Спорт | 10:26 / 20.02.2025
11190
8 дақиқада ўқилади

Эмери «Ливерпул»ни тўхтатди ва «Арсенал»га ёрдам бериб юборди

Дарвин Нунеснинг хатоси жамоасини очколарсиз қолдирди. АПЛга интрига қайтмоқда.

Фото: Nick Potts/PA Images via Getty Images

«Астон Вилла» — «Ливерпул» 2:2
Голлар:
Тилеманс (38), Уоткинс (45+3) — Салоҳ (29), Александер-Арнолд (61).
«Астон Вилла» — Мартинес, Гарсия (Кэш, 67), Дисаси, Мингз, Дин (Матсен, 78), Макгинн (Богард, 86), Тилеманс, Асенсио (Мален, 67), Рожерс, Рэшфорд (Рэмзи, 67), Уоткинс. 
«Ливерпул» — Алиссон, Александер-Арнолд (Брэдли 66, Кванса 89), Конате, ван Дейк, Робертсон, Гравенберҳ, Мак Аллистер (Диас, 81), Салоҳ, Собослаи, Жонс, Жота (Нунес, 66). 
Огоҳлантириш: Дисаси (23).

«Астон Вилла» ва «Ливерпул» ҳам шу куни Чемпионлар лигаси ўйинлари билан банд бўлиши мумкин эди, аммо икки жамоа ҳам 1/8 финал йўлланмасини олдиндан ҳал этганди ва АПЛнинг 29-туридан кўчирилган учрашувда майдонга тушишди. Ўйинга қизиқиш ЕЧЛ плей-оффидан кам эмасди. Якунда эса Арне Слот жамоаси «Арсенал»дан 10 очкога ўзиб кетиш имкониятидан фойдалана олмади.

Ўйин дебютида «Астон Вилла» «Ливерпул»ни прессинг қилишга уриниб кўрди, аммо Унаи Эмери шогирдларининг бундай фаоллиги узоққа чўзилмади. Кейин эса мерсисайдликлар мезбонларни шунчалик кучли босим остида қолдиришдики, рақиб майдоннинг иккинчи ярмидан чиқа олмай қолди. АПЛ пешқадами қатор стандарт вазиятларга эга бўлиб, хавфли зарбалар йўллади. Бирмингҳэмликлар мудофаа чизиғини бироз олдинроққа чиқариши билан меҳмонлар ҳимоячилар ортига узатилган паслар эвазига бир неча хавфли вазиятларга эга бўлишди.

Кейин эса ўйин бироз тинчланди. «Ливерпул» босимни сусайтириб, «Астон Вилла» футболчиларига нафас ростлашга имкон берди. Бирмингҳэмликлар ҳужум чизиғида Рэшфорд ва Асенсио биргаликда ҳаракат қилишди. Айнан мазкур жуфтлик 17-дақиқада «девор» услубида ўйнаб, Слот жамоаси мудофаасини ёриб ўтишди ва дарвоза ишғол этилди. Аммо мезбонларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади, Рэшфорд бироз шошилгани ва офсайдга кириб қолгани маълум бўлди.

«Ливерпул» ва «Астон Вилла» етарлича юқори темпни ушлаб туришди, шунга қарамай дастлабки ярим соат ичида АПЛ пешқадамларининг бирорта зарбаси дарвоза соҳаси томон тўғри бормади, мезбонларда эса умуман бирорта зарбанинг ўзи бўлгани йўқ. Бўлим ўрталаридан ўтганида эса бирмингҳэмликларнинг яна бир янги футболчиси Гарсия эса шунчаки рақибга гол совға қилди. Ўнг қанот ҳимоячиси ортга пас беришга уриниб, тўпни Жотага топширди, португалиялик ҳужумчи жарима майдонига кириб борди ва тўпни марказда очилган Салоҳга узатди, мисрлик ҳужумчи эса АПЛ жорий мавсумидаги 24-голини нишонлади.

Воқеаларнинг бундай ривожи «Астон Вилла» учун ҳеч нарса ваъда қилмаётганди, аммо жамоалар танаффусга мезбонлар фойдасига 2:1 ҳисобида йўл олишди. Бирмингҳэмлар катта куч сарфламай икки гол уришди. Аввалига – стандарт вазиятдан фойдаланишди. Узатмадан кейин тўп «Ливерпул» жарима майдонида узоқ қолиб кетди, Собослаи эса уни тўғри Тилеманснинг оёғига ташлади.

Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса «Астон Вилла»нинг асосий тўпурари Олли Уоткинс катта саҳнага чиқди. Мезбонларнинг бу ҳужумини орқароққа қайтиб ўйнаган Асенсио нозик пас билан тўпни чизиқлар орасидан ўтказган ҳолда бошлаб берди. Кейин эса тўп чап қанотга етказилди, у ердан Дин муваффақиятли кросс ижро этди. «Ливерпул» ҳимоячилари катта хатога йўл қўйишди – дарвозага яқин масофада очилган Уоткинсни бўш қолдиришди.

Охирги ўйинларда «Ливерпул» ўйиннинг маълум қисмида ўта муваффақиятсиз ҳаракатланмоқда. Бирмингҳэмда барчаси 10 дақиқа ичида ўзгариб кетди. Қолаверса, иккинчи бўлим бошида «Астон Вилла» учинчи голни уриши ҳам мумкин эди, Алисон Рэшфордга узатилган тўпга чиқишда кечикди ва «Манчестер Юнайтед» собиқ футболчиси жарима майдони ташқарисидан туриб очиқ қолган дарвозани ўққа тутди. Мерсисайдликлар бахтига Конате дарвозабонни қутқарди. Франциялик марказий ҳимоячи бўш дарвозага кириб кетаётган тўпни тўхтатди.

Бу эпизод «Астон Вилла»га салбий таъсир кўрсатди. Худдики Эмери жамоасининг барча футболчилари бирданига чарчаб қолгандек кўринди. Мезбонлар рақиб футболчиларига улгура олмай қолишди – «Ливерпул» тўпни тезроқ ҳаракатлантирди ва вазиятлар яратишга киришди. Жотанинг жарима майдони чизиғи яқинидан йўллаган зарбаси тўсинга тегди, бироз ўтиб эса Александер-Арнолд меҳмонларнинг навбатдаги ҳужумини гол билан якунлади. Аниқроғи «Астон Вилла» қарши ҳужумдан гол ўтказиб юборди. Салоҳ Дин билан яккакурашда омад эвазига тўпни ўзида сақлаб қолди, Трентнинг зарбасидан кейин эса тўп мезбонлар ҳимоячиси Мингзга теккан ҳолда йўналишини ўзгартириб, дарвоза тўрига борди.

Эмери дарҳол уч футболчини алмаштирди – Рэшфорд, Асенсио ва Гарсия дам олишга юборилди. Аммо дарҳол яна «Ливерпул»да голли вазият юзага келди. Собослаи жарима майдонига кириб борди ва нариги қанотда очилган Нунесга тўпни ташлаб берди – аммо Дарвин ўз одатига кўра бўш дарвозага гол ура олмади, кучли зарбадан кейин тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.

Кейинроқ Мингзнинг қўпол хатосидан кейин уругвайлик ҳужумчи дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетаётганди, аммо жарима майдонини ташлаб чиққан Мартинес тўпни унинг оёқлари остидан олиб қўйди.

Шундан кейин ўйин очилди. «Астон Вилла» ўйинига захирадан тушган Кэш ва Мален энергия қўшишди. Бирмингҳэмликлар якунда зарбалар сони бўйича икки баравар ортда қолган бўлса ҳам – 9:17 (жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича – 4:14, аммо дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 4:3), мезбонларда ғалабани илиб кетиш учун яхши имкониятлар бўлди. «Астон Вилла» бир нечта голли вазиятлар яратди, захирадан тушган яна бир футболчи Рэмси дарвозани ишғол этди ҳам – аммо бу сафар ҳам офсайд қайд этилди. Ўйин охирида «Ливерпул» мухлисларининг дилини хира қиладиган яна бир воқеа рўй берди: захирадан тушган Брэдли жароҳат туфайли майдонни эртароқ тарк этди.

«Ливерпул» феврал ойида бундан олдинги икки ўйинида ҳам қийинчиликка учраганди, жамоа аввалига «Эвертон»га қарши қолдирилган учрашувнинг қўшимча дақиқаларида гол ўтказиб юбориб, қимматли очколардан қуруқ қолганди (2:2), бир неча кун ўтиб «Вулверҳэмптон» билан ўйиндаги ғалабали ҳисоб (2:1) қийинчилик билан ушлаб қолинганди –  мерсисайдликлар ўша ўйиннинг иккинчи бўлимида бирорта зарба бера олмади. Слот шогирдларини навбатдаги турда 23 феврал куни «Этиҳад»да «Манчестер Сити»га қарши яна бир қийин ўйин кутмоқда, 27 феврал куни эса «Энфилд»да «Нюкасл» меҳмон бўлади.

Мавзуга оид