Ўзбекистон | 11:23 / 24.02.2025
18456
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда

Дам олиш кунларидаги баҳорий об-ҳаводан сўнг ҳафта давомида ҳарорат кескин ўзгариши кутилмоқда. Ҳудудларда ёмғир ёғиб, қорга айланади. Ҳарорат кечалари 0…–9 даражагача пасайиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Дам олиш кунлари кузатилган баҳорий илиқ об-ҳаводан сўнг ушбу ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудуди бўйича об-ҳавонинг кескин ўзгариши кутилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 24–25 феврал кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 26 февралда республиканинг қолган ҳудудларида ёмғир қорга айланади. Баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлади.

Айрим жойларда шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача, баъзида 23–25 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Душанба кундузи ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +10…+15 даража атрофида бўлади, 25–27 феврал кунлари 0…+5 даражагача аста-секин пасаяди. 26–27 феврал кунларига бориб, кечалари ҳарорат 0…–5 даражагача тушади.

Иш ҳафтаси давомида республика шимолида ҳарорат асосан кечалари –4…–9 даража, кундуз кунлари –3…+2 даража бўлади. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади.

Тошкент шаҳрида душанба кунининг иккинчи ярмида бироз ёмғир ёғиши мумкин. 25–28 феврал кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир ёғади, қорга айланади) бўлади.

Ҳаво ҳарорати душанба кундузи +13…+15 даража, сешанба куни +11…+13 даража бўлади. 26–28 феврал кунлари +2…+5 даражагача пасаяди. 27–28 феврал кунларига бориб, ҳарорат кечалари 0…–3 даражагача аста-секин пасаяди.

Мавзуга оид