Жаҳон | 14:23
2297
3 дақиқада ўқилади

SOHR: Минглаб алавийлар зўравонликлар туфайли Хмеймим базасига қочиб кирди

Хмеймим авиабазасига келган баъзи Сурия фуқаролари: «Россия, Россия!» дея ҳайқирган ва ўзларига халқаро ҳимоя берилишини талаб қилган.

Хмеймим базаси Фото: Ижтимоий тармоқлар

Сурия ғарбидаги зўравонликлар тўлқини фонида минглаб тинч алавийлар Россиянинг Хмеймимдаги авиабазасидан бошпана топди. Бу ҳақда 12 март, чоршанба куни қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари кенгаши (SOHR)га таяниб, AFP агентлиги хабар берди.

«Минглаб алавийлар Жабле шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлардаги қирғиндан қочиб, Хмеймим ҳарбий базаси ва унинг атрофидан бошпана топди», — дея кузатувчилар сўзларидан иқтибос келтиради агентлик. SOHR маълумотларига кўра, 6 мартдан бери Суриянинг янги ҳукумати Латакия, Тартус, Хама ва Ҳомс вилоятларида Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асад тарафдорлари деб ҳисоблаганларга қарши йирик қарши операция бошлаганидан то 12 мартга қадар 1383 нафар тинч аҳоли, асосан алавийлар ҳалок бўлган.

AFP агентлигининг SOHR'га таяниб хабар беришича, 7 мартдан бошлаб зўравонликлардан қочган одамлар Россиянинг Хмеймимдаги авиабазасидан бошпана излай бошлаган. Баъзи қочқинлар тоғларда паноҳ топишга ҳаракат қилишган.

11 март куни The New York Times сунъий йўлдошдан олинган суратларни ўрганиб чиқиб, тинч аҳоли Россиянинг Хмеймимдаги авиабазаси ва Латакия халқаро аэропорти ҳудудида қолаётганини тасдиқлади.

12 март куни AFP агентлигининг хабар беришича, Жабле шаҳри мэри Амжад Султон Россия ҳарбий базасига ташриф буюриб, у ерда қолаётган одамларни ўз уйларига қайтишга кўндирган. Султоннинг сўзларига кўра, Сурия хавфсизлик кучлари шаҳар устидан назорат ўрнатишга киришган.

AFP мухбири хабар беришича, Хмеймим авиабазасига келганларнинг баъзилари: «Россия, Россия!» дея ҳайқирган ва ўзларига халқаро ҳимоя берилишини талаб қилган.

Сурия ғарбида Асад тарафдорларига қарши кураш

Аввалроқ Сурия ғарбий қисмида, асосан алавийлар истиқомат қиладиган қирғоқ минтақасида, Сурия диктатори Асад мансуб бўлган жамоатларда жанглар ва оммавий судсиз қотилликлар юз бераётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Суриянинг қирғоқ бўйидаги Латакия ва Тартус вилоятлари шаҳарлари, қишлоқлари ва тоғларида «хавфсизликни тиклаш» бўйича тўрт кун давомида «Асад жангарилари ва уларни қўллаб-қувватлаётганларга қарши» операция давомида 1500 га яқин одам ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳолидир.

Сурия президенти вазифасини бажарувчи Аҳмад ал-Шаръа операция якунланишини изоҳлар экан, Асад тарафдорлари гуруҳларини ҳарбий ҳаракатлар ташаббускорлари деб атаган ва тинч аҳолига қарши репрессияларда айбдорларни жазолашга ваъда берган.

Мавзуга оид