Жаҳон | 17:40 / 14.03.2025
3264
3 дақиқада ўқилади

Ёшлар орасида миокард инфаркти кўпайиб бораётгани сабаблари айтилди

Нотўғри овқатланиш, семизлик, камҳаракатлик ва зарарли одатлар бу хавфли касалликнинг ёшлар орасида тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Фото: Getty images

Сўнгги йилларда кўплаб хасталиклар ёшариб бормоқда. Хусусан, миокард инфарктининг ёшлар орасида тез-тез учрамоқда. Илгари бу хасталик асосан 50-60 ёшдан ошган кишиларда кузатилган бўлса, энди 30-40 ёшлилар, ҳатто 20 ёшдан ошган йигит-қизларда ҳам учраяпти.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Хуршид Фозилов бунинг асосий сабаблари, келтириб чиқарувчи омиллар, амал қилиш керак бўлган қоидалар ҳақида гапирди.

– Миокард инфаркти юрак мушагининг маълум бир қисмига қон етиб бормагани сабабли тўқиманинг нобуд бўлишидир. Бунга одатда қон томирларда тўсиқ пайдо бўлиши, холестерин йиғилиши ёки тромб шаклланиши сабаб бўлади. Бу ҳолат юрак етказиб берадиган қон оқимини кескин камайтиради ва хавфли асоратларга олиб келиши мумкин, деди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, ёшларда инфарктнинг асосий сабаблари аввало, нотўғри овқатланиш ва семизлик.

- Афсуски, бугун аксарият ёшлар фаст-фуд, ёғли ва қовурилган таомлар, газли ичимликлар ва шакар миқдори юқори бўлган маҳсулотларни кўп истеъмол қилаётганини инкор этиб бўлмайди. Бу эса ортиқча вазнга, қон босими ошишига ва қон томирларда атеросклероз пайдо бўлишига олиб келяпти, деди шифокор.

Хуршид Фозиловнинг таъкидлашича, камҳаракатлик (гиподинамия) ҳам бу касалликни чақирмоқда.

- Тан олиш керак, компьютер, смартфон ва бошқа гаджетлар ёшларни бироз дангаса қилиб қўйди. Спорт билан шуғулланмаслик, узоқ вақт бир жойда ўтириб ишлаш ёки ўқиш қон айланишига салбий таъсир кўрсатади. Яна бир фактор сифатида ёшлар орасида бугун доимий стресс билан муаммолар борлиги. Доимий зўриқиш, асабийлик организмда адреналин ва кортизол миқдорини оширади, бу эса юракни зўриқтириб, инфаркт хавфини кучайтиради. Тамаки ва алкоголь истеъмоли ҳам ёшларда бу касалликнинг эрта уйғонишига олиб келаётган омиллардан биридир. Сигарет таркибидаги никотин ва бошқа зарарли моддалар қон томирларини торайтиради. Табиийки, бу юракка қон етиб боришини қийинлаштиради. Шунингдек, спиртли ичимликлар ҳам қон босими ошишига ва юрак ритмининг бузилишига сабаб бўлади, деди шифокор.

Хуршид Фозилов сўзларига кўра, бу касалликнинг олдини олиш учун жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш талаб этилади.

Мавзуга оид