Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи йил охиригача савдо келишувига эришмоқчи
Европа Иттифоқи ҳам, Ҳиндистон ҳам ўз мутахассисларига 2025 йил охиригача эркин савдо шартномасини тузишни топширди, деди фон дер Ляйен Ню-Деҳлига ташрифи чоғида. Модининг сўзларига кўра, бу «ўзаро манфаатли келишув»дир.

Фото: Manish Swarup/AP/dpa/picture alliance
Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи узоқ вақтдан бери режалаштирилган эркин савдо битимини шу йил якунламоқчи. Бу ҳақда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен 28 феврал, жума куни Ню-Деҳлидаги икки кунлик маслаҳатлашувлардан сўнг айтиб ўтди.
Фон дер Ляйен АҚШ президенти Доналд Трампнинг Европа Иттифоқи товарларига қўшимча божлар жорий этиш таҳдидига ишора қилиб, геосиёсий вазият «ҳал қилувчи ҳаракат»ни талаб қилиши ҳақида гапирди. Европа Иттифоқи ҳам, Ҳиндистон ҳам ўз экспертларига «йил охиригача эркин савдо битими тузишни» топширди, деди у. Модининг айтишича, мақсад 2025 йил охиригача «ўзаро манфаатли икки томонлама келишув»га эришишдир.
Европа Иттифоқи-Ҳиндистон савдо музокаралари
Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон 2007 йилда кенг қамровли эркин савдо битими бўйича музокараларни бошлаган, бироқ улар 2013 йилда интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва айрим товарлар, жумладан, автомобиллар ва ичимликлар учун умумий бозорга кириш бўйича келишмовчиликлар туфайли тўхтатилган эди. Музокаралар 2022 йилда қайта бошланган. Муҳокамаларнинг 10-раунди март ойида Брюсселда ўтказилиши режалаштирилган.
Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон эркин савдо шартномаси «дунёдаги энг йирик битим бўлади». «Сиз менинг тўлиқ мажбуриятимга ишонишингиз мумкин, биз буни амалга оширамиз», деди ЕК раҳбари Моди билан учрашишдан олдин.
Мавзуга оид

20:37
Европа Иттифоқи Тожикистонга чегара хавфсизлигини яхшилашга ёрдамлашади

15:23 / 07.03.2025
Зеленскийнинг афсуси, Путиннинг талаблари ва сўроқ остидаги НАТО — геосиёсий ҳафта таҳлили

21:51 / 04.03.2025
Европани 800 миллиард евролик қайта қуроллантириш режаси таклиф этилди

19:09 / 04.03.2025