Жаҳон | 13:44 / 21.08.2024
3682
9 дақиқада ўқилади

Муваффақиятсиз якунланган музокара, Исроилга зарбани кечиктираётган Эрон ва BRICS сари қадам ташлаган Озарбойжон — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

15 августдан кейин Қатар пойтахти Доҳада Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошланганидан буён Исроил ҳужумлари натижасида Ғазо секторида 168 нафар фаластинлик ўлдирилди. Яна 456 киши ярадор қилинган.

Бу музокараларнинг муваффақиятли якунланиши ва ўт очишни тўхтатиш, асирлар алмашинуви ва мажбуран кўчирилган шахсларни қайтариш, Ғазони тиклаш ва турмуш даражасини яхшилаш бўйича келишувга эришишни хавотирли шубҳа остига қўяди.

Исроилнинг Ғазога тўхтамаётган ҳужумлари туфайли яна бир Фаластин журналисти ўлдирилди. Бу сафарги қурбон Ҳамза Абдурроҳман бўлди.

7 октябрдан буён Исроил ҳужумлари туфайли Ғазода ўлдирилган журналистлар сони 170 нафарга етди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан буён Фаластиннинг оккупация қилинган ҳудудларида тиббиёт хизматларига 1039 та ҳужум уюштирилган. Уларнинг 504 таси Ғазо секторида.

Ғазо бўйича музокаралар

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларнинг биринчи босқичи муваффақиятсиз якунлангани маълум қилинмоқда. ҲАМАС Америка тинчлик режасини қабул қилмаган, Исроил ҳам ўз талабларидан воз кечмаган.

Миср ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукрий 22 август куни Қоҳирада Исроил, АҚШ ва Миср делегациялари иштирокида музокараларнинг иккинчи босқичи бошланишини маълум қилди. Унда 16 августда тақдим этилган Америка тинчлик режаси муҳокамалар учун асос бўлиши керак. АҚШ ўз лойиҳаси мазмунини ошкор қилмаган, бироқ унда икки томоннинг хоҳиш-истаклари инобатга олингани даъво қилинмоқда.

Шундай бўлса-да, ҲАМАС Америка таклифини танқид қилиб, у воситачилар билан ўтган икки ой давомида муҳокама қилинган бандларга мос келмаслигини таъкидлади. ҲАМАСга кўра, АҚШ янги режага Исроилнинг таклифларини киритган. ҲАМАС эса бунга рози эмас.

Қатарнинг «Ал-Арабий Ал-Жадид» газетасининг таъкидлашича, ҲАМАС томонидан қабул қилинмаётган таҳрир учта:

1. Исроилнинг Ғазо-Миср чегарасидаги Филаделфия йўлагида ўз ҳарбийларини сақлаб қолиш талаби;

2. Анклав ичида фаластинликларнинг ҳаракатини назорат қилиш учун секторнинг шимоли ва жануби ўртасида назорат пунктларини ўрнатиш;

3. Исроил гаровга олинганлар эвазига қамоқдан озод қилишга тайёр бўлган фаластинлик маҳбуслар сонини камайтириш.

Газетанинг ёзишича, ҲАМАС Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиб кетиш муддати бўйича ён босган, ваҳоланки, аввалроқ, гуруҳ сулҳнинг дастлабки кунларида барча қўшинлар ҳудудни тарк этиши кераклигини таъкидлаган эди.

ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Суҳайл ал-Ҳиндийга кўра, гуруҳ музокараларга тайёр, аммо Исроилнинг янги талабларисиз.

«Қатар ва Мисрдаги воситачилар ҲАМАСнинг аввалги барча музокараларга ижобий ва масъулият билан муносабатда бўлгани, келишувга эришишга доимо тўсқинлик қилган ва янги шарт ва талабларни илгари сурган Нетаняҳу эканлигини билишади», деган Суҳайл ал-Ҳиндий.

АҚШ ва Миср фаластинликларнинг талабларини эътиборга олди ва сўнгги икки кундан бери Исроил раҳбариятига Филаделфия йўлагидаги ҳарбий иштирокидан воз кечиши учун босим ўтказмоқда, деб ёзади Axios портали.

Исроил Ғазо сектори ва Миср чегарасидаги Филаделфия йўлагида ҲАМАСга ерости туннеллари қуришига халақит бериш учун девор қурилишини талаб қилмоқда.

Миср йўлакдан Исроил қўшинлари тўлиқ олиб чиқиб кетилишини ёқламоқда. Исроил эса девор қурилиши, ҳудудни кузатиб турган датчиклар ва камераларга доимий уланишни истамоқда.

Исроил қамал қилинган эксклавга инсонпарварлик ёрдамлари келиб турган «Рафаҳ» назорат ўтказиш пунктини 2023 йилнинг декабрида ёпган ва ўшандан буён очмаяпти.

Эроннинг Исроилга ҳужуми

Эрон Исроилга қасос зарбаси бериш бўйича шошилмасликка қарор қилди.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси матбуот котиби Али Муҳаммад Наиний сўзларига кўра, мамлакат армияси Теҳронда Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига жавобан Исроилга ҳужум қилишга шошилиши керак эмас, деб ҳисоблайди. Эроннинг жавоби аввалги операциялардан фарқ қилиши мумкин, деди у.

«Вақт биз томонда ва жиноятчи сионистик режимга жавоб зарбаси берилишини кутиш даври узоққа чўзилиши мумкин», дея ундан иқтибос келтирмоқда Mehr агентлиги.

Наинийнинг қўшимча қилишича, Эрон қўмондонлари «душманни самарали жазолаш тажрибасига эга ва шошқалоқлик билан ҳаракат қилишга мойил эмас». Шунингдек, у аввалроқ Эронга қилинган ҳеч бир ҳужум жавобсиз қолмаганини айтди.

Аввалроқ, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳусайн Жобирий Ансорий Теҳроннинг жавоб зарбаси шакли ва вақти можаронинг ривожланишига боғлиқлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Эроннинг жавоби «ҳар томонлама, аммо аниқ» бўлади.

Россия-Украина уруши

Россия Мудофаа вазирлиги «Белгород», «Брянск» ва «Курск» қўшин гуруҳларини ташкил этди.

Россия мудофаа вазири Андрей Белоусовга кўра, ушбу гуруҳлар қўмондонлари ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби вакили «фуқаролар ва ҳудудларни учувчисиз учиш аппаратлари ва бошқа ҳужум воситаларининг ҳужумларидан ҳимоя қилиш» учун жавобгар бўлади.

2024 йил апрел ойида рус қўшинларининг Харкив областига янги ҳужумидан сўнг, Россия Қуролли Кучлари таркибида «Шимолий» қўшинлар гуруҳи яратилгани, уларнинг таркибига «Белгород», «Курск» ва «Брянск» гуруҳлари кириши ҳақида хабар берилган эди. Бу учта тузилма «чегарани қўриқловчи» гуруҳ экани айтилди.

Украина президенти Володимир Зеленский Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужум операцияси асосий мақсадини Россия кейинги ҳужумлари олдини олиш учун «буфер зона яратиш» деб атади.

«Мудофаа ҳаракатларимизнинг асосий вазифаси — имкон қадар кўпроқ Россия салоҳиятини, уруш салоҳиятини йўқ қилиш ва максимал қарши ҳужумни амалга ошириш. Хусусан, агрессор ҳудудида буфер зонани яратиш — Курскдаги операциямиз мақсади», деган у кечки мурожаатида.

Лукашенко МДҲ давлатларини айблади

Беларус раҳбарининг айтишича, МДҲга аъзо айрим давлатлар Россиядан фақат нимадир олишга ҳаракат қилади, лекин эвазига ҳеч нарса бермаяпти.

«Россия ва мен аслида бир қайиқдамиз. Агар у ағдарилса, биз бирга чўкиб кетамиз. Иттифоқчилик муносабатларимизни яширишнинг ҳожати йўқ. Биз ўзимизни баъзи давлатлар каби тутмаймиз, улар Россиядан фақат олмоқчи, эвазига ҳеч нарса бермоқчи эмас», — деган Лукашенко.

Унинг қўшимча қилишича, бу ҳолат давом эта олмайди.

«Қўллаб-қувватлаш учун Россияга мурожаат қилишингиз керак бўладиган вақт узоқ эмас. Инқироз юз берган тақдирда, худди Қозоғистонда бўлгани каби, ҳамма Путинга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Биз эса КХШТ орқали тезда жавоб қайтардик, у ерга куч юбордик ва тартибсизликларни тинчитдик», деган у.

Лукашенко постсовет ҳудудида иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш муҳимлигини ҳам таъкидлади.

«Америкада ёки Европа Иттифоқида Қозоғистон ёки Ўзбекистон товарларини ким кутмоқда? Йўқ, улар Россияга сотишга интилади. Бизда умумий бозор бор ва уни йўқотмаслик керак», деб қўшимча қилди Лукашенко.

Бундан ташқари, Лукашенко Арманистондаги вазиятни ҳам изоҳлаган. Унга кўра, бу давлат МДҲдан бошқа «ҳеч кимга керак эмас».

«Иқтисодиётини ривожлантириб, ресурсларига эътибор қаратишсин. Франция ёки Макрон? Эртага у кетади, шунда ҳамма Арманистонни унутади», деб хулоса қилган Лукашенко.

Озарбойжон BRICS сари қадам ташлади

Озарбойжон BRICS аъзоси бўлиш учун расман ариза топширди, деб хабар берди республика ташқи ишлар вазирлиги.

Бокуда Россия президенти Владимир Путин ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. ОАВ хабарига кўра, уларда иқтисодий ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий муаммолар, хусусан, Арманистон-Озарбойжон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш масалалари муҳокама қилинган, шунингдек, қўшма баёнот қабул қилинган, учта келишув ва учта меморандум имзоланган.

BRICS (Brazil, Russia, India, China, South Africa давлатлари номининг бош ҳарфларидан тузилган қисқартма) 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан ташкил этилган бўлиб, кейинчалик унга Жанубий Африка қўшилган. 2024 йил 2 январ куни унга Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия қабул қилинди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Chery Uzbekistan’дан барча Tiggo автомобилларига 0% бўлиб тўлаш имконияти - 36 ойгача

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Chery Uzbekistan’дан барча Tiggo автомобилларига 0% бўлиб тўлаш имконияти - 36 ойгача

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти