Ўзбекистон | 20:44 / 27.02.2025
2982
3 дақиқада ўқилади

Президент суд биноларини кўпайтириш, одамлар учун шароит яратишни буюрди

Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни суд фаолиятини янада яхшилаш, очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда суд фаолиятини рақамлаштириш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Тақдимотга кўра, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан бутунлай воз кечиш мақсадида «Рақамли суд» концепцияси амалга оширилади. Бунинг учун Олий суд ҳузурида Ахборот технологиялари маркази ташкил этилади. У судларга зарур бўлган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар яратиш, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади. Тадбиркорлик субъектлари билан судлар ўртасида электрон маълумот алмашиш йўлга қўйилади. Таъкидланишича, ишларни кўриб чиқиш тезкорлиги ошади.

Давлат раҳбари бунинг учун судлар ва барча алоқадор ташкилотларнинг ахборот тизимлари интеграцияси муҳимлигини, қулайликларни одамлар сезиши кераклигини таъкидлади. Бу ишларни кенгайтириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларини судлар билан самарали боғлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳар йили судларда 1 миллионга яқин низосиз ишлар ҳам кўриляпти. Масалан, ўтган йили фуқаролик судларида коммунал қарздорлик бўйича 200 мингга яқин шундай иш кўрилган. Аслида буни нотариусда ҳам ҳал қилса бўлади. Шу нуқтаи назардан, низосиз ишларни кўриб чиқишни тегишли идораларга ўтказиш таклифи билдирилди.

Конституцияга кўра, Олий судга қонунчилик ташаббуси ваколати берилган. Шунга асосан, тадбиркорлик, инвестиция, инфратузилма, ер, солиқ, кредит, меҳнат муносабатлари каби энг кўп учраётган масалаларни таҳлил қилиб, ҳар ойда ҳукуматга, ҳар чоракда парламентга таклиф киритиб бориш муҳимлиги таъкидланди.

Соҳага оид қонунларни халқаро стандартларга мослаштириш, судни янада халқчил қилиш, тизимни молиялаштириш бўйича қонунлар зарурати қайд этилди.

Иқтисодий суд тизимини ислоҳ қилиш, бу борада ягона суд амалиётини йўлга қўйиш масаласига тўхталиб ўтилди. Суд биноларини кўпайтириш, одамлар учун зарур шароит яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Судьялар малакасини, жумладан, ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, ёш кадрларни шу жиҳатлардан етук этиб тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга оид