Хитойда 17 болани ўғирлаган аёл қатл этилди
Юй Хуаин исмли жиноятчи 2024 йил октябрда ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Суд унинг апелляциясини бекор қилган ва ҳукмни кучда қолдирган.

Фото: Xinhua
Хитойнинг Гуйян шаҳри халқ суди одам савдосида айбланган 61 ёшли Юй Хуаинга нисбатан ўлим жазосини ижро этди, деб хабар беради ХХР прокуратураси. Иш материалларига кўра, хитойлик аёл камида 17 нафар болани ўғирлаган ва уларни сотиб юборган.
Юй Хуаин 2024 йил октябрда ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Ҳукм эълон қилинганидан кейин у айбига иқрор эмаслигини ва суд ҳукми устидан шикоят киритишини маълум қилганди. Суд унинг апелляциясини бекор қилди ва ҳукмни кучда қолдирди.
Юй Хуаин бундан олдин ҳам одам савдосида судланган. 2004 йилда у жиноят содир этиш вақтида ушланган, аммо у ўзини бошқа инсон сифатида таништириб, жазодан қутулиб қолган. Ўшанда суд уни саккиз йилга озодликдан маҳрум этганди, аммо 2009 йилда жазо муддати уч йилга қисқартирилган.
2022 йилда Ян Нюхуа исмли шахс 1995 йилда ўзини ўғирлаб кетган хитойлик аёлни судга берган. Тергов тадбирлари давомида Юй Хуаиннинг бутун жиноий тармоғи фош этилган. Аввалига у 11 болани ўғирлаш ва сотишда айбланган. 2024 йил октябрда расмийлар аёл камида 17 киши унинг қурбонига айланганини аниқлашга муваффақ бўлган.
Аввалроқ Хитойнинг Чжухай шаҳрида ажрашганидан кейинги мулкий можаро натижаларидан норози бўлиб машинасини одамлар устига ҳайдаган шахс қатл этилганди. Ҳодиса оқибатида 35 киши ҳалок бўлган ва 43 киши жароҳат олган эди.
Мавзуга оид

09:21
Хитой Ўзбекистонда таълим ва касбга тайёрлаш ўқув марказини очади

22:47 / 08.03.2025
ШҲТ саммити Хитойнинг Тянцзин шаҳрида кузда бўлиб ўтади

16:41 / 08.03.2025
АҚШ суди Хитойдан Covid-19 тарқалгани учун 24 миллиард доллар талаб қилди

15:23 / 08.03.2025