Жамият | 13:26 / 25.02.2025
2436
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган 48 килограммдан ортиқ наркотик мусодара қилинди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 48 кгдан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Денов туманида истиқомат қилувчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Тожикистондан мамлакатга айланма йўллар орқали наркотик моддаларни олиб келиб, сотиш билан шуғулланаётгани ҳолати аниқланиб, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилди.

Натижада хонадон ертўласидан 576 гр “героин”, 2 кг 447 гр “опий” ва 1 кг 913 гр “гашиш” моддалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. 

Шунингдек, унинг муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган отасидан 9 кг 62 гр “гашиш” моддаси ҳамда келиб чиқиши ноаниқ бўлган 137 минг 460 АҚШ доллари ва 569 млн 832 минг сўм олинди.

Бундан ташқари, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган акаси ва Узун туманида истиқомат қилувчи жиноий шериги ҳам қўлга олиниб, жиноий шеригининг уйидан ҳам келиб чиқиши ноаниқ бўлган 159 минг 400 АҚШ доллари олинди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида Янгиқўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Янгиқўрғон-Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган автобус тўхтатилиб, кўздан кечирилди. 

Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган, мазкур туманда яшовчи 2 нафар фуқарога тегишли сумкаларда жами 19 кг 915 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. 

Терговга қадар текширув давомида, улар гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиш мақсадида Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келгани маълум бўлди.

Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда эса Марҳамат туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг мазкур туман ҳудудидан ўтувчи қисмига келиб, аввалроқ Қирғизистон фуқароси томонидан контрабанда йўли билан ўтказиб берилган 4 кг 931 гр “опий” ва 9 кг 949 гр “гашиш” моддаларини олиб, қайтаётган вақтида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид