Британия артиллерия снарядлари ва гексоген ишлаб чиқаришни кескин оширади
BAE Systems мудофаа компанияси 155 миллиметр калибрли снарядлар ишлаб чиқаришни 16 бараварга оширади. Бу АҚШ томонидан қўйиладиган чекловларсиз маҳсулотларни бошқа давлатларга етказиб бериш имконини тақдим этади.

Фото: AP
Британиянинг BAE Systems мудофаа компанияси НАТО стандартларига мос келадиган гаубицалар ва ўзиюрар артиллерия тизимлари учун 155 миллиметрли снарядлар ишлаб чиқаришни 16 бараварга оширади. Шу тариқа, Буюк Британия АҚШ ва Франция таъминотига қарамликдан қутулиб, Россиянинг Украинадаги урушидан келиб чиққан талабни қондириш ниятида, деб ёзади The Times. Ушбу вазифани амалга оширишга икки йил ажратилади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан аниқ рақамлар келтирилмаган.
Ўқ-дорилар шу йил ёзда ишга тушадиган Уэлсдаги янги BAE фабрикасида ишлаб чиқарилади. Компания бир вақтнинг ўзида гексоген (портловчи модда) ишлаб чиқаришни ҳам оширади. У янги завод қуриш талаб этилмайдиган ва йилига 100 тоннагача портловчи модда олиш имконини берадиган янги инновацион технология асосида ишлаб чиқарилади. Битта автоматлаштирилган ишлаб чиқариш жараёни учун мўлжалланган барча ускуналарни стандарт юк контейнери ичига жойлаштириш мумкин.
BAE раҳбарияти аъзоси Стив Кардюнинг таъкидлашича, компания Америка компонентларидан фойдаланмаган ҳолда ўқ-дориларни мустақил ишлаб чиқаришга ўтмоқчи. Бу АҚШ томонидан қўйиладиган чекловларсиз маҳсулотларни бошқа давлатларга етказиб бериш имконини тақдим этади.
Бундан ташқари, компания марказлашмаган гексоген ишлаб чиқариш технологиясини ҳам сотмоқчи. Кардюнинг тушунтиришича, Европа давлатлари кенг миқёсда портловчи моддалар ишлаб чиқаришда қийинчиликларга дуч келяпти. Дунёдаги кескинлик, глобал уруш хатарлари ортаётгани, шунингдек, АҚШнинг янги раҳбарияти сиёсати инобатга олинган ҳолда, компания ўз ечимларига талаб ошишини кутмоқда.
BAE — Буюк Британияда 155 миллиметрли артиллерия снарядларининг ягона ишлаб чиқарувчиси. Қироллик армияси улардан Archer гаубицалари ва ўзиюрар артиллерия қурилмаларида фойдаланади. Шу билан бирга, ушбу ўқ-дориларнинг катта захираси Россия уруш бошлаганидан кейин Украинага берилган. Кардюнинг таъкидлашича, ишлаб чиқариш кўламини ошириш Буюк Британияга «Россия ва бошқа душман давлатларга самарали қарши туриш» имконини беради.
Украиналик ҳарбий манбаларнинг маълумотларига кўра, Россия армияси ҳар куни 12 мингга яқин, Украина Қуролли кучлари эса тахминан 7 мингта снаряд учирмоқда. Россия эҳтиёжларининг қарийб 45 фоизини Шимолий Кореядаги олтита завод таъминлаяпти. Мамлакатнинг ўзи эса ойига 250 мингга яқин снаряд ишлаб чиқаради.
Мавзуга оид

21:55 / 02.05.2025
Шаҳзода Ҳаррига Британияга ташрифи давомида шахсий қўриқчилар ажратилмайдиган бўлди

23:42 / 25.04.2025
Британияда саратонни касаллик белгилари пайдо бўлишидан олдин аниқлашга қодир қон таҳлили ишлаб чиқилди

20:28 / 24.04.2025
Британия Сурия вазирликлари ва разведка хизматларига нисбатан санкцияларни бекор қилди

10:24 / 22.04.2025