Ўзбекистон | 20:21 / 04.03.2025
7740
5 дақиқада ўқилади

“Дарахтлар атай қуритилган” – Тошкентда яшил зона йўқ қилиниб, ўрнида қурилиш бошланмоқда

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги яшил зона маҳаллий ҳокимлик томонидан аукционга чиқарилиб, сотиб юборилди. Ер майдонини 2,7 млрд сўмга сотиб олган тадбиркор бу ерда қурилиш ишлари олиб бормоқчи. Ҳудудда яшовчи аҳоли эса бундан норози. Эътиборлиси, яшил зонадаги дарахтлар сирли равишда бирин-кетин қурий бошлаган ва қуриганлари кесиб олинган. Аҳоли дарахтлар сунъий равишда қасддан қуритилганини айтмоқда.

Тошкент шаҳрида яшил зона йўқ қилиниш арафасида. Олмазор туманида бундан бир неча йил олдин дарахтзор бўлган майдон аукционга қўйилиб, тадбиркорга сотиб юборилди. Ҳолат туманнинг Хислат маҳалласида содир бўлган.

Kun.uz’га мурожаат қилган ҳудудда яшовчи фуқароларга кўра, яшил зонадаги дарахтлар бирин-кетин сирли равишда қурий бошлаган. Қуриган дарахтлар эса кесиб олинаверган. Бугунга келиб очиқ майдонга айлантирилган яшил зона қурилиш қилиш учун ҳозирлаб қўйилган.

Бизни ҳеч ким огоҳлантирмаган. Гуруҳларга ёздик, телефонлашдик ва компания вакили билан учрашдик. Нима қурилишини ҳам билмас экан. У бизга қўпол равишда, сизлар хоҳласаларинг ҳам, хоҳламасаларинг ҳам қурамиз, деди.

Бу ер яшил ҳудуд, арчалар, мевали дарахтлар бўлган. Улар бирданига қуриб қолди. Сири шундаки, тагига ёқилғи қуйиб қўйса, ҳаммаси қурийди. Бу ерда олинмаган тўнкалари ҳам турибди. Булар кузда арраланган. Экологияга мурожаат қилганимизда, негадир улар суст ишлади. Туман экологиядан айтишдики, булар олдиндан ободонлаштиришдан рухсат сўраб, секин-секин камайтираверган. Бу ҳудуд ўша пайти Тошкент тиббиёт академиясига тегишли бўлгани учун аралаша олмадик. Билсак, бу ҳокимиятга ўтиб кетибди. У орқали аукционга қўйилибди”, дейди шу ерда яшовчи Элбек Сулаймонов.

Бошқа фуқаролар ҳам бу ҳудуд илгари катта арчазор бўлганини, дарахтлар дастлаб қуриб, кейин кесиб ташланганини айтишди. Аҳолига кўра, агар ушбу майдонда 4-5 қаватли бино қурилса, атрофдаги кўп қаватли уйлар орасига ҳаво кирмай қолади.

Атрофдаги кўп қаватли уйларда яшовчи одамларнинг сўзларига кўра, ҳудуд девор билан ўралмасдан олдин ерни сотиб олган тадбиркор Жасур Қодиржонов маҳалла фуқаролари билан учрашган. У маҳалла аҳлига мазкур жой сотиб олингани бўйича қатор ҳужжатларни кўрсатган ва унда қурилиш қилиш учун аҳолидан розилик олиш қисми йўқлигини айтган.

Шу жойни 2,7 млрд сўмга сотиб олдим ҳокимиятдан. Пул тўладим. Бировга бориб пора берган жойим йўқ. Ҳокимиятга телефон қиласизми, адлиягами ёки прокуратурага қиласизми, давлатга тўлаган пулим асос. Сизлардан қурилишга рухсат олишга келган жойим йўқ. Шу ерда қурилиш бошлаяпман деб огоҳлантиряпман”, деган Қодиржонов аҳоли билан учрашувда.

Унинг сўзларига учрашувда қатнашган фуқаролардан бири “яшил ҳудудни нега аукционга қўяди?” деб эътироз билдирган. Шунда тадбиркор ҳокимиятнинг хатоси учун жавоб бермаслигини айтган.

Орадан бир неча кун ўтгач, Асатилла исмли шахс келиб фуқаролар билан учрашган. У суҳбат давомида 3 сотих ер майдони сотиб олинган бўлса, шунинг 2 сотихида қурилиш ишлари амалга оширилишини, у ерда оилавий клиника бўлишини маълум қилган.

Агар дарахт масаласи бўладиган бўлса, худди шуларни айтган жойларингга кўчириб бераман ёки бошқа ерга дарахт экиб боғ қилиб бер, десангиз унгаям тайёрман. Сизларнинг йўлларингиздан менга келадиган одам юрмайди. Ўзим йўлнинг юзидан кирадиган жой ва “стоянка” қилиб оламан. Маҳалланинг бошига “шлагбаум” қўйиб бергин денг, мен қилиб бераман. Орқага йўл йўқ, мен ҳам “тупик”ка кириб қолдим. Ҳозир орқага қайтиб чиқиб кетолмайман. Агар шу нарсани “кнопка”ни босишдан олдин билганимда, мен босмасдим”, деган у.

Ҳозирда маҳалла аҳолиси атрофда шу майдондан бошқа ҳордиқ чиқарадиган жой йўқлигини айтиб, қурилишга норозилик билдирмоқда.

Аукцион ҳужжатларига кўра, мазкур ер майдонида офис бинолари қуришга рухсат берилган. Яъни маҳаллий ҳокимлик негадир яшил зонани аукционга чиқарган.

Kun.uz ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди. Бироқ ҳокимлик матбуот котиби очиқ аукцион қонун доирасида ўтказилганини, дарахтлар масаласида Экология бошқармасига мурожаат қилиш мумкинлигини билдирди холос.

Атрофдаги дарахтлар кўкариб турган бир вазиятда ушбу ер участкасидаги дарахтлар бирин-кетин қуриши ва кесиб ташланиши бироз шубҳали. Ушбу ҳолатга Экология вазирлиги эътибор қаратади деган умиддамиз.

Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz

Мавзуга оид