Жаҳон | 11:36 / 05.02.2025
3965
2 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Кубандаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди

5 февралга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари учувчисиз учоқлари Азов денгизи соҳилидан 40 км узоқликда жойлашган «Албашнефт» нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Камида битта ёқилғи резервуари ёниб кетди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Украина учувчисиз учоқлари 5 феврал, чоршанбага ўтар кечаси Краснодар ўлкасининг Новоминская станицасидаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Бу ҳақда минтақа губернатори Вениамин Кондратев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. «УУА бўлаклари нефт маҳсулотларининг майда қолдиқлари бўлган резервуар устига тушди. Ёнғин бошланди», деб ёзади расмий ва «ёнғин назоратга олингани»ни таъкидлади.

Новоминская станицасида ягона нефтни қайта ишлаш заводи — «Албашнефт» ОАЖ жойлашган. У 2010 йилда очилган бўлиб, завод йилига 320 минг тоннагача нефт маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Нефтни қайта ишлаш заводида сиғими 9 дан 10,3 минг куб метргача бўлган саккизта резервуар мавжуд. 

Дронлар камида 230 км масофани босиб ўтган

Корхона Ростов-Дон шаҳридан 115 км жанубда ва Азов денгизи соҳилидан 40 км узоқликда жойлашган. У ердан Украина Қуролли кучлари назорати остидаги ҳудудгача бўлган масофа 230 кмдан ортиқ.

Astra Telegram-канали корхонадаги ёнғин тасвирини эълон қилди. Видеога кўра, камида битта ёқилғи резервуари бутунлай аланга ичида қолган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, Тошкент вақти билан соат 08:15 да ёнғин ҳали ўчирилмаган.

Мавзуга оид