Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сити» муҳим ўйинда ютқазди, «Барселона»да фожиа. Кун ўйинлари
«Ливерпул» чемпионлик сари яна бир қадам ташлади, Милан жамоалари «эгизак» камбэклар қайд этишди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images
Англия: Салоҳ АПЛнинг абадий рекорди сари кетмоқда
«Ноттингҳем Форест» – «Манчестер Сити» – 1:0
Гол: Ҳадсон-Одои, 83.
«Ноттингҳем Форест»: Зелс, Айна, Миленкович, Мурило, Уилямс, Домингес (Йейтс, 69), Андерсон, Эланга (Сангаре, 80), Гиббс-Вайт, Ҳадсон-Одои (Морато, 87), Вуд (Авонийи, 87)
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Нунес (Люис, 61), Ҳусанов, Диаш, Гвардиол, Гонсалес (Ковачич, 62), Силва, Савино (Мармуш, 69), Фоден (Де Брюйне, 69), Доку, Ҳоланд.
Куннинг биринчи ўйини сценарийсини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди, «Манчестер Сити»га қарши Нуну Эшпириту Санту уйда ҳам иккинчи рақам остида ўйнаши ва қарши ҳужумларга таяниши тушунарли эди. Жорий мавсум «ўрмончилар» кичик имкониятдан ҳам фойдаланиб кетишини кўп марта кўрсатди. Жамоа сабр қилишни билади ва ўз лаҳзасини узоқ вақт кута олади. Буни бутун АПЛ билади, аммо амалда ҳеч кимда «Ноттингҳэм» моделига қарши рецептлар йўқ. Турнир жадвали пешқадами «Ливерпул» биринчи даврада ўз майдонида ютқазган (0:1), иккинчи даврада сафар ўйинида ҳам гол уролмаганди (0:0).
Бу жамоага қарши имкон қадар биринчи бўлиб гол уриш керак бўлади. Биринчи даврада «Арсенал» ва «Сити» ўз майдонидаги ўйинларда буни уддалаган ва якунда йирик ҳисобда ғалаба қозонганди (3:0). Аммо иккинчи даврада «Ноттингҳэм» «Арсенал» ҳисобни очишига йўл қўймади (0:0), амалдаги чемпионлар ҳам тезкор гол ура олмагач, ўйинни аста-секинлик билан ўзига мослаштирди. Иккинчи бўлимда мезбонлар фаоллашганида эса бир хавфли вазиятни Эдерсон бартараф этди. Ерлатиб йўлланган зарбадан кейин бразилиялик посбон ажойиб сейв ижро этиб, тўпни устун томон йўналтирди, аммо кўп ўтмай яқин бурчагидан гол ўтказиб юборди.
Бу голда биргина дарвозабонни айблаб бўлмайди, бу қарши ҳужум Мармуш ўнг қанотда тўпни Айнага олдириши ва кейин чап қанот ҳимоясига жавобгар футболчилар Гиббс-Уайтнинг диагонал узатмасига тайёр бўлмагани туфайли ҳам рўй берди.
Ҳадсон-Одоининг зарбаси тўп Гвардиолнинг оёқлари орасидан ўтиб келгани ҳам дарвозабонга қийинчилик туғдирди, қолаверса, зарба яқин масофадан йўлланганди. Бу ғалаба эвазига «Ноттингҳем» «Сити» билан орадаги фарқни тўрт очкога етказиб, учинчи ўринни ўзида сақлаб қолди. Якшанба кунги ўйинлар натижаларига кўра «Сити» кучли тўртликдаги ўрнини «Челси»га олдириб қўйиши ҳам мумкин.
«Сити» сафида бу сафар ҳам Абдуқодир Ҳусанов кучли ўйин намойиш этди ва бир неча бор жамоасини голли вазиятлардан қутқариб, якунда энг яхши балл олган икки футболчидан бири бўлди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Хосеп Гвардиола ҳам ўзбекистонлик ҳимоячининг ҳаракатларини юқори баҳолаб, «унинг ўйинларидан бахтиёр экани»ни айтди.
«Ливерпул» – «Саутҳемптон» 3:1
Голлар: Нунес, 52, Салоҳ, 53 (пен), 88 (пен) – Смоллбоун, 45+1
«Ливерпул»: Беккер, Александер-Арнолд (Кванса, 90), Конате, ван Дейк, Цимикас (Робертсон, 46), Собослаи (Эллиотт, 46), Гравенберҳ (Эндо, 81), Жонс (Мак Аллистер, 46), Салоҳ, Нунєс (Жота, 68), Диас.
«Саутҳемптон»: Рамсдейл, Уокер-Петерс, Гарвуд-Беллис, Беднарек (Белла-Кочап, 18), Меннинг (Онуачу, 85), Угочукву (Арибо, 84), Смоллбоун (Лаллана, 71), Фернандеш, Диблинг (Арчер, 64), Гренбек Ерлюкке (Сугавара, 64), Сулемана.
Турнирнинг биринчи ва охирги жамоалари тўқнаш келган «Энфилд»да барчаси кутилганидек якунланди. Ҳолбуки «Саутҳемптон» биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳисобни очиб, танаффусга ғолиб ҳолда йўл олганди. «Ливерпул» эса иккинчи бўлимда Нунеснинг саъй-ҳаракатлари билан барчасини ўз ўрнига қайтарди.

Ҳафта ўртасида «ПСЖ»га қарши ўйиндаги ғалабага катта ҳисса қўшган уругвайлик ҳужумчи бу сафар дастлаб ҳисобни тенглаштирувчи голни урди, бир неча ўтиб эса Салоҳга пеналти ишлаб берди. Ўйин охирларига бориб меҳмонлар ҳимоячиси жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнаганидан кейин эса мисрлик ҳужумчи иккинчи бор нуқтадан аниқ зарба берди. Энди у жорий мавсумдаги голли очколари сонини 44 тага етказди (27 гол ва 17 ассист). Бу АПЛ тарихидаги 38 турдан иборат турнирлардаги энг яхши натижадир (бунгача Анри ва Ҳоланд ҳам шунча очко тўплаганди). 1995 йилгача эса лигада 22 та жамоа (42 та ўйин) иштирок этганида, Энди Коул (1992/93) ва Алан Ширер (1994/95) 47 тадан очко ишлашга муваффақ бўлган. Аммо уларнинг рекорди ҳам янгиланишига кўп вақт қолмади.
Дарвин бу ўйинда қизил карточка олиши ҳам мумкин эди, гап у майдон марказида рақибига етиб олиб, уни йиқитган эпизод ҳақида кетмоқда. Аммо ҳакам уни аяди, мерсисайдликлар мураббийлар штаби эса уни дарҳол Жотага алмаштирди. У майдонда қоладиган бўлса, бир ҳафтадан кейин бўлиб ўтадиган Лига кубоги финалида қатнаша олмаслиги хавфи юзага келганди.
Бу ғалабадан кейин «Ливерпул» очколари сонини 70 тага етказиб, чемпионлик сари навбатдаги қадамини ташлади ва асосий эътиборни сешанба куни «ПСЖ»га қарши кечадиган учрашувга қаратиши мумкин.
Испания: «Барса»нинг ўйини қолдирилди
Ла Лига пешқадами «Барселона» Испания чемпионатининг 27-турида «Осасуна»ни қабул қилиши керак эди, бироқ ўйин стартига тахминан ярим соат қолганида фожиа туфайли қолдирилди. Бундай қарорга Каталония клуби кийим алмаштириш хонасига яқин кишилардан бирининг ўлими сабаб бўлган.
Бу вақтда «Барселона» футболчилари стадионга етиб келишган ва ҳатто чигалёзди машғулотларига тайёргарлик кўриш учун майсазорга ҳам чиқишганди. «Осасуна» дарвозабонлари эса ҳатто чигалёзди машқларини бажаришга ҳам улгуришганди, бироқ шу паллада улардан майдонни тарк этиш сўралди. Кўп ўтмай ўйин катта эҳтимол билан бекор қилиниши маълум бўлди ва La Cadena SER радиостанцияси ташаббус кўк-анорранглилар футболчиларидан чиққанини хабар қилди.
Тезда бунинг сабаблари ошкор бўлди: футболчилар жамоанинг тиббий штаби аъзоси Карлес Минярро Гарсиянинг ўлими туфайли майдонга тушишга тайёр эмасди. Боз устига, бу янгиликни уларга кийим алмаштириш хонасига тушган президент Жоан Лапорта маълум қилган. Ўйин чиндан ҳам бекор қилинди ва футболчилар стадионни тарк эта бошлади. Трибуналардаги мухлисларга Минярро Гарсиянинг ўлими туфайли учрашув ўтказилмаслиги маълум қилинди. Тез орада расмий баёнотлар ҳам пайдо бўлди.
«Ла Лига «Барселона» асосий жамоаси шифокори Карлес Минярро вафотидан афсусда ва шу сабабли ўйин қолдирилаётганини маълум қилади. Ла Лига оила аъзолари, дўстлари, клуб, мухлисларга самимий ҳамдардлигини изҳор этиб, уларнинг қайғусига шериклигини билдиради. Кўчирилган ўйин вақти ва санаси яқин кунларда эълон қилинади», — дейилади ла лига хабарида.
Mundo Deportivo хабарига кўра, шифокор атиги 40 ёшда эди: у жорий мавсумда асосий жамоа тиббий штабига қўшилган, бунгача эса «Барселона» мини-футбол жамоасида ишлаган. У каталонияликлар тизимида 2017 йилдан буён меҳнат қилиб келаётганди. Ўлим сабаблари ҳозирча номаълум.
Катта эҳтимол билан бу кўчириш туфайли «Барселона» вақтинчага ла лигада биринчи ўриндан маҳрум бўлади. Ҳозирда Ҳанси Флик жамоаси «Атлетико»дан 1 очко, «Реал» эса 3 очкога олдинда бормоқда. Мадрид клублари ўз ўйинларини якшанба куни ўтказади. Энди «кўк-анорранглилар» 11 март куни Чемпионлар Лигаси 1/8 финалида «Бенфика»га қарши жавоб учрашувида майдонга тушади — биринчи ўйинда каталонияликлар минимал ҳисобда ғалаба қозонганди (1:0).
Италия: фаворитлар учун асаббузарлик
«Лечче» – «Милан» 2:3
Голлар: Крстович, 7, 59 – Галло (автогол), 68 Пулишич, 72 (пен), 81.
«Лечче»: Фалконе, Гилбер, Баскиротто, Жан, Галло, Кулибали (Банда, 83), Ҳелгасон (Вейга, 74), Перотти (Рамадани, 74), Бериша (Перре, 56), Моренте (Ребич, 83), Крст.
«Милан»: Спортелло, Уокер (Фофана, 75), Габбия, Тиав, Эрнандес, Бондо (Фелиш, 62), Муса (Соттил, 75), Хименес (Абраҳам, 62) (Леау, 46), Рейндерс (Пулишич, 46).
«Милан» жорий мавсумда инқироз кўчасидан чиқа олмаяпти. Россонерилардаги ҳолатни «Лечче»га қарши ўйин ҳам кўрсатиб берди. Ўйиннинг бир соати ортда қолаётганида фаворитлар хавфли зонага яқин жойлашган аутсайдер жамоадан икки тўп фарқи билан ортда қолаётганди. Крстович икки аниқ зарбаси билан миланликларга қарши ўйинда дубл қайд этди, бундай кўрсаткични «Лечче» футболчилари 2000 йил январидан бери уддалай олишмаган эди.
Шу билан бирга, меҳмонлар таркибидаги айрим футболчилар аҳмоқона хатоларга йўл қўйган бўлса-да, умуман олганда, жамоа умидсиз ҳолатда эмасди. Ўйиннинг дастлабки ўн беш дақиқасида офсайд туфайли Сантяго Ҳименес ва Габбиянинг голлари бекор қилинганди. Меҳмонларнинг кўплаб зарбаларини дарвозабон бартараф этди, иккинчи бўлимда эса ҳисоб 0:2 бўлиб турганида Ҳименеснинг зарбаси голга айланишига устун халақит берди. Аммо Сержиу Консейсау ўзгаришлар билан ўйинда бурилиш ясай олди. Жоау Феликснинг зарбаси муваффақиятсиз чиққан бўлса-да, тўп «Лечче» ҳимоячисига тегиб, дарвозага кириб кетди. Рафаэл Леау эса том маънода рақиб мудофаасини ёриб ўтди. Португалиялик футболчи биринчи голда ҳам асосий ишни бажарганди, кейин эса Пулишич пеналти ишлаб, ўзи ҳисобни тенглаштирган ҳужумда ҳам муҳим рол ўйнади, ниҳоят америкалик жамоадошининг иккинчи голига пас берди.
«Интер» – «Монца» – 3:2
Голлар: Арнаутович 45, Чалхонўғли 64, Кирякопулос 77 (автогол) – Биринделли 32, Кейта Балде 44
«Интер»: Жозеп Мартинес, Ачерби, де Врей (Карлос Аугусто, 46), Павар (Биссек, 46), Бастони, Мхитарян, Чалхонўғли, Барелла, Думфрис, Арнаутович, Мартинес
«Монца»: Турати, Дамброзио, Иццо, Педру Перейра, Кирякопулос, Дзероли, Бянко, Кастровилли (Лекович, 67), Биринделли, Мота (Ганвула, 66), Кейта Балде.
Шу куни «Интер» ҳам ўз ўйинида икки тўп фарқи билан ортда борди. Лекин миланликлар аутсайдерга қарши ўйинда биринчи бўлимда ҳам сезиларли устунликка эга эди. Ҳисоб 0:1 бўлиб турганида Лаутаро Мартинеснинг голи бекор қилинди. Аммо нерадзурриларнинг собиқ футболчиси Кейта Балде «Монца»нинг устунлигини, мезбонлар танаффусгача ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди. 45-дақиқада Арнаутович Думфрис жарима майдонига ташлаб берган тўпни дарвоза тўрига жойлади. Иккинчи бўлимда эса Ҳоқон Чалхонўғли жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан мувозанатни тиклади.
Бироқ мезбонларда муваффақиятсизлик давом этди, Симоне Индзаги босимни ошириш учун туширган Зелински бир неча дақиқадан сўнг жароҳат олди. Мураббийнинг бахтига «Интер»да яна бир ўзгартириш имконияти қолганди ва жамоалар тенг таркибда ўйинни давом эттирди. «Монца»ни таслим этишда яна бир жокер - Карлос Аугусто ёрдам берди. Унинг узатмасидан кейин Лаутаро зарба берди, тўп рақиб футболчиси орқали дарвозага бориб тушди. «Монца» тобора қуйи лигага тушиб кетишга яқинлашмоқда, амалдаги чемпионлар эса тўрт очколик устунлик билан пешқадамлик қилмоқда, якшанба куни «Наполи» «Фиорентина»га қарши ўйинда жавоб юришини амалга оширади.
Германия: ЕЧЛ ҳафтасидаги мағлубиятлар
Бундеслигада «Бавария», «Боруссия» Дортмунд ва «Байер» бир тур доирасида мағлубиятга учради. Бундай ҳолат охирги марта 2006/07 йиллар мавсуми 20-тури доирасида кузатилганди. Лекин бу сафаргисининг яна бир жиҳати бор - учала жамоа ҳам ўз майдонида ютқазди. 18 йил олдин икки жамоа сафарда мағлуб бўлганди. Учала жамоа ҳам Чемпионлар лигаси 1/8 финали ўйинлари оралиғидаги турни қурбон қилиб, аралаш таркибни туширганди.
«Бавария» - «Боҳум» 2:3
Голлар: Геррейра, 14, 28 – Медич, 31, Сиссоко, 51, Беро, 71.
«Бавария»: Урбиг, Бои (Олисе, 63), Дайер, Ито (Киммиҳ, 76), Станишич, Палиня, Геррейру, Сане (Лаймер, 63), Горецка, Гнабри (Мусиала, 63), Мюллер (Кейн, 62).
«Боҳум»: Хорн, Эрман, Медич, Бернардо, Пасслак (Гамбоа, 82), Сиссоко, Виттек (Машович, 88), Беро (Лосила, 87), Краусс, Хофманн, Масурас (Брошинские, 73).
Четлатиш: Палиня, 43.
Биринчи рақамли сенсация — шубҳасиз, «Бавария»нинг мағлубияти. Ҳа, Венсан Компани оптимал таркибдан анча узоқ таркибни туширди, лекин натижага мюнхенликлар иккинчи бўлимни тўлиғича бир киши кам бўлиб ўтказишгани ҳам таъсир кўрсатди, танаффус арафасида Жоау Палиня қизил карточка олиб майдонни эрта тарк этганди. Аммо, биринчидан, ўйин Мюнхенда бўлиб ўтди, рақиб эса хавфли зонага яқин жойлашган аутсайдер эди. Иккинчидан, «Бавария» тезкор голлар эвазига 2:0 ҳисобида олдинда бораётганди ва Рафаэл Геррейрунинг икки голи оралиғида Гнабри пеналтидан гол ура олмаганди. ЕЧЛ ўйинида Нойер жароҳат олгач, дарвозани қўриқлаётган 21 ёшли Урбиг эса учта гол ўтказиб юборди.
«Байер» – «Вердер» 0:2
Голлар: Шмид, 7, Нжинма, 90+4.
«Байер»: Градецкий, Та (Мукиэле, 46), Эрмосо, Артур (Фримпонг, 65), Гарсия, Жака (Паласиос, 46), Телла, Адли, Буэндиа (Вирц, 46), Шик.
«Вердер»: Цеттерер, Пипер, Велкович, Юнг, Вайзер, Линен (Биттенкурт, 78), Агу, Стаге, Шмид (Топп, 90), Бюрке (Нжинма, 69), Силва (Грюл, 78).
«Боруссия» Дортмунд – «Аугсбург» 0:1
Гол: Гауэлеу, 23.
«Боруссия» Дортмунд: Кобел, Коуту (Рерсон, 63), Жан, Шлоттербек, Бенсебаини (Байер, 63), Ўзжан, Гросс (Забитцер, 75), Адейеми (Антон, 90), Брандт, Байно-Гиттенс, Гирасси.
«Аугсбург»: Дамен, Матсима, Гауэлеу, Цезигер, Волф (Банкс, 82), Режбечай (Якич, 58), Онека, Яннулис, Йенсен (Комур, 74), Клод-Морис (Майер, 74), Тиц (Эссенде, 5).
Ҳафта ўртасида Мюнхенда 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, ЕЧЛнинг кейинги босқичига чиқишдан умид узган «Байер» ҳам ҳайрон қолдирди. Амалдаги чемпионлар Леверкузендаги август ойидан буён илк бор ютқазди (ўшанда «Лейпциг»га қарши ўйинда 2:3 ҳисобида якунланган). «Боруссия»нинг «Аугсбург»га қарши ўйиндаги мағлубияти эса дортмундликларнинг беқарор натижалари туфайли унчалик ҳайратланарли эмас. Нико Ковач жамоаси учун ҳозирги мақсад - ўнинчи ўриндан еврокубокларга йўлланма берадиган ўринларга етиб олиш бўлади. Сўнгги мавсумларда ЕЧЛда ўзини кўрсатган жамоа кейинги мавсумда кўпи билан иккинчи даражали еврокубокларда қатнашиши мумкин. Учинчи ўринни эса бу турда Менҳенгладбаҳда ғалаба қозониб (3:1), ўз тарихида илк бор бундеслигада 44 очко жамғарган «Майнц» эгаллаб турибди. Ва бу натижа — мавсум финишига тўққиз тур қолганида қайд этилди.
Тавсия этамиз
Германияга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланди
Жамият | 15:33 / 23.07.2025
Ўзбекистонда iPhone нархлари қимматлашди. Нега?
Иқтисодиёт | 21:38 / 22.07.2025
Тошкентда беморга шилқимлик қилган шифокор 5 суткага қамалди
Жамият | 15:28 / 22.07.2025
Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган оздирувчи қаҳвалар савдосига чек қўйилди
Жамият | 09:27 / 22.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистон фуқаролари Туркиянинг Мерсин вилоятида ишга жойлаштирилади
Жамият | 08:20
-
Путин ташкилотларни «экстремистик» деб тан олишни соддалаштирди
Жаҳон | 08:01
-
Писториус АҚШдан Patriot'ни алмаштириш бўйича мажбурият кутмоқда
Жаҳон | 07:40
-
Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш тартиби ишлаб чиқилди
Ўзбекистон | 07:37
Мавзуга оид

23:49 / 16.07.2025
«Барселона» дунёнинг энг қашшоқ давлатидан 44 миллион евро олади

02:13 / 14.07.2025
«Челси» финалда даҳшатли «ПСЖ»ни йирик ҳисобда енгди

08:07 / 10.07.2025
«ПСЖ» «Реал»га ҳам ҳеч қандай имкон қолдирмади

11:31 / 06.07.2025