Сурияда алавийлар қирғини: аш-Шаръа айбдорларни жазолашга ваъда бермоқда
Сурия етакчиси Аҳмад аш-Шаръа тинч аҳолига зарар етказганларни жазолашга ваъда берди. Унинг бу баёноти Сурия хавфсизлик кучлари этник озчиликни ташкил этувчи алавийларга мансуб юзлаб кишиларни ўлдиришда айбланганидан кейин янгради.

EPA
Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш маркази (SOHR) жума ва шанба кунлари мамлакат ғарбида, Ўрта Ер денгизи соҳилида жойлашган шаҳарларда алавийларга қарши 30 га яқин ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 973 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Кузатувчилар қуролли тузилмалар аъзолари ҳам қўшиб ҳисобланганда, қурбонларнинг умумий сонини 1,3 минг кишига баҳолаган. Уларнинг маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлардан 231 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари, 250 нафари ағдарилган президент Башар Асадни қўллаб-қувватлаган жангарилар бўлган.
Сурия давлат телевидениесида чиқиш қилган Аш-Шаръа Асадга содиқ бўлган кучларни топиш ва зарарсизлантиришга ҳам ваъда берди.
«Бугун биз бу оғир лаҳзаларни бошдан кечираётганимизда, олдимизда янги хавф пайдо бўлди - собиқ тузумдан қолган одамлар ва уларнинг чет эллик тарафдорлари янги низони қўзғатишга ва мамлакатимизни фуқаролар урушига тортишга уринмоқда, – деди аш-Шаръа. – Уларнинг мақсади – бизни парчалаб, бирлигимиз ва барқарорлигимизни йўқ қилишдир».
«Биз тинч аҳоли ўртасида қон тўкилишига ёки халқимизга зарар етказишга алоқадор бўлганларнинг барчасини қатъият билан ва ҳеч қандай раҳм қилмасдан жавобгарликка тортишимизни тасдиқлаймиз. Улар давлат берган ваколатидан четга чиққан ёки ҳокимиятдан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланган кишилар», – деди Сурия раҳбари.
Аввалроқ аш-Шаръа «тинч аҳолига қарши қонунбузарликларни текшириш ва улар учун жавобгарларни топиш» билан шуғулланадиган «мустақил қўмита» ташкил этилишини эълон қилганди.
Алавийлар яшовчи ҳудудларда нималар бўлмоқда?
Хабарларга кўра, алавийлар яшовчи туманларда юзлаб кишилар ўз уйларини тарк этган.
Шиа мазҳаби тармоғи ҳисобланган алавийлар диний оқими вакиллари Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этади. Сурия аҳолисининг аксарияти сунний мусулмонлардир.
Ўтган ҳафта пайшанба куни Суриянинг янги ҳукумати билан алоқадор бўлган Syria TV телеканали мамлакат хавфсизлик кучларининг камида 13 нафар ходими ағдарилган Башар Асад режимига алоқадор қуролли шахслар билан тўқнашувларда ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.
Тўқнашувлар Латақия яқинидаги Жабла шаҳри ҳудудида, Асадлар оиласи мансуб бўлган алавий жамоасининг юраги ҳисобланган соҳил зонасида бошланди.
SOHR маълумотларига кўра, икки кун ичида мингдан ортиқ одам ўлдирилган, бу 2024 йил декабр ойида исёнчилар Асад режимини ағдарганидан бери Суриядаги энг оммавий ва шафқатсиз зўравонлик кўрсатилиши бўлди.
Қурбонлар орасида янги ҳукумат қўшинларининг ўнлаб жангчилари ва Асадга содиқ бўлган қуролланган одамлар ҳам бор, улар пайшанба кунидан бери соҳилдаги Латақия ва Тартус вилоятларидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмоқда.
SOHR ҳисоботига кўра, зўравонлик тўлқини натижасида янги ҳукумат хавфсизлик кучларининг 125 га яқин аъзоси ва Асад режимига содиқ 148 жангчи ҳалок бўлган.
Бир кун аввал Сурияда 340 нафар тинч аҳоли хавфсизлик кучлари қўлида ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Сурия мудофаа вазирлиги SANA агентлигига маълум қилишича, ҳукумат хавфсизлик хизмати ходимларига «маккорона ҳужумлар»дан кейин назоратни тиклаган.
Зўравонлик алавийлар жамоасини «даҳшатли ҳолат»га солиб қўйди, деди BBC мухбирига маҳаллий фаоллардан бири. Маълум қилинишича, юзлаб одамлар зўравонлик авж олган ҳудудларни тарк этган.
Reuters агентлиги маълумотларига кўра, одамлар Россиянинг Латақия областидаги Ҳмеймим ҳарбий базасига бошпана излаб борган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ўнлаб одамлар база атрофида «Одамлар Россия ҳимоясини истайди» дея ҳайқираётгани акс этган. Бундан ташқари, маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, ўнлаб оилалар қўшни Ливанга қочиб кетган.
БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен Суриянинг қирғоқбўйи ҳудудларида «тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақидаги хавотирли хабарлар»дан «чуқур ташвишда» эканини айтди. У барча томонларни мамлакатни «беқарорлаштириши» ва «ишончли ва инклюзив сиёсий ўтиш»ни хавф остига қўйиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
Сурия президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Аҳмад аш-Шаръа сўнгги воқеалар «кутилган муаммолар» доирасида эканини айтди, деб хабар бермоқда Reuters араб нашрларига таяниб. У Al-Arabiya телеканали намойиш этган видеода сурияликларни миллий бирдамликка чақирган. Аш-Шаръа масжидда нутқ сўзлаган.
SOHR раҳбари Рами Абдулраҳмон Суриянинг асосан алавийлар яшайдиган соҳилидаги Жабла, Банияс ва уларга туташ ҳудудлардаги қотилликлар мамлакатдаги 13 йилдан буён давом этаётган фуқаролар уруши давридаги энг шафқатсиз зўравонлик бўлди, деб ҳисоблайди. Умоннинг таъкидлашича, қурбонлар орасида алавий озчиликка мансуб бўлган аёллар ва болалар ҳам бор.
Янги ҳукумат «Асад лашкари қолдиқлари» деб атаган кучларга қарши амалиёт чоғидаги қоидабузарликларни тан олди. Ҳукуматдагилар зўравонликда тартибсиз ҳарбий ҳаракатларда расмий хавфсизлик кучларига ёрдам беришга уринган фуқаролар ва жангчиларнинг уюшмаган гуруҳларини айблаган.
Сурия мудофаа вазирлигидаги манба шанба куни давлат оммавий ахборот воситаларига зўравонликни тўхтатиш ва тинчликни тиклашга ёрдам бериш учун соҳил ҳудудига олиб борувчи барча йўллар ёпилгани, хавфсизлик кучлари эса соҳилбўйи шаҳарлари кўчаларига жойлаштирилганини маълум қилди.
Манба, шунингдек, қоидабузарликларни кузатиш учун тузилган фавқулодда қўмита ҳарбий қўмондонлик буйруқларига бўйсунмаган деб топилган ҳар қандай шахсни ҳарбий судга юборишини айтди.
Бир қишлоқда ўнлаб алавий эркаклар ўлдирилгани ҳақидаги хабарларни ўз ичига олган зўравонликнинг тахминий кўлами янги ҳукуматнинг Сурияни инклюзив тарзда бошқариш қобилиятини шубҳа остига қўяди, деб ёзади Reuters.
Шанба куни фейсбукнинг Суриядаги сегменти соҳилбўйи ҳудудидан бўлган одамларнинг фотосуратлари ва некрологлари билан тўлиб кетди, уларнинг оилалари ва дўстлари бу одамлар ўлдирилганини айтиб аза тутишмоқда.
Башар Асад ўтган йилнинг декабрида ҳокимиятдан ағдарилган эди.
Мавзуга оид

17:28 / 28.04.2025
Башар Асад отасининг жасади қолдиқлари ўғирлаб кетилди – ОАВ

20:28 / 24.04.2025
Британия Сурия вазирликлари ва разведка хизматларига нисбатан санкцияларни бекор қилди

20:54 / 23.04.2025
Россия Башар Асадни Сурияга топширишдан бош тортди

13:25 / 18.04.2025