Суяк емирилишини даволайдиган гел ишлаб чиқилди
Остеопорозни даволашда қўлланадиган анъанавий дорилар таъсири одатда бир йилдан сўнг сезила бошлайди. Янги восита эса атиги икки ҳафта ичида суяклар зичлигини оширади.

Фото: flowbone/EPFL LBO
Инсон организмида икки турдаги ҳужайралар ўртасида мувозанат бузилганда остеопороз ривожланади: суякларни шакллантирувчи остеобластлар ва уларни парчаловчи остеокластлар. Остеокластлар скелет тузилишини ўзгартириб, унинг мустаҳкамланишига ёрдам беради. Бироқ остеокластлар сони остеобластлардан ошиб кетганда, суяк тўқимаси йўқола бошлайди. Натижада суяклар мўртлашиб, заифлашади.
Ҳозирги кунда ушбу касалликни даволаш учун эски суяк тўқимасининг емирилишини секинлаштирадиган ёки янги суяк тўқимасининг шаклланишини тезлаштирадиган дори воситалари қўлланади. Аммо бундай дориларнинг таъсири фақат 12 ойдан сўнг намоён бўлиши мумкин. Бу даврда бемор жиддий жароҳатлар олиши хавфи бор. Шунингдек, дориларининг ножўя таъсирлари бўлиши ҳам мумкин, баъзи одамларга эса улар умуман таъсир қилмайди.
Муаммони ҳал қилиш учун Швейцариянинг EPFL университети олимлари махсус гидрогел яратди, деб хабар бермоқда New Atlas. Бу модда таркибида организмнинг бириктирувчи тўқимаси томонидан ишлаб чиқариладиган гиалурон кислотаси ҳамда суякларнинг асосий қурилиш материали ҳисобланадиган гидроксиапатит нанозаррачалари мавжуд.
Лаборатория синовларида гел суяк массасини йўқотаётган каламушларга юборилди. 2-4 ҳафта ичидаёқ инъекция қилинган жойлардаги суяк тўқимасининг зичлиги 2-3 баробар ошди. Яна бир гуруҳ каламушларда эса аввалига суяк тўқимаси ҳосил бўлишини рағбатлантирадиган стандарт гормонал муолажа ўтказилди. Сўнг уларга суякларнинг емирилишини секинлаштирадиган препарат билан аралаштирилган гидрогел юборилди. Натижада ушбу ҳайвонларда суяк тўқимасининг зичлиги 4,8 баробарга ошди.
Бундай ёндашувда гормонларнинг салбий таъсири сақланиб қолиши мумкин бўлса-да, муолажа эски даволаш усулига нисбатан анча қисқа муддатда самара беради. Гел назорат органлари томонидан тасдиқланса, олимлар уни одамларда синаб кўришни режалаштирмоқда.
Аввалроқ АҚШнинг Станфорд университети олимлари қоқшолга қарши эмлаш учун крем ишлаб чиқарганди. Вакцинанинг асосини инсон терисида учрайдиган бактерия ташкил этади. У сичқонларда синаб кўрилди.
Мавзуга оид

15:29 / 03.03.2025
Австралияда 2,4 млн чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолган донор вафот этди

15:11 / 27.02.2025
Олимлар 1-тур диабетни бутунлай даволаш йўлини топди

12:07 / 22.02.2025
Япониялик олимлар ҳидларни аниқлай оладиган дрон яратди

15:15 / 19.02.2025