IMEI талаби Тошкент аэропортида навбатларни юзага келтирди. Божхона қўмитаси изоҳ берди
Тадбиркор Ойбек Шайхов Тошкент аэропортида телефонларни декларациялаш ва IMEI рўйхатидан ўтказишдаги бюрократия ва узун навбатлар ҳақида ёзди. Божхона қўмитаси ходимлар сони оширилгани ва яқин кунларда декларацияни онлайн тўлдириш мумкин бўлишини айтди. Декларацияга киритилган қурилмаларни айнан аэропортнинг ўзида UzIMEI рўйхатидан ўтказиш шарт эмас.

Фото: Ойбек Шайхов / Facebook
Европа–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси бош котиби, Брюсселда яшайдиган асли ўзбекистонлик тадбиркор Ойбек Шайхов IMEI билан боғлиқ масалани кўтарди. У Facebook саҳифасида Божхона қўмитаси расмий саҳифасини белгилаб, Тошкент халқаро аэропортида телефонларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишда навбатлар юзага келганини кўрсатди.
«Бир муддат аввал паспорт назоратидаги узун навбатлар муаммоси ойналар сонини кўпайтириш орқали ҳал этилган эди. Нега чет элда сотиб олинган телефонларни рўйхатдан ўтказишда ҳам шундай қилмаслик керак? Эндиликда бу жараён мажбурий бўлиб, икки босқичда (божхона + UzIMEI) амалга оширилади, лекин рўйхатдан ўтиш учун божхона бўлимида фақат битта ходим ишлайди. Иккинчиси борга ўхшайди, лекин у ёрдам беришга «ҳуқуқи йўқ», чунки у «бошқа нарсалар» билан банд — дафтарга эътибор билан нималарнидир ёзяпти», – дейди у.
Тадбиркорнинг айтишича, тонгги 4:30 да Ўзбекистонга келган ватандошлар ҳам, хорижлик меҳмонлар ҳам соатлаб навбат кутмоқда.
«Бир соатдан бери навбатда турибмиз – йўловчилар ҳам, пойтахт меҳмонлари ҳам. Самолётимиз 4:30 да қўнди, ҳозир соат 6:26. «Янги Ўзбекистон»да эски муаммолар сақланиб қолмоқда. Агар раҳбарият эътибор бермаса, улар ҳеч қачон ҳал бўлмайди. [Аэропортдан] чиқишда шундай ҳолат бўлса, кўпчиликнинг саъй-ҳаракатлари зое кетгани уятли», — деб ёзган Ойбек Шайхов.

Ҳолат юзасидан Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев изоҳ берди. Маълум қилинишича, ҳолат Божхона қўмитаси, «Тошкент-AERO» ва ТТБРМ вакиллари иштирокида жойига чиқиб ўрганилган ва навбатларнинг олдини олиш мақсадида ходимлар сони оширилган.
«Ҳаво йўллари орқали ҳаракатланаётган юртдошларимизга қулайликлар яратиш мақсадида аэропортнинг ўзида йўловчилар томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациялари асосида мобил қурилмаларни UzIMEI операторлари томонидан тизимда рўйхатга олиш йўлга қўйилган. Навбатларнинг олдини олиш мақсадида ушбу жараёнга жалб қилинган ходимлар ва операторлар сони оширилди», — дейилади хабарда.
Божхона расмийси олиб кирилаётган мобил қурилмаларни божхона декларациясида кўрсатгач, уларни UzIMEI тизимида аэропортнинг ўзида рўйхатдан ўтказиш мажбурий эмаслиги, Ўзбекистон фуқаролари 30 кун ичида, чет элликлар 60 кун ичида ўзига қулай вақтда рўйхатдан ўтказиши мумкинлигини эслатган.
«Шунингдек, келгусида йўловчи божхона декларациясини онлайн тўлдиришни йўлга қўйиш, бунинг учун мобил иловалар ишлаб чиқиш устида ҳам ишлар бошлаб юборилган. Яқин кунларда декларацияни онлайн тўлдириш тест режимида ишга туширилади, халқаро аэропортларнинг учиб келиш залларига декларацияни онлайн тўлдиришга мўлжалланган инфокиосклар ўрнатилиши режалаштирилган», – дея маълум қилди Ҳусан Тангриев.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябридан бошлаб, Ўзбекистонга кириб келаётган жисмоний шахслар ўзи билан телефон олиб кираётган бўлса, декларация тўлдириши керак. Акс ҳолда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишда бож тўлашга тўғри келади. Бу тартиб кенг жамоатчиликка шу йил январ ойида маълум бўлган эди.
Мавзуга оид

10:27
Германиянинг 13 та аэропортида иш ташлаш бошланди

20:44 / 09.03.2025
Ҳамбург аэропорти иш ташлашлар сабаб бутунлай фаолиятини тўхтатиб қўйди

11:00 / 08.03.2025
“Ходимларнинг аралашганлиги ҳолати аниқланмади” – “Яллама” постидан юзлаб автомобилларнинг ғайриқонуний олиб ўтилишида божхоначилар иштироки ҳақида

17:10 / 07.03.2025