Жаҳон | 10:27
2461
3 дақиқада ўқилади

Германиянинг 13 та аэропортида иш ташлаш бошланди

Ver.di касаба уюшмаси иш ҳақи бўйича давом этаётган баҳс доирасида Германиянинг 13 аэропортида бир кунлик огоҳлантирувчи иш ташлаш ўтказмоқда.

Фото: Frank Hoermann/SVEN SIMON/dpa/picture alliance

10 март, душанба куни Германиянинг энг йирик аэропортларида 24 соатлик огоҳлантирувчи иш ташлаш бошланди. Ver.di немис касаба уюшмаси аэропорт операторлари, ер хизмати ходимлари ва авиация хавфсизлиги ходимларини норозилик намойишига чиқишга чақирди.

Иш ташлаш Берлин-Бранденбург, Штутгарт, Келн/Бонн, Дюсселдорф, Дортмунд, Мюнхен, Ҳамбург, Франкфурт-Майн, Ҳанновер, Бремен ва Лейпциг/Галле аэропортларига таъсир қилади. Веце ва Карлсруэ/Баден-Баден аэропортларида фақат йўловчилар, ходимлар, юк ва товарларни текшириш зоналарида, шунингдек, хизмат кўрсатиш бўлимларида ишловчи авиация хавфсизлиги ходимлари иш ташлашга чиқади.

Германия аэропортлари ассоциацияси ADV ҳисоб-китобларига кўра, Ver.di томонидан эълон қилинган иш ташлаш натижасида 3400 дан ортиқ рейслар бекор қилинади, бу эса 510 000 га яқин йўловчига таъсир қилади. Касаба уюшмаси иш ҳақини 8 фоизга оширишни, лекин ойига 350 евродан кам бўлмаслигини талаб қилмоқда, шунингдек, машаққатли меҳнат учун бонуслар ва ходимларга қўшимча дам олиш кунлари берилиши сўралмоқда. Ver.di ўз баёнотида иш ташлаш «тахминан 25 минг ходимнинг иш шароитларини яхшилаш» учун зарур эканлигини билдирди.

Ҳамбург аэропортида эълон қилинмаган иш ташлаш

9 март куни, эълон қилинган кенг кўламли иш ташлашдан бир кун олдин, Ҳамбург аэропортида ерусти ходимларининг эълон қилинмаган иш ташлаши бўлиб ўтди. Аэропорт вакили dpa агентлигига режалаштирилган 144 та қўниш ва 139 та парвоздан атиги 10 та эрталабки рейслар белгиланган тартибда амалга оширилгани, қолганлари эса бекор қилинганини айтди. Иш ташлаш 40 мингга яқин йўловчига таъсир кўрсатди. NDR телеканалининг хабар беришича, кўплаб йўловчилар юкларини рўйхатдан ўтказишган ва уларни қайтариб ололмагани учун қийинчиликларга дуч келишган.

Германия ҳаво ҳаракатини назорат қилиш хизмати маълумотларига кўра, бир кунда Германия аэропортларида 6000 га яқин парвоз ва қўниш, шунингдек, Германия ҳаво бўшлиғи орқали 3000 га яқин транзит парвозлар амалга оширилади.

Мавзуга оид