Кличко: Сайловлар ҳозир - Украина учун заҳар
Сайлов кампанияси Украинани ичкаридан йўқ қилиши ва кучсизлантириши мумкин, деб ҳисоблайди Киев мэри Виталий Кличко. У Гданскнинг вафот этган мэри Павел Адамович номидаги мукофотни олиш учун Брюсселга келган.

Фото: Europaparlament
Киев мэри Виталий Кличко барқарор тинчлик ўрнатилмагунча Украинада сайлов ўтказишни тўғри деб ҳисобламайди. «Бундай оғир вазиятда сайлов кампанияси мамлакатни ичкаридан вайрон қилиб, уни анча заифлаштириши мумкин», деди Кличко 20 феврал, пайшанба куни DW телеканалига Павел Адамович мукофотини олиш муносабати билан Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида. Ушбу мукофот Европа Иттифоқида маҳаллий даражада демократияни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқаролар бирдамлигини қўллаб-қувватлашга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.
«Ҳозирги вазиятда сайловлар бизнинг ватанимиз учун заҳардир, - дейди Виталий Кличко. - Украинага босқичма-босқич тинчлик қайтгандан сўнг, кейинги мантиқий қадам сайловлар бўлади». Унинг фикрича, ҳозирдан сайловларга тайёргарлик кўриш оқилона эмас, чунки «Украина мавжуд бўладими ёки йўқми деган савол очиқ».
Украиналиклар мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик учун курашаётган бир пайтда, мамлакатдаги сиёсий кучлар урушни тўхтатиш учун ўз куч ва қудратини бирлаштириши керак. «Мамлакат ичида ва унинг чегараларидан ташқарида, Украина атрофида бирликка эга бўлиш жуда муҳим», — дея хулоса қилди Украина пойтахти мэри.
Киев мэри вафот этган Гданск мэри номидаги мукофот билан тақдирланди
20 феврал куни Европарламентдаги Европа минтақалар қўмитасининг ялпи мажлисида Виталий Кличкога Павел Адамович мукофоти топширилди. У 13 январ куни лауреат бўлганлиги маълум бўлди. Номзодлар орасида Лвив мэри Андрей Садовий, россиялик сиёсий маҳкум, собиқ муниципал депутат Алексей Горинов ва бошқалар ҳам бор эди. Ҳакамлар ҳайъати Фаластин ва Исроил ҳамжамият етакчилари Бассам Арамин ва Рами Элхананни ярашувдаги саъй-ҳаракатлари учун алоҳида эътироф этди.
Ҳакамлар ҳайъатининг фикрича, Киев мэрининг ташаббуслари бошқа шаҳарлар учун намунадир. Ушбу ташаббуслар орасида аҳолига муаммоларни кўтариш ва маҳаллий ташаббуслар бўйича овоз бериш имконини берувчи Kyiv Digital иловасини жорий этиш ҳамда ҳукумат, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва маҳаллий аҳоли учун муҳим жамоат майдони бўлиб хизмат қилувчи Vcentri ҳаблар тармоғини яратиш киради.
«Киев мэри сув ва электр энергияси каби асосий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш билан бирга, жамоат муҳокамалари ва форумлардан тортиб, онлайн сўровлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан биргаликда жамоат кенгашлари ташкил этилишини қўллаб-қувватлашгача бўлган оммавий маслаҳатлар ва муҳокамалар орқали фуқаролар ва ҳокимият ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлайди», дейилади Адамович мукофоти ташкилий қўмитаси матбуот хизмати баёнотида.
Мавзуга оид

11:40 / 06.03.2025
АҚШ ва Киев яқинда Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилиши мумкин

11:08 / 06.03.2025
Ирландия Киевга махсус топшириқли кучларни юбориши мумкин

08:36 / 28.02.2025
АҚШ Молия вазирлиги: Киев билан фойдали қазилмалар бўйича битим тайёр

09:25 / 25.02.2025