Ўзбекистон | 21:53 / 05.03.2025
2739
2 дақиқада ўқилади

Экология вазирлиги дарахтлар кесилиши камайиб бораётганини эълон қилди

Вазирлик келтирган рақамларга кўра, 2024 йилда қимматбаҳо дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари 1098 тани ташкил қилган.

Фото: Экология вазирлиги

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва ҳудудий назорат бошқармалари инспекторлари томонидан дарахтлар кесилишига йўл қўймаслик мақсадида доимий назорат-рейд тадбирлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида ўтган йиллар давомида дарахтлар, хусусан, мораторийга киритилган қимматбаҳо дарахтлар кесилиши камайиб боряпти. Бу ҳақда Экология вазирлиги маълумот берди.

Қайд қилинишича, президентнинг 2019 йил 30 октябрдаги фармонига асосан ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий эълон қилинган. 2021 йил 30 декабрдаги фармонга кўра эса дарахтлар кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилди.

Экология вазирлиги келтирган рақамларга кўра, 2022 йилда қимматбаҳо дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатлари 1669 тани ташкил қилиб, 2021 йилга нисбатан 2513 тага ёки 61 фоизга камайган. 2023 йилда эса қимматбаҳо дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатлари 1097 тага етиб, 2022 йилга нисбатан 572 тага ёки 35 фоизга қисқарган.

2024 йилга келиб қимматбаҳо дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари 1098 тани ташкил қилган. Шунингдек, жамоатчилик назорати ва профилактика тадбирлари доимий олиб борилиши натижасида ўтган йил давомида 142 минг 135 туп қимматбаҳо дарахтлар, 492 минг 136 туп кам қимматли дарахтлар, жами 634 минг 271 туп дарахтлар кесилишининг олди олиниб, уларнинг яшовчанлиги сақлаб қолинган.

Таъкидланишича, Экология вазирлиги дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатларини кескин қоралайди ва бу борадаги рейд тадбирлари давом этади.

Мавзуга оид