Жаҳон | 10:20 / 08.02.2025
2793
3 дақиқада ўқилади

RSF тожик журналистларига чиқарилган ҳукмни танқид қилди

Ўтган бир ой ичида Тожикистонда икки ОАВ ходими саккиз ва ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд жараёнлари ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

Фото: Nyein Chan Naing/dpa/picture alliance

«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) инсон ҳуқуқлари ташкилоти яқинда юз берган «тожик оммавий ахборот воситалари ходимларига зарбалар» тафсилотлари ҳақида хабар берди. «5 феврал куни мустақил журналист Рухшона Ҳакимова давлатга хиёнатда айбланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтди», — дейилади RSF 7 феврал, жума куни берган баёнотида. Ташкилотнинг аниқлик киритишича, ҳукмга 31 ёшли журналист Хитойнинг Тожикистондаги таъсири бўйича олиб борган тадқиқоти сабаб бўлган. Тожикистон расмийлари томонидан айбланган Ҳакимова «юқори мартабали мухолифатчи сиёсатчининг жияни» бўлиб, у яқинда «тўнтаришга уриниш»да айбланиб, 18 йилга қамалган эди.

RSF Рухшона Ҳакимова ва бошқа барча қамоқдаги ОАВ ходимларини озод қилишни талаб қилди. Ташкилотнинг қайд этишича, журналистга нисбатан тергов 2024 йил июлида бошланганидан сўнг расмийлар унинг мамлакатдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик учун паспортини бекор қилган. Ҳакимова аввал Тожикистондаги Журналистика тадқиқот маркази каби мустақил оммавий ахборот воситаларида ишлаган.

Ҳафталик бош муҳарририга 10 йил қамоқ жазоси

«Чегара билмас мухбирлар» Тожикистондаги яна бир воқеани эслатиб ўтди: «Журналист Аҳмад Иброҳим бундан бир ой олдин коррупция, товламачилик ва экстремизмда айбланиб, ўн йилга қамалган эди». 63 ёшли Payk мустақил ҳафталиги бош муҳаррири устидан суд ва ҳукм ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Мамлакат жануби-ғарбидаги ягона мустақил ОАВ «маҳаллий ҳуқуқбузарликлар ва расмийларнинг ҳаракатсизлиги тўғрисида» маълум қилди, деб ёзади RSF.

Иброҳим 2024 йилнинг августида Тожикистон ички разведка хизмати ходимига пора берганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходими нашрни давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини узайтириш учун кейинчалик пора сифатида кўрсатилган 250 доллар эквивалентидаги пулни талаб қилган. Журналистнинг расмийларга эътирози жавобсиз қолди — шунга қарамай, суд томонидан чақирилган бирорта ҳам гувоҳ унга қўйилган айбларни тасдиқламади. 

Мавзуга оид