Сурия ҳукумати Россия ҳарбий базаларини сақлаб қолиш шартларини айтди
Мудофаа вазирига кўра, Башар Асад режими қулаганидан кейин Россиянинг янги ҳукуматга нисбатан муносабати «сезиларли даражада яхшиланган». Агар РФнинг мамлакатдаги ҳарбий базалари Сурия манфаатларига жавоб берса, улар сақлаб қолиниши мумкин.

Фото: AFP/Getty Images
Сурия мудофаа вазири Мурҳеф Абу Қасра мамлакатнинг янги ҳукумати Россия ҳарбий базаларини агар улар Сурия манфаатларига жавоб берса, сақлаб қолишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда вазир The Washington Post’га берган интервюсида таъкидлади.
«Агар биз бундан Сурия учун фойда кўрсак, унда ҳа», — деган Қасра Россия базаларини сақлаб қолиш тўғрисидаги саволга жавобан.
Вазирнинг сўзларига кўра, 2024 йил декабр ойида Сурия президенти Башар Асад режими қулаганидан кейин Россиянинг янги ҳукуматга нисбатан муносабати «сезиларли даражада яхшиланган». «Сиёсатда доимий душманлар йўқ», — дейди Абу Қасра.
The Washington Post’нинг қайд этишича, Россия Суриянинг янги ҳукуматига «улар жуда қаттиқ хоҳлаётган нарса» — Башар Асадни топшириши мумкин. Мудофаа вазири Сурия ҳукумати Москва билан музокараларда Асаднинг топширилишини сўраган ёки сўрамаганини тасдиқламаган. Шу билан бирга, музокараларда Асадни жавобгарликка тортиш масаласи муҳокама қилинганини билдирган.
«Башар Асад Россияга кетишга қарор қилганида, у бизни РФ ҳукумати билан келиша олмайди деб ўйлаган. Эҳтимол, Россия билан муносабатлар шу тарзда қайта тикланар, у биринчи навбатда Сурия манфаатларига жавоб бериши керак, кейин эса уларнинг», — дейди вазир.
Мурҳеф Абу Қасранинг қўшимча қилишича, Сурия ҳукумати мамлакатдаги АҚШ ва Туркия ҳарбий базаларининг мақоми тўғрисида музокаралар олиб бормоқда. Унинг сўзларига кўра, Анқара билан янги келишув мамлакатдаги турк қўшинларини қисқартириш ёки «қайта тақсимлаш»ни талаб этиши мумкин. АҚШнинг Сурия шимоли-шарқидаги иштироки «муҳокама жараёнида турибди».
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг расмий делегацияси 28 январда Сурияга борганди. Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва Россия президентининг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентев Дамашқда музокаралар ўтказган. Бу Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Россия расмийларининг илк расмий ташрифидир.
Мавзуга оид

14:23 / 13.03.2025
SOHR: Минглаб алавийлар зўравонликлар туфайли Хмеймим базасига қочиб кирди

21:40 / 11.03.2025
Сурия ҳукумати алавийлар исёнини бостирди

10:07 / 11.03.2025
Суриянинг янги ҳукумати курдлар билан келишув имзолади

17:50 / 10.03.2025