўл давлат-хусусий шериклик асосида хусусий оператор бошқарувида бўлади ва лойиҳанинг тахминий қиймати 2,2 млрд долларга баҳоланган.
Биз бир неча ватандошларимизнинг хорижий мамлакатлардаги пулли йўллар ҳақидаги таассуротлари билан қизиқдик.
Япониядаги пулли автомагистраллар – маданият ва иқтисодиёт кесишмаси
Ашрафбек Олимов:
Япония автомагистраллари оддий йўл инфратузилмаси эмас — улар мамлакат маданияти ва иқтисодиётининг ажралмас қисмига айланган мураккаб тизимдир. Бу йўллар нафақат ҳайдовчилар қулайлиги учун яратилган, балки замонавий технологиялар, урбанистик режалаштириш ва хусусий сектор бошқаруви уйғунлашган соҳани ифодалайди.
Япония автомобил йўллари асосан икки турга бўлинади:
1. Тезюрар автомагистраллар (Expressways) – бу пулли йўллар бўлиб, давлат ва хусусий операторлар томонидан бошқарилади. Улар орасида энг машҳурлари – Токиодан Нагоягача чўзилган Tomei Expressway ва Нагоядан Осакагача узаядиган Meishin Expressway.
2. Миллий автомобил йўллари (Кокудō) – бу бепул ва рақамланган йўллар бўлиб, шаҳарлараро алоқани таъминлайди. Масалан, National Route-4 каби йўллар мамлакатнинг шимоли-ғарбидан жануби-шарқигача давом этади.
Японияда айрим автомагистраллар ўзининг меъморий ва муҳандислик ечимлари билан ҳам машҳур. Масалан, Hanshin Expressway тармоғи Осакадаги зич шаҳарсозлик ичида жойлашган энг мураккаб йўллардан биридир. Бундан ташқари, Akashi Kaikyō кўприги дунёдаги энг узун осма кўприклардан бири бўлса, Kawazu-Nanadaru ҳалқа кўприги эса айланма шакли билан ҳайдовчиларни ҳайратда қолдиради.

Япониядаги магистраллар ETC – Electronic Tool Collection тизими орқали бошқарилади. Бу тизим ёрдамида автомобиллар махсус қурилмалар орқали тўхтамасдан тўлов пунктларидан ўтади ва пул автоматик тарзда ечиб олинади. Йўлларнинг аксарияти хусусий компаниялар тасарруфида бўлиб, улар тўлов эвазига йўлларни сақлаш, хизмат кўрсатиш ва хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланади.

Магистрал бўйлаб ҳар 100-200 км масофада хизмат ҳудудлари борлиги ҳайдовчиларга қулайлик яратади. Бундай жойларда ресторанлар, меҳмонхоналар, ҳожатхоналар ва кичик дўконлар бор. Бу жойлар нафақат дам олиш, балки маҳаллий маҳсулотлар билан танишиш учун ҳам яхши имкониятдир.
Япониядаги автомагистраллар сифат, хавфсизлик ва қулайлик борасида юқори баҳоланади. Йўллар текис, тартибли ва яхши сақланган. Лекин нарх жиҳатидан ҳамёнбоп эмас: масалан, Токиодан Осакагача автомобилда борганингизда йўл ҳақи 100 долларга яқинлашади. Кичик масофалар, масалан, Тошкентдан Жиззахгача тенг бўлган йўналишлар 30-40 доллар атрофида тушади. Шунга қарамай, ETC тизими фойдаланувчилари учун байрам кунларида ёки тунги вақтларда чегирмалар бор.
Япония полицияси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда илғор усуллардан фойдаланади. Яширинча кузатув олиб борувчи GT-R машиналари орқали тезликни оширган ҳайдовчилар аниқланади ва жазоланади. Бу ёндашув йўлларда интизом ва тартибни сақлаб туришга ёрдам беради.
Сингапур: Пулли йўллар тирбандликни камайтириш учун қилинган
Жасурбек Турсунов:
Сингапурда (шаҳар-давлат) пулли йўллар бор, лекин улар ҳар доим ҳам пулли эмас — асосан маълум соатларда тўлов олинади. Масалан, эрталаб 07:30 дан 09:30 гача, ҳамда кечки тиғиз соатларда (peak time) йўллардан ўтишда тўлов ечиб олинади. Бу тизимнинг асосий мақсади – тирбандликларни камайтириш.
Сингапурда мотоцикллар учун ҳар бир пулли йўлдан ўтиш нархи 0,60 Сингапур доллари (тахминан 6000 сўм), автомобиллар учун эса ҳар бир тўлов нуқтаси бўйича 1–2 Сингапур доллари атрофида. Масалан, уйимдан ишхонамгача масофа 14 км, лекин бу йўлда камида иккита йирик автомагистрал – Pan Island Expressway ва Central Expressway орқали ўтишга тўғри келади. Натижада кунига 4 долларгача тўлашим керак бўлади.

Эрталаб соат 6:30 дан 7:30 гача мен метрода юришни афзал биламан. Ўзи умуман, бу ерда кўпчилик ишга машинада эмас, жамоат транспортида қатнайди. Бу ерда метро ва автобуслар жуда қулай, тоза ва тез. Машинада ишга бориш 35-40 дақиқа, жамоат транспортида эса 50 дақиқа вақт олади. Яъни вақтдаги фарқ катта эмас. Тўлов ҳам анча арзон – бир марталик метро йўлкираси 1,90-2,00 Сингапур доллари, бу тахминан 20 минг сўм атрофида.
Бундан ташқари, автотураргоҳлар жуда қиммат: шаҳарда кунлик тўлов 15-20 доллар, ойига эса 400-500 Сингапур долларини ташкил қилиши мумкин. Шаҳарда жой етишмовчилиги сабаб одамлар жамоат транспортига ўтишга мажбур.
Уйимиз Сингапур чеккасида жойлашган ва Малайзияга чиқиш учун иккита чегара пункти бор: Woodlands Checkpoint ва Tuas Checkpoint. Машинада бу чегарадан ўтиш жуда қулай: паспортингизни кўрсатган ҳолда ўтасиз. Доимий яшаш ҳуқуқига эга резидентлар эса Immigration & Checkpoints Authority (ICA) веб-сайти орқали олдиндан рўйхатдан ўтиб, QR-код орқали чегара назоратидан ўтишлари мумкин.
Сингапурда йўл тўлови электрон датчиклар орқали ечилади. Пул ташлаб қўйиш шарт эмас – транспорт воситангизда ўрнатилган қурилма (масалан, EZ-Link ёки NETS CashCard) орқали пулли йўл пунктидан ўтаётганингизда автоматик тарзда пул ечилади. Агар 70 км/соат тезликда ҳаракатланаётган бўлсангиз, ҳеч қандай тўхташсиз шу тезликда давом этасиз.

Сингапурдаги пулли йўлларга ECP (East Coast Parkway), MCE (Marina Coastal Expressway) ва AYE (Ayer Rajah Expressway) киради. Мен айнан шу йўлларда ҳаракатланиб кўрганман. Бу йўлларда максимал тезлик 90 км/соат (баъзи жойларда 80 км/соат) этиб белгиланган. Қоидалар қаттиқ назорат қилинади, шунинг учун одатда ҳайдовчилар тезликни оширмайди. Сингапурда йўлларда тирбандликни камайтириш мақсадида куннинг муайян соатларида ERP тизими орқали йўл ҳақи олинади. Бу ҳақ бир йўналиш учун 0.6 SGDʼдан 6 SGDʼгача бўлиши мумкин.
Малайзия: 110 км/соат тезликкача рухсат берилган
Жасурбек Турсунов:
Малайзияда ҳам пулли йўллар мавжуд ва улар нақд пул қабул қилмайди. Йўловчилар Touch ’n Go ёки SmartTAG тизимларидан фойдаланади. Биринчи усулда сиз картани тўлов пунктида терминалга босасиз. Иккинчисида эса машинангизга ўрнатилган қурилма орқали тўлов автоматик тарзда амалга ошади.
Малайзияда йўллар кенг ва текис. Баъзи йўллар аҳоли пунктларидан ўтса ҳам, улар тўлиқ ажратилган бўлади ва 110 км/соат тезликда ҳаракатланишга рухсат этилади. Катта юк машиналари ҳам кўпинча 100 км/соатдан юқори тезликда ҳаракатланади. Йўлларда инфратузилма яхши ривожланган: овқатланиш масканлари, намозхоналар, дам олиш жойлари мавжуд.
Бир сафар Куала-Лумпур ичида меҳмонхонага кетаётганимизда GPS бизга пулли туннел йўлни кўрсатди. Бу ерда тезлик 60 км/соат билан чекланган эди, лекин машиналар кўпинча 70-80 км/соат билан ҳаракатланарди. Бу йўлдан юрганимиз учун биз тахминан 10 минг сўм тўладик. Туннел орқали 15 дақиқалик масофани атиги 5 дақиқада босиб ўтдик.
Малайзияда автоматик тўлов тизимлари мавжуд бўлса-да, баъзи ҳолларда машина бироз секинлашиб, тўлов пунктларидан ўтишга тўғри келади. Автоматлаштирилган RFID ёки Touch ’n Go тўлов тизимлари кенг тарқалган, аммо улар орқали тўлов амалга оширилмагунча йўл очилмайди.
Малайзиядаги пулли йўлларда машиналар тез ҳаракатланади, бироқ ҳозиргача мен ҳеч қандай бахтсиз ҳодисага дуч келмаганман.
Тўғриси, Малайзиядаги йўллар баъзида чалкаш бўлиши мумкин. Йўналишни топиш осон эмас. Кўпинча бир бўлакдан иккинчи бўлакка тезда ўтиш ёки иккинчи даражали кўчадан биринчи даражали кўчага чиқиш пайтида орқадан келаётган машина сизга сигнал бермайди. Аксинча, секинлашиб сизга йўл беради. Малайзияда машина бошқариш Ўзбекистонда машина ҳайдаш тажрибасини қисман эслатиб юборади, лекин бу ерда ҳайдовчилар орасида ўзаро ҳурмат юқори. Шунинг учун менга Сингапурда ҳам, Малайзияда ҳам пулли ёки бепул йўлларда ҳаракатланиш бир хил, иккови ҳам ёқади.
Яқинда иш билан Таиландда ҳам бўлдим. У ерда пулли йўлга тўлов учун нақд пул ҳам ишлатиларкан. Трассага киришда ҳайдовчи чипта олди. Чиқишда пул тўланади. Йўл ҳақи нақд пул ёки карта орқали тўланаркан. Малайзия ва Сингапурда фақат карта орқали мумкин.

Европадаги таассуротлар
Шерзод Мирзааҳмедов:
Ўтган ёз ота-онамни саёҳатга олиб чиққан пайтимиз пулли йўлдан ўтганмиз. Бу йўл пулли эканини олдиндан билмаганмиз, Google Maps энг қисқа йўл сифатида шуни кўрсатган. Италиянинг шимолида, Комо кўлидан Милан шаҳригача бўлган оралиқда тахминан 4-5 евро тўлаганмиз.
Пулли йўлга автоматлаштирилган тўлов пунктлари – турникетга ўхшаган жойлар орқали ўтилади. Пул тўлаб пулли йўлга ўтасиз. Бепул йўл эса торроқ, тезлик чекланган ва баъзан маҳаллаларнинг ичидан ўтади. Пулли йўлда эса максимал 130 км/соат тезликда юриш мумкин, йўллар жуда текис. Бу йўлларда пиёдалар ўтиш йўлаклари, светофорлар ва велойўлаклар йўқ эди, машиналар тез юради, йўл эса аҳоли яшаш ҳудудларидан ўтмайди, шунинг учун хавфсизлик таъминланган. Йўл сифати бепул ва пулли йўлларда деярли бир хил.

Эртаси куни Комодан Венециягача бўлган йўл учун 25 евро тўлаганмиз, чунки масофа анча узоқ эди. Агар текин йўлни танлаганимизда, тоғлар устидан айланиб, узоқ вақт ҳаракатланишга тўғри келарди. Пулли йўлда эса 130 км/соатгача тезликда юрилади, тирбандлик йўқ, максимал бурилиш ва чорраҳаларсиз қурилган. Чиқиб кетиш учун алоҳида йўлаклар бор – ўнгга бурилиб, пастга тушиб, орқага қайтиш мумкин.
Бу йўлларда дўконлар деярли йўқ, чунки машиналар деярли тўхтамайди. Ҳаракатни бошқарувчи турникетларга ўхшаган жойлардан фақат битта машина сиғади. Тўлов пунктига борганда эса йўлаклар сони 15-20 тагача кўпаяди, бу тирбандлик юзага келмаслиги учун қилинган. Хоҳласангиз нақд, хоҳласангиз картадан тўлайсиз. Мен бу жойларда одам ўтирганини кўрмаганман – ҳаммаси автоматлаштирилган. Киришда ва чиқишда карта урилади ва шу асосда қанча масофа юрганингиз аниқланади.
Италиядан фарқли, Австрияда пулли ва бепул йўл ўртасидаги фарқ жуда сезиларли экан. Италиядаги каби 15–20 та турникетдан иборат тизим ўрнига, Австрияда йўлда нечта бўлак бўлса, ўтиш пунктида ҳам шунча турникет ўрнатилган. Бу эса баъзида тирбандликларга сабаб бўлади.
Машинада онам ўзини ёмон ҳис қилгани учун йўл четига ўтдим: дорихона излаб, шунингдек, бензин қуйиш учун ўнгга бурилдим. Бу ҳаракатимиз билан турникет ортда қолиб кетди. Орадан бироз ўтиб, икки нафар ходим тўхтатиб, йўл учун тўлов қилган-қилмаганимни сўрашди. Вазиятни тушунтириб берганимдан сўнг улар менга текин йўлга ўтишни тавсия қилиб, ўнг томонни кўрсатишди.
Кейинчалик билсам, Австрияда агар пулли йўлнинг тўлов пунктидан тўламасдан ўтиб кетсангиз, ортга қайтиб тўлаш имконияти йўқ экан. Бундай ҳолатда автоматик равишда текин йўлга йўналтириласиз. Аммо бу текин йўл бизга анча қимматга тушди: у бизни Алп тоғлари устидан олиб ўтди. Бу йўл июн ойида қорли, туманли ва ниҳоятда хавфли эди. Кўриниш даражаси бир метрга ҳам етмасди. Соатига 5–10 км тезликда ҳаракатланиб, тоғ тепасига чиқдик ва пастга тушдик. Оддий пулли йўлда бориш мумкин бўлган масофани шу йўлда босиб ўтишимизга 2–3 соат вақт кетди. Ана шунда бепул ва пулли йўлнинг ҳақиқий фарқини сезганмиз.
Аммо қизиқ томони – асфалт сифати деярли бир хил, фарқ йўқ. Аммо пулли йўллар асосан автомобиллар ҳаракати учун махсус қурилган, хавфсизлик ва тезлик жиҳатдан қулай йўллар ҳисобланади.
Автоҳалокатлар ҳақида гап кетганда, мен ўзим дуч келмаганман, лекин, албатта, баъзан юз бериши мумкин. Европанинг айрим ҳудудларида, хусусан, Германияда, чекловсиз тезликда ҳаракат қилишга рухсат берилган магистраллар – автобанлар бор. Аммо бу ерда ҳайдовчиларнинг маданияти ҳам юқори даражада.
130 км/соат тезликда ҳаракатланаётганингизни ҳатто сезмайсиз – йўл сифати шунчалик аъло даражада. Яна бир нарса – машиналар сони ҳам унчалик кўп эмасдек туюлди. Ҳар ким ўз полосасидан ҳаракатланади, ҳеч ким бошқа полосага ўтишга уринмайди. Йўллар эса аҳоли пунктларидан иложи борича узоқроқда қурилган – бу эса шовқин ва хавфсизлик жиҳатидан фойдали.
Мадина Очилова тайёрлади.
Мавзуга оид

20:40 / 12.05.2025
Ўзбекистонга автомобил импорти 3 баробарга қулади

09:32 / 09.05.2025
ЕИ АҚШга автомобиллар ва самолётларга божлар билан таҳдид қилмоқда

15:29 / 02.05.2025
Президент Хоразмда арзон автомобил ишлаб чиқариш бошланишини айтди

11:55 / 26.04.2025