Жаҳон | 20:44 / 09.03.2025
2888
2 дақиқада ўқилади

Ҳамбург аэропорти иш ташлашлар сабаб бутунлай фаолиятини тўхтатиб қўйди

Касаба уюшмалари ходимларнинг маошлари оширилиши ва меҳнат шароити яхшиланишини талаб қилмоқда.

Фото: AP

Германиянинг Ҳамбург аэропорти фаолияти 9 март куни тўхтатиб қўйилди. Бунга Verdi касаба уюшмаси томонидан ходимлар ўртасида ташкил этилган иш ташлашлар сабаб бўлди. Аэропорт фаолияти тўхтатилгани тўғрисидаги баёнот ҳаво бандаргоҳининг сайтига жойлаштирилган.

Қайд этилишича, аэропортда самолётларни қабул қилиш ва учириш кун давомида амалга оширилмайди. Йўловчиларга парвоз бўйича батафсил маълумот олиш учун авиакомпанияларга мурожаат қилиш сўралган.

Bild нашрининг ёзишича, айрим йўловчилар ўз рейслари бекор қилингани тўғрисида парвозга бир неча дақиқа қолганида хабар топган.

Verdi касаба уюшмаси, шунингдек, кейинги ҳафта Берлин, Ҳанновер ҳамда Франкфурт аэропортларида ҳам иш ташлашлар бўлиб ўтишини эълон қилди. Улар ишчиларнинг маошлари оширилиши ва меҳнат шароити яхшиланишини талаб қилмоқда.

Касаба уюшмаларининг бу каби акцияси 27-28 феврал кунлари Мюнхен аэропортида ҳам ўтказилган эди. Ўшанда ҳаво бандаргоҳи маъмурияти аксарият рейсларни бекор қилишга мажбур бўлганди.

Касаба уюшмаси баёнотида келтирилишича, иш берувчилар музокаралар давомида ходимларнинг талабини қаноатлантиришни хоҳламаётгани учун улар шу каби норозилик намойишини ўтказишга мажбур бўлмоқда. Verdi ходимлар маоши 8 фоизга ёки ойига камида 350 еврога оширилишини талаб қиляпти.

Мавзуга оид