Жаҳон | 18:03 / 19.02.2025
6862
2 дақиқада ўқилади

Залужний Украина бош қўмондони сифатида энг катта хатосини айтди

Генерал сўзларига кўра, у ўз режаларини Россия армияси оғир йўқотишлар туфайли тўхташга мажбур бўлишини кутишга асослаган.

Фото: AP

Украина қўмондонлиги Кремлнинг Украинани йўқ қилиш учун йўқотишларга тайёрлигини етарлича баҳоламади. Бу ҳақда Украина Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони, ҳозир Украинанинг Лондондаги элчиси Валерий Залужний айтиб ўтди.

Генерал сўзларига кўра, у ўз режаларини Россия армияси оғир йўқотишлар туфайли тўхташга мажбур бўлишини кутишга асослаган. Бироқ, бу баҳолаш нотўғри бўлиб чиққан.

«Бу мутлақо менинг хатом эди. Бугун биз Россия учун инсон ресурслари энг арзон эканини кўриб турибмиз. Россия, албатта, инсоний йўқотишларни ҳисобга олмайди ва энг оғир йўқотишлар орқали бўлса-да ўз мақсадига эришишга тайёр. Буни ҳисобга олиш керак», деди Залужний.

Шу билан бирга, у россияликларга максимал зарар бериш Украина мудофаа кучлари учун ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолаётганига ишонч билдирди.

Бундан ташқари, Залужний урушдан кейинги президентлик сайловида қатнашиш имкониятига баҳо берди.

«Баъзи шартлар келиб қолса, мен давлат хизматида, бевосита давлат ишида ишлаётган инсон сифатида бу каби саволларга жавоб беришга тайёр бўламан, деб ўйлайман. Бизда битта вазифа турибди: мустаҳкам туриш ва давлатимизни сақлаб қолиш ва шундан кейингина бошқа нарса ҳақида ўйлаш мумкин бўлади», деди у.

Мавзуга оид